Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

Яҳованинг ҳукмронлигини қўллаб-қувватланг!

Яҳованинг ҳукмронлигини қўллаб-қувватланг!

Ё Аллоҳимиз Яҳова, Сен шон-шараф ва куч-қудратни эгаллашга лойиқсан, чунки Сен бутун борлиқни яратдинг. ВАҲ. 4:11

ҚЎШИҚЛАР: 2, 49

1, 2. Ҳар биримиз нимага амин бўлишимиз лозим? (Очқич оятнинг юқорисидаги расмга қаранг.)

ОЛДИНГИ мақолада муҳокама қилганимиздек, Шайтон Иблис Яҳова одамзод устидан бошқаришга лойиқ эмас ва инсонлар ўзларини-ўзлари бошқаришса, ҳаётлари анча фаровон бўларди, деб таъкидлади. Шайтоннинг бундай даъвоси тўғрими? Келинг, ўзбошимча яшашни танлаган одамларнинг мангу яшашини тасаввур қилайлик. Бу инсонлар Худонинг раҳбарлигисиз фаровон ҳаёт кечира олишадими? Агар Худодан мутлақ мустақил равишда ва абадий яшаганингизда эди, ўзингизни бахтли ҳис қилармидингиз?

2 Ҳеч ким бу саволларга сизнинг ўрнингизга жавоб бермайди. Ҳар бир киши бу масала борасида атрофлича фикрлаб кўриши керак. Зеро шу орқали Худо чиндан ҳам ҳукмронлик қилишга лойиқ экани аён бўлади. Бу энг зўр ҳукмдорликдир ва у уни астойдил қўллаб-қувватлашимизга сазовордир. Муқаддас Китоб бунга ишониш учун асос тақдим этмоқда. Масалан, келинг, Муқаддас Ёзувларда Яҳованинг ҳукмронлиги қанчалик ҳаққоний экани тўғрисида нима дейилганини кўриб чиқайлик.

ЯҲОВА ҲУКМРОНЛИК ҚИЛИШГА ҲАҚЛИ

3. Нега Яҳова ягона ҳаққоний Ҳукмдордир?

3 Яҳова — коинотнинг ҳаққоний Сарваридир, ­чунки У ­қодир Тангри ва Яратувчидир. (1 Сол. 29:11; Ҳавор. 4:24) Ваҳийда тасвирланган Масиҳнинг осмондаги 144 000 ворисдоши қуйидагича айтмоқда: «Ё Аллоҳимиз Яҳова, Сен шон-шараф ва куч-қудратни эгаллашга лойиқсан, чунки Сен бутун борлиқни яратдинг ва ҳамма нарса Сенинг ироданг ила яратилган ва мавжуддир». (Ваҳ. 4:11) Ҳа, Яҳова барча нарсани яратгани учун, Унинг одамлар устидан бошқаришга тўлиқ ҳаққи бор.

4. Нега Худонинг ҳукмронлигига қарши туриш ирода эркинлигини суиистеъмол қилиш демакдир?

4 Шайтон ҳеч нарсани яратмаган. Демак, у коинот устидан ҳукмронлик қилишга даъвогар бўла олмайди. Яҳованинг ҳукмдорлигига қарши исён кўтариб, у ва илк жуфтлик ўзбошимча йўл тутишди. (Ерм. 10:23) Тўғри, ирода эркинлигига эга бўлган мавжудотлар сифатида улар Худодан мустақил яшашни танлашлари мумкин эди. Лекин бу уларга бундай қилишга ҳуқуқ бердими? Йўқ. Ирода эркинлигига эга бўлишгани учун одамлар ҳар куни кўплаб керакли танловлар қила олишади. Аммо бу уларга Яратувчисига ва ҳаётни ато этган Шахсга қарши исён кўтаришга ҳуқуқ бермайди. Аниқ-равшанки, Яҳовага қарши туриш — ирода эркинлигини суиистеъмол қилиш демакдир. Осий банда эканмиз, бизнинг жойимиз айнан Яҳованинг одил ҳукмронлиги остидадир.

5. Худонинг қарорлари адолатли эканига нега амин бўлишимиз мумкин?

5 Яҳова ҳаққоний Ҳукмдор эканининг бошқа бир сабаби бор. У Ўз ҳукмронлигини мукаммал адолат ила амалга оширади. Бу ҳақда Унинг Ўзи шундай демоқда: «Мен Эгангизман. Мен меҳр-шафқат кўрсатаман, ер юзида адолату ҳақиқат ила иш тутаман. Бундай қилишдан Мен завқланаман». (Ерм. 9:24) Яҳова одамлар учун нима тўғрию нима одил эканини аниқлашда асос бўлаётган қонунлар кодексидан фойдаланмайди, аксинча, У Ўзи нима тўғри эканини белгилайдиган меъёрларни ўрнатади. Яҳова мукаммал адолатига асосланиб, одамзодга ёзма қонунлар тақдим этди. Ахир Муқаддас Китобда бекорга: «Солиҳлик ва адолатдир тахтингнинг пойдевори»,— деб ёзилмаган. Демак, биз Унинг барча қонунлари, принциплари ва қарорлари одил эканига ишонсак бўлади. (Заб. 88:15; 118:128) Гарчанд Шайтон Яҳовани адолатсиз Ҳукмдор деб айблаётган бўлса-да, ўзи эса мудом адолат ҳукм сурадиган дунёни барпо эта олмаяпти.

6. Яҳова дунёни бошқаришга ҳақли эканининг сабабларидан бири қандай?

6 Боз устига, Яҳова коинотга ғамхўрлик қилиш учун керак бўлган билим ва доноликка эга бўлгани сабабли ҳам ҳаққоний Ҳукмдордир. Мисол учун, Худо Ўғлига шифокорлар даволай олмайдиган касалликларни тузатиш ­қобилиятини берди. (Мат. 4:23, 24; Марк 5:25–29) Яҳованинг нуқтаи назари билан қараганда, бу мўъжиза эмасди. Нега деганда, У инсон танасидаги жараёнларни тушунади ва унга етказилган ҳар қандай зарарни тузатишга қодир. Қолаверса, У ўликларни қайтадан ҳаётга қайтариб, табиий офатларни олдиндан бартараф эта олади.

7. Қайси маънода Яҳованинг донолиги Шайтоннинг таъсири остидаги дунёнинг донолигидан анча юқорироқдир?

7 Шайтоннинг таъсири остидаги дунё миллий ва халқаро можароларни ҳал қилиш йўлини излаяпти. Лекин дунёда тинчлик ўрнатиш учун керак бўлган доноликка фақатгина Яҳова эга. (Ишаё 2:3, 4; 54:13) Яҳованинг билими ва донолиги ҳақида ўрганганимиз сайин, биз ҳам ҳаворий Павлусга қўшилиб: «Оҳ, Худонинг бойлиги ҳамда донолигию билими қанчалик тубсиз-а! Унинг ҳукмларига ақл бовар қилмас, Унинг ҳамма йўлларини тушуниб бўлмас!» — деб айтамиз. (Рим. 11:33)

ЯҲОВАНИНГ ҲУКМДОРЛИГИ — ЭНГ ЗЎРДИР

8. Яҳованинг бошқаруви сизни нимаси билан таъсирлантиради?

8 Кўриб чиққанимиздек, Муқаддас Китобда Яҳованинг ҳукмронлик қилишга ҳаққи борлиги аниқ кўрсатилган. Шунингдек, Аллоҳнинг Каломида нега Унинг ҳукмронлиги бошқаларга қараганда юксакроқ экани ҳақида ҳам айтилган. Бунинг бир сабаби — Яҳова севги ила ҳукмронлик қилишидадир. Ҳеч шубҳасиз, У бошқарувни қандай амалга ошираётганидан таъсирланамиз. Зеро Яҳова Ўзи ҳақида: «Раҳмдил ва иноятли, жаҳли тез чиқмайдиган Худоман, содиқ севгим мўлдир»,— деб айтган эди. (Чиқ. 34:6) Аллоҳ Ўз хизматчиларига ҳурмат-эътибор кўрсатади. У бизга ўзимиздан ҳам яхшироқ ғамхўрлик қилади. Иблис Тангри Яҳова Ўз хизматчиларидан яхши нарсаларни яширишини таъкидлаганди, лекин бу ғирт ёлғон. Ахир Яҳова биз абадий яшашимиз учун ҳатто қадрли Ўғлини қурбон қилди. (Забур 83:12; Римликларга 8:32 ни ўқиб беринг.)

9. Яҳова ҳар бир алоҳида инсон учун ғамхўрлик қилишини қаердан биламиз?

9 Яҳова нафақат бутун халқининг фаровонлиги ҳақида ғамхўрлик қилади. У, шунингдек, ҳар бир алоҳида инсон учун ҳам қаттиқ қайғуради. Масалан, қадимдаги бир вазиятни олайлик. Тахминан 300 йил ичида Яҳова ҳакамлардан фойдаланиб, Исроил халқини йўналтирган ва уларга душман устидан ғалаба берган. Ҳатто шундай мушкул пайтда Яҳова исроиллик бўлмаган Рут исмли аёл катта қурбонликка бориб, ҳақ топиниш томонини эгаллаганини эътиборидан четда қолдирмаган. Яҳова Рутни яхши эр ва ўғил билан тақдирлаган. Лекин бу ҳали ҳаммаси эмас. Рут тирилганида, ўғли Масиҳга олиб борувчи насабноманинг бир қисми бўлганидан хабар топади. Бундан ташқари, ҳаёти Муқаддас Ёзувларда унинг исми билан аталувчи бир китобда баён этилганини билиб, Рут қанчалик ҳайратланишини бир фараз қилиб кўринг! (Рут 4:13; Мат. 1:5, 16)

10. Нега Яҳованинг ҳукмдорлиги қаттиққўл эмас?

10 Яҳованинг бошқариш усули зулмкор ҳам эмас, қаттиққўл ҳам эмас. Бу — эркинлик ва қувонч бахш этувчи ҳукмронликдир. (2 Кор. 3:17) Довуд у ҳақда шундай деб ёзганди: «Шуҳрату улуғворлик Унинг [Худонинг] ҳузуридадир, қудрату шодлик Унинг масканидадир». (1 Сол. 16:7, 27) Сано бастакори Этхан шунга ўхшаш сўзларни айтганди: «Бахтлидир севинч ҳайқириқларини билган халқ, эй Эгам, ҳузуринг нурида юрган халқ бахтлидир! Сенинг номинг туфайли улар кун бўйи севинади, Сенинг адолатинг туфайли улар юксалади». (Заб. 88:16, 17)

11. Яҳованинг ҳукмронлиги энг зўр эканига бўлган ишончимизни қандай мустаҳкамлай оламиз?

11 Яҳованинг олийжаноблиги тўғрисида тез-тез мулоҳаза юритиб туриш Унинг ҳукмронлиги энг зўр эканига бўлган ишончимизни мустаҳкамлайди. Биз ҳам ўзимизни қуйидаги сўзларни айтган сано бастакори каби ҳис қилишимиз тайин: «Сенинг ҳовлиларингда ўтган бир кун афзалдир бошқа ерда ўтган минг кундан». (Заб. 83:11) Бу бор гап, шундай эмасми!? Ахир ғамхўр Лойиҳачимиз ва Яратувчимиз бўлмиш Яҳова бахтли бўлишимиз учун бизга нима кераклигини билади ва У бу эҳтиёжимизни тўла қондиряпти. Гарчи У биздан талаб қилаётган нарсалар айрим қурбонликлар қилишимизни тақозо этса ҳам, бу талабларнинг ҳаммаси бизнинг фойдамиз учун бўлиб, бизга улкан хурсандчилик бағишлайди. (Ишаё 48:17 ни ўқинг.)

12. Яҳованинг ҳукмронлигини қўллаб-қувватлашимизнинг асосий мақсади қандай?

12 Муқаддас Китобга кўра, Масиҳнинг Минг йиллик бошқарувидан кейин баъзи одамлар Яҳованинг ҳукмдорлигига қарши чиқишади. (Ваҳ. 20:7, 8) Қизиқ, уларни бундай қилишга нима ундаши мумкин? Шак-шубҳасизки, ўшанда Иблис зиндондан озод этилиб ва одамларни йўлдан оздирмоқчи бўлиб, ҳар доимгидек одамларнинг худбинлигини уйғотишга ҳаракат қилади. У одамларни Яҳовага итоат қилмасдан ҳам абадий яшаш иложи борлигига ишонтиришга уриниб кўриши мумкин. Албатта, бу ҳеч қачон рост бўлиб чиқмайди. Лекин биз ўзимизга шундай савол беришимиз даркор: «Бу сохта айбловнинг менга қандайдир дахли борми?» Агар биз Яҳовани олийжаноб бўлгани ва коинотнинг ҳаққоний Сарвари экани учун севиб, Унга хизмат қилсак, унда шундай иблисона даъво бизда нафрат туғдиради. Биз Яҳованинг ҳаққоний ва севгига тўла ҳукмронлигидан бўлак бошқа ҳеч қайси бошқарув остида яшашни сира ҳам хоҳлаб қолмаймиз.

ХУДОНИНГ ҲУКМРОНЛИГИНИ САДОҚАТ ИЛА ҚЎЛЛАБ-ҚУВВАТЛАНГ

13. Қай йўсин Аллоҳга тақлид қилганимизда, Уни қўллаб-қувватлаётганимизни кўрсатамиз?

13 Аниқ-равшанки, Яҳованинг ҳукмронлиги Уни чин дилдан қўллаб-қувватлашимизга сазовордир. Кўриб чиққанимиздек, Худонинг бошқаришга ҳаққи бор ва Унинг бошқариш усули энг зўрдир. Биз Яҳованинг ҳукмдорлигини виждонимизни пок сақлаш ва Худога садоқат ила хизмат қилиш орқали қўллаб-қувватлашимиз мумкин. Қизиқ, яна қандай қилиб уни қўллаб-қувватлаётганимизни намоён эта оламиз? Масалан, ҳар бир ишда Яҳовага тақлид қилиб. Ҳа, қачонки муаммоларни Яҳова каби ҳал қилсак, Унинг ҳукмронлигини севаётганимизни ва Унинг бошқариш усулини қўллаб-қувватлаётганимизни кўрсатамиз. (Эфесликларга 5:1, 2 ни ўқинг.)

14. Оқсоқоллар ва оила бошлари Яҳовага қандай тақлид қила олишади?

14 Муқаддас Китобдан Яҳова Ўз ҳукмронлигини севги ила амалга оширишини билиб олдик. Шунга мувофиқ равишда, Яҳованинг ҳукмронлигини севган оила бошлари ва оқсоқоллар Унга тақлид қилишади ва қаттиққўл ёки терговчи бўлишмайди. Мисол учун, Павлус айнан шундай йўл тутиб, Худога ва Исога тақлид қилган. (1 Кор. 11:1) Павлус бошқаларни ноқулай аҳволга солмаган ёки тўғри йўл тутишлари учун уларга босим ўтказмаган. Аксинча, у уларни меҳр ила тўғри ишлар қилишга ундаган. (Рим. 12:1; Эфес. 4:1; Филим. 8–10) Мана бу — масалаларни айнан Яҳова каби ечишнинг йўлидир. Шундай экан, Яҳованинг ҳукмронлигини севиб, Уни қўллаб-­қувватлаётган ҳамма шундай йўл тутиши лозим.

15. Қай йўсин Яҳованинг ҳукмронлигига нисбатан севгимизни кўрсатамиз?

15 Хўш, Худо томонидан бошчилик қилишга тайинланган кишиларга қандай муносабатдамиз? Агар уларнинг ҳурматини жойига қўйиб, улар билан ҳамкорлик қилсак, Яҳованинг ҳукмронлигини қўллаб-қувватлаётганимизни кўрсатамиз. Гарчи улар чиқарган қарорни тўлиқ тушунмасак ёки у билан рози бўлмасак-да, барибир илоҳий тартибни қўллаб-қувватлашга интиламиз. Бу тартиб дунёникидан анча фарқ қилади, лекин бундай йўл тутиб, биз Яҳовани Ҳукмдор сифатида тан олаётганимизни кўрсатамиз. (Эфес. 5:22, 23; 6:1–3; Иброн. 13:17) Қолаверса, бу ўзимиз учун ҳам фойдалидир, зеро Аллоҳ бизнинг манфаатимизни кўзлаб иш тутади.

16. Қай тариқа Аллоҳнинг ҳукмронлигини қўллаб-қувватлаётганлар шахсий қарорлар чиқаришади?

16 Шунингдек, Аллоҳнинг ҳукмдорлигини қўллаб-қувватлаётганимизни шахсий қарорларимиз билан ҳам кўрсатишимиз мумкин. Тўғри, Яҳова ҳар бир вазият учун муайян қонун-қоида бермаган. Лекин У бизга Ўз нуқтаи назарини аён қилган. Масалан, У масиҳийлар учун аниқ бир дресс-кодни (тавсия қилинадиган кийиниш услубини) жорий қилмаган. Аксинча, У бизга сиполикдан дарак берадиган ва художўй одамларга муносиб бўладиган кийиниш ва пардоз қилиш услубларини танлашга ижозат берган. (1 Тим. 2:9, 10) Боз устига, У бошқаларни ўз қарорларимиз билан қоқинтиришимизни ёки ташвишга солиб қўйишимизни истамайди. (1 Кор. 10:31–33) Қадамларимизни шунчаки хоҳлаганимизча эмас, балки асосан Яҳованинг фикрлаш тарзи ва муносабатига мувофиқ йўналтирсак, Унинг ҳукмронлигини севаётганимизни ва қўллаб-қувватлаётганимизни намоён этамиз.

Қарорлар чиқаришда ва оилавий масалаларда Худонинг ҳукмронлигини қўллаб-қувватланг (16–18- хатбошиларига қаранг.)

17, 18. Қай тариқа турмуш қурганлар Яҳованинг ҳукмдорлигини қўллаб-қувватлашаётганини кўрсатишлари мумкин?

17 Келинг, масиҳий жуфтликлар Яҳованинг йўлларига биноан йўл тутиб, шу йўсин Унинг ҳукмронлигини қўллаб-қувватлашаётганини кўрсатишлари мумкин бўлган бир соҳани кўриб чиқайлик. Масалан, турмушдаги ҳаёт эр-хотин учун улар кутганларидан ҳам қийин бўлиб чиқса-чи? Ёки ҳатто уларни тушкунликка туширса-чи? Агар шундай бўлса, улар Яҳова Исроил халқи билан қандай йўл тутгани устида мулоҳаза юритиб кўришлари мумкин. Яҳова Ўзини ўша қадимги халқнинг эри сифатида тасвирлаган. (Ишаё 54:5; 62:4) Бу нақадар қийин «турмуш» бўлган бўлса керак-а?! Лекин шунга қарамай, Яҳова улар билан муносабатларни узишга шошмаган. У қайта-қайта халққа меҳр-шафқат кўрсатиб, улар билан тузган аҳдга садоқатли қолган. (Забур 105:43–45 ни ўқинг.) Наҳот бундай меҳр-садоқат бизни Яҳовага жалб қилмаса?!

18 Шунга ўхшаб, Яҳовани севадиган жуфтликлар Унга тақлид қилишади. Никоҳда муаммолар пайдо бўлган тақдирда ҳам, улар унга Муқаддас Китобдаги меъёрларга зид равишда чек қўйишнинг йўлини излашмайди. Эр-хотинлар уларни Яҳова бирлаштирганини ва У уларнинг бир-бирига «ёпишишини» исташини тушунишади. Муқаддас Китобга кўра, жинсий ахлоқсизликдан ташқари бошқа ҳеч нарса турмуш қурганларнинг ажралишига ҳамда қайта турмуш қуришларига сабаб бўла олмайди. (Мат. 19:5, 6, 9) Вазиятга кўникиб ва ҳатто уни яхшилашга ҳаракат қилиб, улар Яҳованинг одил ҳукмронлигини қўллаб-қувватлашади.

19. Хато иш қилиб қўйсак, қандай йўл тутишимиз лозим?

19 Номукаммал бўлганимиз учун гоҳида Яҳовани ранжитадиган ишлар қилиб қўямиз. У буни билади, шунинг учун бизга севги ила Масиҳнинг қурбонлигини тақдим этди. Шу боис, қайсидир жиҳатдан хато ҳисобланган иш қилиб қўйсак, Яҳовадан кечирим сўрашимиз лозим. (1 Юҳан. 2:1, 2) Ўзимизни ҳадеб койимасдан, хатодан сабоқ олишга интилишимиз даркор. Яҳовага яқин турсак, У бизни кечиради ва ҳиссий жароҳатларимизни даволаб, келажакда шунга ўхшаш вазиятларни муваффақият ила ечишга ёрдам беради. (Заб. 102:3)

20. Нима учун ҳозир Яҳованинг ҳукмронлигини қўллаб-қувватлашнинг айни пайтидир?

20 Янги дунёда ҳаммамиз Яҳованинг ҳукмронлиги остида яшаб, Унинг адолатли йўлларини ўрганамиз. (Ишаё 11:9) Аммо ушбу билимларнинг аксариятига биз ҳозирдан эга бўляпмиз. Ҳукмдорлик масаласининг ечилиши йўлга қўйилиб бўлган экан, ҳозир виждонимизни пок сақлаб, Яҳовага хизмат қилиб ва Унга барча ишларимизда тақлид қилишга астойдил уриниб, Унинг ҳукмронлигини қўллаб-қувватлашнинг айни пайтидир!