Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

49- ТАДҚИҚ МАҚОЛАСИ

Тирилиш бўлишига ишонамиз

Тирилиш бўлишига ишонамиз

Мен... адолатли ва адолатсиз одамларнинг тирилишига ишониб, Худога умид боғлайман. ҲАВОР. 24:15

151- ҚЎШИҚ Тирилиш ваъдаси

БУ МАҚОЛАДА *

1, 2. Яҳованинг хизматчилари қандай ажойиб умидга эга?

БИРОН нимага умид қилиш жуда муҳимдир. Масалан, баъзилар никоҳи бахтли бўлишига, фарзандларини эсон-омон катта қилишга ёки жиддий касалликдан фориғ бўлишга умид қилади. Эҳтимол, биз масиҳийлар ҳам шунга умид қилаётгандирмиз. Аммо бундан-да муҳим воқеалар юз беришини — жаннатда абадий яшашни ва ҳаётдан кўз юмган яқинларимиз тирилишини интиқиб кутяпмиз.

2 Ҳаворий Павлус: «Мен... адолатли ва адолатсиз одамларнинг тирилишига ишониб, Худога умид боғлайман»,— деб таъкидлаган. (Ҳавор. 24:15) Тирилиш ҳақида биринчи бўлиб Павлус гапирмаган, масалан, бобокалонимиз Аюб ҳам бу мавзуда сўз очган. У Худо уни эслашига ва ҳаётга қайтаришига амин бўлган. (Аюб 14:7–10, 12–15)

3. Коринфликларга биринчи мактубнинг 15- бобидан қандай фойда оламиз?

3 «Ўлганларнинг тирилиши» эътиқодимизнинг «пойдевор»и, яъни «бошланғич таълимотлар»нинг бир қисмидир. (Иброн. 6:1, 2) Павлус 1 Коринфликларга 15- бобда тирилиш мавзусини ёритиб ўтган. Унинг ёзганлари биринчи асрдаги масиҳийларга далда берган бўлса керак. Мазкур боб бизга ҳам далда бериши ва интиқиб кутаётган тирилишга бўлган умидимизни мустаҳкамлаши мумкин.

4. Ҳаётдан кўз юмган яқинларимиз тирилишига нега аминмиз?

4 Биринчи навбатда, Исо Масиҳ тирилгани туфайли ҳаётдан кўз юмган яқинларимиз тирилишига умид қила оламиз. Исо Масиҳнинг тирилгани Павлус ваъз қилган «хушхабар»нинг бир қисмидир. (1 Кор. 15:1, 2) Дарҳақиқат, масиҳий тирилиш бўлишига ишонмаса, унинг имони «фойдасиз». (1 Кор. 15:17) Ҳа, Исо тирилгани сабабли бошқалар тирилишига аминмиз.

5, 6. Коринфликларга биринчи мактуб 15:3, 4 даги сўзлар биз учун нимани англатади?

5 Павлус тирилиш ҳақида ёзишни бошлаганида, қуйидаги учта ҳақиқатни айтиб ўтган: «Масиҳ бизнинг гуноҳларимиз учун ўлди», «дафн этилди» ва «Муқаддас Ёзувларга биноан учинчи куни тирилди». (1 Коринфликларга 15:3, 4 ни ўқинг.)

6 Хўш, Исонинг ўлими, дафн этилгани ва тирилгани биз учун нимани англатади? Ишаё пайғамбар Масиҳ «ёруғ дунёдан йўқ қилиниши» ва унга «ёвузлар қатори жой берилишини» башорат қилган. Яна бир нарса юз бериши керак эди. Ишаё Масиҳ «кўп инсонларнинг гуноҳини ўзига олишини» ҳам каромат қилган. Исо ўзини тўлов сифатида тақдим этиб мазкур башоратни амалга оширди. (Ишаё 53:8, 9, 12; Мат. 20:28; Рим. 5:8) Шу боис, Исонинг ўлими, дафн қилингани ва тирилгани гуноҳ ва ўлимдан қутулишга ҳамда ҳаётдан кўз юмган яқинларимиз билан яна бирга бўлишга умид қилиш учун қатъий асосдир.

КЎПЛАРНИНГ ГУВОҲЛИГИ

7, 8. Қай йўсин масиҳийлар Исо тирилганига амин бўла олади?

7 Кўриб чиққанимиздай, тирилишга бўлган умидимиз Исонинг тирилиши билан узвий боғлиқ. Шундай экан, у тирилганига ишончимиз комил бўлиши даркор. Яҳова Исони ҳаётга қайтарганига нега аминмиз?

8 Исо тирилгач, кўплар уни кўрди ва бу ҳақида бошқаларга айтиб беришди. (1 Кор. 15:5–7) Павлус тилга олган илк гувоҳ ҳаворий Бутрусдир (Кифа). Қолаверса, шогирдлар ҳам Бутрус тирилган Исони кўрганини тасдиқлашди. (Луқо 24:33, 34) Шунингдек, Исо ҳаётга қайтганидан сўнг «12 та ҳаворий» ҳам уни кўрди. Кейин эса Матто 28:16–20 да тилга олинган Жалиладаги қувончли воқеада Масиҳ «бирданига 500 дан ортиқ биродарларга кўринди». (1 Кор. 15:5–7) Бундан ташқари, Исо олдин у Масиҳ эканига ишонмаган укаси «Ёқубга... кўринди». (Юҳан. 7:5) Исо тирилганини кўргач эса Ёқубда аминлик пайдо бўлди. Шуниси эътиборга лойиқки, тахминан мил. 55 йили Павлус Коринфликларга биринчи мактубини ёзганида, Исонинг тирилганини кўрганларнинг кўпи ҳали ҳаёт эди ва агар кимдадир шубҳа туғилса бу ишончли гувоҳларга мурожаат қила оларди.

9. Ҳаворийлар 9:3–5 дан ўқиганимиздай, қай йўсин Павлус Исо тирилганини тасдиқлай оларди?

9 Кейинроқ эса Исо Павлусга ҳам кўринган. (1 Кор. 15:8) Павлус (Шоул) Дамашққа кетаётганида тирилган Исонинг овозини эшитган ҳамда ваҳийда уни самовий улуғворликда кўрган. (Ҳаворийлар 9:3–5 ни ўқинг.) Павлус билан юз берган воқеа Исо тирилгани уйдирма эмаслигининг яна бир исботидир. (Ҳавор. 26:12–15)

10. Павлус Исо тирилганига амин бўлгани учун нима қилган?

10 Павлус билан юз берган воқеа, айниқса, баъзиларнинг эътиборини тортган. Чунки у бир вақтлари масиҳийларни таъқиб қилган. Павлус Исо тирилганига ишонч ҳосил қилгач, бошқалар ҳам бу ҳақиқатга амин бўлишлари учун жон куйдирган. У Исо ўлгани ва тирилгани тўғрисидаги ҳақиқатни ваъз қилиш давомида савалашларга, қамоққаю кема ҳалокатига чидаган. (1 Кор. 15:9–11; 2 Кор. 11:23–27) Павлус Исо тирилганига шунчалик амин бўлганки, ҳатто бу ҳақида ваъз қилиш йўлида ўлишга ҳам тайёр бўлган. Исо ўлиб, тирилганига гувоҳ бўлган илк масиҳийларнинг мисоли наҳотки бизга ҳам аминлик бахш этмаса? Уларнинг гувоҳлиги ҳаётдан кўз юмганлар келажакда тирилишига бўлган ишончимизни оширмоқда, шундай эмасми?

ПАВЛУС НОТЎҒРИ ТАСАВВУРЛАРНИ ЎЗГАРТИРГАН

11. Коринфдаги баъзилар тирилиш борасида нотўғри тасаввурда бўлишига, эҳтимол, нималар сабаб бўлган?

11 Юнонистоннинг Коринф шаҳридаги айрим масиҳийлар тирилиш борасида нотўғри тасаввурга эга бўлишган. Улар ҳатто: «Ўлганлар тирилмайди»,— деб айтишган. Нега? (1 Кор. 15:12) Юнонистоннинг бошқа бир шаҳридаги — Афинадаги файласуфлар учун Исо тирилгани тўғрисидаги фикр кулгили бўлган. Бундай фикрлаш тарзи Коринфдаги баъзиларга ва ҳатто масиҳийлар жамоатидагиларга таъсир қилган бўлиши мумкин. (Ҳавор. 17:18, 31, 32) Эҳтимол, айримлар тирилиш рамзий маънода бўлади, деб ўйлаган. Улар одам гуноҳкорлиги туфайли ўлик ҳисобланади, аммо масиҳий бўлганида Худо томонидан кечирилгани учун у тирилади, деган фикрда бўлишгандир. Сабаби қандай бўлмасин, киши тирилишга ишонмаса, имони беҳуда бўларди. Агар Худо Исони тирилтирмаганида, тўлов берилмаган ва барча ҳанузгача гуноҳкор бўларди. Шу боис, тирилишга ишонмаганлар чинакам умидга эга бўлмаган. (1 Кор. 15:13–19; Иброн. 9:12, 14)

12. Бутруснинг биринчи мактуби 3:18, 22 га кўра, Исонинг тирилиши олдин юз берган тирилишлардан нимаси билан фарқ қилган?

12 Павлус Исо тирилганини шахсан билгани учун: «Масиҳ чиндан ҳам тирилди»,— деб ёзган. Исонинг тирилиши олдин юз берган тирилишлардан устунроқ бўлган. Чунки олдин тирилганлар яна ҳаётдан кўз юмган. Павлус: «[Исо] ўлганлар орасидан биринчи ҳосил бўлди»,— деб айтган. Қизиқ, Исо қайси маънода биринчи бўлган? У руҳий шахс сифатида тирилган ва одамлар орасидан самога кўтарилган биринчи шахс бўлган. (1 Кор. 15:20; Ҳавор. 26:23; 1 Бутрус 3:18, 22 ни ўқинг.)

«ҲАЁТГА ЭГА БЎЛАДИ»ГАНЛАР

13. Павлус Одамато ва Исо ўртасидаги қандай фарққа диққат қаратган?

13 Қандай қилиб бир кишининг ўлими миллионлаб одамларга ҳаёт келтириши мумкин? Павлус бунга мантиқан жавоб берган. У Одамато инсониятни нимага гирифтор қилгани ва Масиҳ туфайли ниманинг имкони борлиги ҳақида айтиб ўтган. Павлус Одамато ҳақида: «Ўлим бир одам орқали келиб чиққан»,— деган. Одамато гуноҳга қўл уриб, ўзини ва авлодларини ўлимга маҳкум этган. Биз итоатсизлигининг оқибатларини ҳанузгача ўзимизда ҳис этяпмиз. Аммо Худо Ўғлини тирилтиргани туфайли ўлганлар яна яшаши мумкин! Павлус қуйидагича ёзган: «Тирилиш ҳам бир одам [Исо] орқали содир бўлади. Одамато дастидан ҳамма ўлимга дучор бўлганидек, Масиҳ туфайли ҳамма ҳаётга эга бўлади». (1 Кор. 15:21, 22)

14. Одамато тириладими? Тушунтиринг.

14 Павлус: «Одамато дастидан ҳамма ўлимга дучор бўлган»,— деб, нимани назарда тутган? У барча одамлар гуноҳ ва номукаммалликни Одаматодан мерос қилиб олганини ва шу боис, улар ўлишини айтмоқчи бўлган. (Рим. 5:12) Одамато «ҳаётга эга бўлади»ганлар орасида йўқ. Масиҳнинг тўлов қурбонлиги Одаматонинг гуноҳини ювмайди, чунки у мукаммал бўла туриб атайин Худога итоатсизлик қилган. Одаматонинг бошига «Инсон Ўғли» «эчкилар»га чиқарадиган ҳукм, яъни «абадий йўқ бўлиб кетиш» тушган. (Мат. 25:31–33, 46; Иброн. 5:9)

Исо самовий ҳаёт учун тирилган кўп инсонлар орасидан биринчиси бўлган (15- , 16- хатбошиларига қаранг.) *

15. «Ҳаётга эга бўлади»ган «ҳамма» деганда кимлар назарда тутилади?

15 Павлус: «Масиҳ туфайли ҳамма ҳаётга эга бўлади»,— деб ёзганига эътибор беринг. (1 Кор. 15:22) Бу мактубни у самовий ҳаёт учун тириладиган Коринфдаги масиҳийларга ёзган. Улар «Исо Масиҳнинг издошлари сифатида муқаддас қилинган» эди. Шунингдек, у «Масиҳнинг ўлган издошлари буткул йўқ бўлишган»и ҳақида эслатиб ўтган. (1 Кор. 1:2; 15:18; 2 Кор. 5:17) Илоҳий илҳом остида ёзган бошқа бир мактубида Павлус: «[Исо] каби ўлган бўлсак, демак у сингари тирилишимиз ҳам шубҳасиздир»,— деб айтган. (Рим. 6:3–5) Исо руҳий шахс сифатида тирилиб, самога кўтарилган. Демак, «Масиҳ билан бирликда» бўлганлар, яъни барча мойланган масиҳийлар билан худди шундай юз беради.

16. Павлус Исони «биринчи ҳосил» деб атаб, нимага ишора қилган?

16 Павлус Масиҳ «ўлганлар орасидан биринчи ҳосил» сифатида тирилгани ҳақида ёзган. Эсингизда бўлса, бошқалар, масалан, Лазар ҳам ҳаётга қайтган. Аммо Исо ўлганлар орасидан руҳий шахс сифатида тирилтирилган ва абадий ҳаётга эга бўлган биринчи шахс эди. Уни исроилликлар ўрим-йиғимидан Худога назр сифатида келтирган биринчи ҳосилга ўхшатса бўлади. Бундан ташқари, Павлус Исони «биринчи ҳосил» сифатида тилга олиб, ундан кейин бошқалар ҳам самовий ҳаёт учун тирилишига ишора қилган. «Масиҳ билан бирликда» бўлган ҳаворийлар ва бошқалар унга эргашишади. Улар Исо каби самода яшаш учун тирилиши керак эди.

17. «Масиҳ билан бирликда» бўлганлар самовий мукофотини қачон олиши керак эди?

17 Павлус коринфликларга мактуб йўллаган пайтда «Масиҳ билан бирликда» бўлганлар самовий ҳаёт учун тирилиши ҳали юз бермаган эди. Аксинча, у келажакка ишора қилиб: «Ҳамма ўз навбати билан тирилади: Масиҳ биринчи ҳосил, сўнг Масиҳнинг ҳозир бўлиш даврида унга тегишли бўлганлар ҳаётга қайтишади»,— деб ёзган. (1 Кор. 15:23; 1 Салон. 4:15, 16) Биз, башорат қилинганидай, Масиҳнинг «ҳозир бўлиш даврида» яшаяпмиз. Дарҳақиқат, ҳаворийлар ва бошқа мойланганлар самовий мукофотини олиш ҳамда Исо каби тирилиш учун унинг ҳозир бўлиш даврини кутиши керак бўлган.

УМИДИНГИЗ МУСТАҲКАМ БЎЛСИН

18. а) Нима учун самовий тирилишдан сўнг яна бошқа тирилиш бўлади, деб хулоса қилсак бўлади? б) 1 Коринфликларга 15:24–26 га кўра, осмонда нималар бўлади?

18 Хўш, Масиҳ билан самода яшаш умидига эга бўлмаган Худонинг қолган барча садоқатли хизматчилари ҳақида нима деса бўлади? Уларда ҳам тирилиш умиди бор. Муқаддас Китобда ёзилишича, осмонда яшаш умидига эга бўлган Павлус ва бошқалар «биринчи» тирилганлар қаторида бўлишади. (Филип. 3:11) Бу яна бир тирилиш бўлишига ишора қиляпти, шундай эмасми? Дарвоқе, бу Аюб ўз келажаги борасида айтган сўзларга мос келяпти. (Аюб 14:15) Исо барча ҳукуматлару дунё кучларини йўқ қилганида, Масиҳга «тегишли бўлганлар» у билан самода бўлади. Ҳатто «энг охирги душман — ўлим йўқ қилинади». Қолаверса, самовий ҳаёт учун тириладиганлар ҳеч қачон ўлмайди. Бошқалар билан-чи, нима юз беради? (1 Коринфликларга 15:24–26 ни ўқинг.)

19. Осмонда яшаш умидига эга бўлмаганларни нима кутяпти?

19 Осмонда яшаш умидига эга бўлмаганларни нима кутяпти? Павлуснинг қуйидаги сўзлари уларга умид бахш этади: «Мен... адолатли ва адолатсиз одамларнинг тирилишига ишониб, Худога умид боғлайман». (Ҳавор. 24:15) Шуниси аниқки, ҳеч бир адолатсиз одам самовий ҳаётга эга бўла олмайди. Демак, мазкур сўзлар келажакда ер юзида тирилиш бўлишига ишора қиляпти.

Тирилишга бўлган ишонч ёрдамида келажакка аминлик ила боқа оламиз (20- хатбошига қаранг.) *

20. Қай йўсин тирилишга бўлган умидингиз мустаҳкамланди?

20 Тирилиш бўлиши шубҳасиз! Ер юзида яшаш учун тирилганлар абадий яшаш истиқболига эга бўлади. Бу ваъдага ишонсангиз бўлади. Ҳаётдан кўз юмган яқинларингиз ҳақида ўйлаганингизда тирилиш умиди сизга умид бахш этиши мумкин. Масиҳ ва у билан ҳукмронлик қиладиганлар «1 000 йил шоҳлик қилишади» ва ўшанда улар ҳаётга қайтади. (Ваҳ. 20:6) Агар сиз ҳам ҳаётдан кўз юмсангиз, Масиҳ бошқарган пайтда тирилишингизга бўлган умидингиз мустаҳкам бўлсин. Бу «умид... кўнгил қолишига олиб келмайди». (Рим. 5:5) Тирилишга бўлган умид ҳозирдан сизга куч бахш этиши ва Худога яна улкан қувонч ила хизмат қилишингизга ёрдам беради. Коринфликларга йўлланган биринчи мактубнинг 15- бобидан яна қандай сабоқлар чиқарсак бўлади? Буни навбатдаги мақолада кўриб чиқамиз.

147- ҚЎШИҚ Ваъда қилинган абадий ҳаёт

^ абз. 5 Коринфликларга йўлланган биринчи мактубнинг 15- бобида асосий диққат тирилишга қаратилган. Нега бу таълимот биз учун аҳамиятли? Нима учун Исо тирилганига ишонсак бўлади? Мазкур мақолада бу ва тирилиш билан боғлиқ бошқа муҳим саволларга жавоб топамиз.

^ абз. 56 РАСМГА ШАРҲ. Исо самога кўтарилган биринчи шахс бўлган. (Ҳавор. 1:9) Самовий ҳаёт учун тирилган айрим шогирдлар Тўма, Ёқуб, Лидия, Юҳанно, Марям ва Павлус бўлган.

^ абз. 58 РАСМГА ШАРҲ. Биродаримиз кўп йиллар бирга хизмат қилган суюкли турмуш ўртоғини йўқотди. Биродар у тирилишига ишониб, Яҳовага садоқат ила хизмат қилишда давом этмоқда.