Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

ТАРЖИМАИ ҲОЛ

«Энди хизмат жону дилим!»

«Энди хизмат жону дилим!»

МЕН Янги Зеландиянинг Жанубий оролидаги Балкута шаҳарчасида улғайганман. Болалигимда ўзимни Яҳовага жуда яқин ҳис қилардим. Ҳақиқатда бўлиш менга ёқарди. Йиғилишлар мен учун ҳеч қачон юк бўлмаган ва жамоатда ўзимни хавфсиз ҳамда хурсанд ҳис қилардим. Тортинчоқ бўлганимга қарамай, ҳар ҳафта ваъзгўйлик хизматида қатнашиш менга жуда ёқарди. Синфдошларимга ва бошқаларга ваъз қилишдан қўрқмасдим. Яҳованинг Шоҳиди эканимдан фахрланардим ва 11 ёшимда ҳаётимни Худога бағишладим.

ҚУВОНЧИМНИ ЙЎҚОТДИМ

Афсуски, тахминан 13 ёшга кирганимда Яҳова билан бўлган илиқ муносабатларим совий бошлади. Мактабдошларим гўёки чеки йўқ эркинликка эгадай кўринарди ва мен: «Ниманидир қўлдан бой беряпман»,— деб ўйлардим. Ота-онамнинг қоидалари, масиҳийлар учун меъёрлар, маънавий ишлар худди оғир юкдай туюларди. Гарчи Яҳова борлигига шубҳаланмаётган бўлсам ҳам Ундан узоқлашаётгандим.

Фаолиятсиз бўлиб қолмаслик учун номигагина хизмат қилардим. Ваъзгўйликка боришдан аввал ҳеч қачон тайёрланмасдим. Бунинг дастидан суҳбатни бошлаш ёки уни давом эттириш жуда ҳам қийин эди. Бунинг натижасида хизматим самарасиз бўлди ва қувончимни йўқотдим. Қолаверса, хизматимга нисбатан иштиёқим янада совиди. Ўзимдан: «Бундай ҳол яна қанча давом этиши мумкин?» — деб сўрардим.

17 ёшга тўлганимда мустақил бўлиш истаги пайдо бўлди. Шу боис, нарсаларимни йиғиб, уйдан кетдим ва Австралияга кўчиб бордим. Бу ота-онамга оғир ботган. Улар хавотирланган, лекин Яҳовага хизмат қилишни давом эттиришимга умид қилган.

Австралияда маънавийлигим янада сусайди. Йиғилишларни қолдирадиган бўлдим. Менга ўхшаб бир кеча йиғилишга, иккинчи эса тунги клубларга бориб, ичиб, ўйин-кулги қилишни ёқтирадиган ёшлар билан дўстлашиб қолдим. Орқага қараб бир оёғим ҳақиқатда, бошқаси эса дунёда бўлганини тушуняпман. Аммо мен на у ёқда, на бу ёқда эдим.

КУТИЛМАГАН, АММО МУҲИМ САБОҚ

Тахминан икки йил ўтгач, ҳаётимда нималар бўлаётгани борасида ўйлаб кўришимга сабабчи бўлган бир опамиз билан танишдим. Беш нафар турмуш қурмаган опа-сингил билан бир уйда яшардим. Бир сафар туман нозири ва унинг хотини Тамарани бир ҳафтага уйга таклиф қилдик. Эри жамоат ишлари билан банд бўлганида, Тамара биз билан вақт ўтказиб, ҳаммамиз кулишиб ўтирардик. Бу менга ёқарди. У жуда фаҳм-фаросатли эди ва у билан суҳбатлашиш осон бўларди. Маънан етук киши билан вақт ўтказиш жуда мароқли эканини тушундим.

Тамара жуда жўшқин эди. Унинг ҳақиқатга ва хизматга бўлган севгиси менга ижобий таъсир қилди. У Яҳовага қувонч ила энг яхшисини бераётган бир пайтда мен қувончимни йўқотиб, номигагина Унга хизмат қилаётган эдим. Унинг ижобий нуқтаи назари ва чинакам бахтиёрлиги ҳаётимда ўчмас из қолдирди. Унинг ўрнаги эътиборимни Муқаддас Китобдаги муҳим бир ҳақиқатга қаратди. Яҳова барчамиз Унга «хурсанд бўлиб», «қувонч ҳайқириқлари билан» хизмат қилишимизни истайди. (Заб. 100:2)

ХИЗМАТГА БЎЛГАН СЕВГИМ ЯНА УЙҒОНДИ

Мен ҳам Тамара каби қувноқ бўлишни истардим, лекин бунинг учун анчагина ўзгаришлар қилишим кутиларди. Бунга вақт керак бўлди, аммо ниҳоят кичик қадамлар қўйишдан бошладим. Хизматга тайёрланадиган бўлдим, вақти-вақти билан кўмакчи кашшоф сифатида хизмат қилдим. Бу менга камроқ ҳаяжонланишга ва дадилроқ бўлишга кўмаклашди. Хизматда Муқаддас Китобдан кўпроқ фойдаланганим сайин чинакам мамнуниятни ҳис этардим. Кўп ўтмай, ҳар ой кўмакчи кашшоф сифатида хизмат қила бошладим.

Мен маънан соғлом ва Яҳовага хизмат қилишдан хурсанд бўлган ҳар турли имондошларим билан дўстлаша бошладим. Уларнинг яхши ўрнаги мен учун нима устувор эканини қайта кўриб чиқишимга ва маънавий ишлар билан мунтазам банд бўлишимга ёрдам берди. Хизматимдан кўпроқ қувонч топа бошладим ва ниҳоят доимий кашшоф бўлдим. Шунча йиллар мобайнида илк бор ўзимни бахтиёр ҳис қилдим.

КАШШОФЛИКДА АБАДИЙ ҲАМКОРИМНИ УЧРАТДИМ

Бир йил ўтиб Яҳовани ва хизматни севадиган, самимий ва меҳрибон инсонни — Алексни учратдим. У жамоат хизматкори эди ва олти йилдан бери кашшоф бўлиб хизмат қиларди. Қолаверса, у 8 ой давомида Малавининг ваъзгўйларга эҳтиёж катта бўлган ҳудудида хизмат қилган эди. У ерда Алекс тўла вақтли махсус ваъзгўйлар билан ҳамкорлик қилган. Улар ажойиб ўрнак кўрсатишган ҳамда уни Шоҳлик манфаатларини ҳаётида биринчи ўринга қўйишда давом этишга ундашган.

2003 йили Алекс билан турмуш қурдик ва тўла вақтли хизматимизни давом эттириб келяпмиз. Кўп ажойиб сабоқлар олдик ва Яҳова бизга беҳисоб баракалар берди.

МЎЛ-КЎЛ БАРАКАЛАРГА ЭШИК ОЧИЛДИ

Гленода ваъзгўйлик хизматида, Шарқий Тимор

2009 йили биз Индонезия Архипелагидаги кичик мамлакат Шарқий Тиморга тўла вақтли махсус ваъзгўй бўлиб тайинландик. Бир вақтнинг ўзида ҳайрон қолдик, қувончга тўлдик ва хавотирландик. Беш ой ўтгач пойтахт шаҳар Дилига бордик.

Ҳаётимиз бутунлайин ўзгарди. Янги маданиятга, тилга, озиқ-овқатга ва яшаш шароитларига кўникишимизга тўғри келди. Хизмат пайтида камбағалликдан, камсаводликдан ва зўравонликдан азият чекканларга рўбарў келардик. Қолаверса, уруш ва жабр-зулм дастидан жисмоний ҳамда ҳиссий жароҳатлар олган кўпгина инсонларни учратдик *.

Хизматимиз ажойиб эди. Мисол учун, бир сафар тушкунликка тушган Мария * исмли 13 яшар қизалоқни учратган эдим. Унинг онаси бир неча йил олдин вафот этганди, отасини эса деярли кўрмасди. Кўпгина тенгдошлари каби Мария ҳам ҳаётдан нима хоҳлаётганини билмасди. Бир вазиятда ичидаги бор ҳис-туйғулари билан бўлишганда йиғлаб юборганини эслайман. Аммо ўша тилда ҳали яхши гапира олмаганим туфайли у нималар деганини тушуна олмасдим. Яҳовага ибодат қилиб, бу қизчага далда бера олишим учун ёрдам беришини сўрадим. Сўнг эса унга далдали оятларни ўқишни бошладим. Кейинги бир неча йил давомида ҳақиқат Мариянинг нуқтаи назарини, кўринишини ва ҳаётини ўзгартирганига гувоҳ бўлдим. У сувга чўмди ва ҳозирда ўзи бошқалар билан Муқаддас Китоб тадқиқларини ўтказади. Энди Мариянинг катта маънавий оиласи бор ва у уларнинг севгисини ҳис этяпти.

Яҳова Шарқий Тимордаги ваъзгўйлик ишига барака беряпти. Аксарият ваъзгўйлар сўнгги ўн йил давомида сувга чўмган бўлса-да, кўплар кашшоф, жамоат хизматкори ёки оқсоқол сифатида хизмат қилади. Бошқалар эса масофавий таржима офисида меҳнат қилиб, маҳаллий тилларда маънавий озуқа етказилишига ёрдам беради. Уларнинг йиғилишда куйлаганини, чеҳраларидаги табассумни ва маънан ўсаётганини кўрганимда роса қувонаман.

Алекс билан тайинланмаган ҳудудга Қутлуғ Кечликка таклифнома тарқатишга кетяпмиз

МЕН УЧУН БУНДАН-ДА БАХТЛИ ҲАЁТ ЙЎҚ

Шарқий Тимордаги ҳаётимиз Австралиядагидан анча фарқ қиларди, лекин мен учун бундан-да бахтли ҳаёт йўқ. Баъзида биз ўтирган автобус одам билан лиқ тўла бўлиб, ичида бозордан олинган қуритилган балиқлар ва сабзавотлар бўларди. Айрим кунлари поллари кир, иссиқ, дим кичик уйда Муқаддас Китоб тадқиқини ўтказардик. Атрофимизда товуқлар югуриб юрарди. Лекин қийинчиликларга қарамай, мен тез-тез «қанчалар ажойиб» деб ўйланиб қолардим.

Хизматга кетяпмиз

Ўтмишга назар ташлаб шуни айта оламанки, ота-онам менга Яҳова ҳақида таълим бериш учун жон куйдирган ва ҳатто оғир ўсмирлик йилларида ҳам мени қўллаб-қувватлаган. Булар учун улардан миннатдорман. Ҳикматлар 22:6 даги сўзлар менинг вазиятимда амалга ошди. Ота-онам мен ва Алекс билан фахрланади. Биз Яҳовага хизмат қилаётганимизни кўриб, улар хурсанд бўлишади. 2016 йилдан бери Австралосиё филиалининг ҳудудида туман нозирлик хизматида иштирок этиб келяпмиз.

Тиморлик болаларга Камол ва Севинч ҳақидаги мультфильмни кўрсатяпман

Ваъзгўйлик хизмати қачондир мен учун юкдай бўлганини тасаввур қилиш қийин. Энди хизмат жону дилим! Ҳаётнинг паст-баландликларига қарамай, шуни тушундимки, Худога чин юракдан хизмат қилибгина ҳақиқий қувончга эга бўлиш мумкин. Ҳаётимдаги энг бахтли йиллар бу Алекс билан сўнгги 18 йил давомида Яҳовага хизмат қилиб келганимиз бўлди. Ҳозирда сано бастакори Довуднинг Яҳовага айтган қуйидаги сўзлари чин эканини тушуняпман: «Сенда паноҳ топганларнинг барчаси шодон бўлади. Улар хурсандчиликдан ҳамиша ҳайқиради... Исмингни севганлар Сен туфайли қувонади». (Заб. 5:11)

Муқаддас Китобни шундай камтарин инсонлар билан тадқиқ қилиш қувончли!

^ абз. 21 1975 йилдан бошлаб Шарқий Тимордаги одамлар сиёсий мустақиллик учун 20 йилдан ошиқ вақт давомида курашган.

^ абз. 22 Исм ўзгартирилган.