Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

Имон Аллоҳнинг марҳаматига эриштиради

Имон Аллоҳнинг марҳаматига эриштиради

Имон ва сабр-тоқат билан Тангрининг ваъдаларига эришадиганлардан ибрат олинглар. ИБРОН. 6:12

ҚЎШИҚЛАР: 3, 54

1, 2. Йифтох ва унинг қизи қандай мушкул вазиятга дуч келишди?

БУ ҲАЯЖОНЛИ дамлар эди. Негаки, қиз дадасини кутавериб, кўзи тўрт бўлади. Охири, дадаси жангдан эсон-омон қайтганини кўргач, қизи уни қарши олиш учун югуриб чиқади ва ғалабасидан қувонади. Лекин дадаси қизи билан куйлаб, рақсга тушишнинг ўрнига, жангда ифлосланган кийимларини йиртиб: «Вой қизим! Нима қилиб қўйдинг?! Юрак-бағримни қон қилдинг-ку!» — деб йиғлайди. Кейин у қизининг орзу-умидларини пучга чиқариб, ҳаётини тубдан ўзгартирадиган сўзларни айтади. Шунга қарамай, қизи ҳеч иккиланмасдан дадасини Яҳовага берган ваъдасига вафо қилишга ундайди. Қизнинг сўзлари у кучли имонга эга бўлганини кўрсатяпти. Бу қиз, Яҳова нимаики сўраган бўлса, унинг фойдасини кўзлаб қилишига ишонарди. (Ҳак. 11:34–37) Дадаси қизидан фахрланганди, чунки қизи тайёрлик ила унинг қарорини қўллаб-қувватлаб, бу билан Яҳовани мамнун этганини биларди.

2 Йифтох ва унинг художўй қизи ҳатто қийин бўлса ҳам, масалаларни ҳал қилишда Яҳовага ишониб, Унга таянишган. Улар Яҳованинг розилигини олиш учун ҳар қандай қурбонликка бориш арзигулик эканига амин эдилар.

3. Нега Йифтох ва қизининг ўрнаги бизга бугунги кунда ёрдам бериши мумкин?

3 Ҳаммамизга аёнки, Яҳовага бўлган имонимизни сақлаб қолиш доим ҳам осон эмас. Ҳа, чиндан ҳам биз «имон учун зўр бериб курашишимиз» керак. (Яҳд. 3) Бунда бизга Йифтох ва қизининг ўрнаги ёрдам беради. Шунинг учун келинг, қандай қилиб улар қийинчиликларни муваффақият ила енгишганини кўриб чиқайлик. Қизиқ, улар Яҳовага бўлган имонини қандай сақлаб қолишган экан?

ДУНЁНИНГ ТАЪСИРИГА ҚАРАМАЙ, УЛАР ИМОННИ САҚЛАБ ҚОЛИШДИ

4, 5. а) Исроил халқи ваъда қилинган юрт остонасида турганида, Яҳова қандай амр берганди? б) Забур 105 га кўра, Исроил халқининг итоатсизлиги қандай аянчли оқибатларга олиб келди?

4 Ҳар куни Йифтох ва унинг қизи Яҳовага итоатсиз бўлишнинг аянчли оқибатлари ҳақида эслатмалар олишган. Тахминан 300 йил олдин уларнинг ота-боболарига ваъда қилинган юртдан барча бутпараст халқларни ҳайдаш амр этилганди. (Қонун. 7:1–4) Исроил халқи итоатсиз бўлгани туфайли улардан кўплари канъонликларнинг гуноҳли ишларига қўл уришди ва натижада сохта худоларга топиниб, ахлоқсиз ҳаёт кечира бошлашди. (Забур 105:34–39 ни ўқинг.)

5 Ўша исён дастидан улар Яҳованинг розилигидан маҳрум бўлишди ва Яҳова уларни ҳимоя қилмайдиган бўлди. (Ҳак. 2:1–3, 11–15; Заб. 105:40–43) Шундай оғир пайтларда художўй оилаларга Яҳовага ишончни сақлаб қолиш қийин бўлган. Лекин бунга қарамай, Муқаддас Китобда ёзилишича, Йифтох ва унинг қизи, шунингдек, Элқана, Ханна ва Шомуил каби художўй одамлар Аллоҳнинг илтифотига сазовор бўлишга интилишганди. (1 Шоҳ. 1:20–28; 2:26)

6. Бугунги дунё бизга қай йўсин таъсир ўтказиши мумкин ва биз нима қилишимиз лозим?

6 Биз ўзларини канъонликларга ўхшаб тутадиган ва фикрлайдиган, секс ва зўравонликни тарғиб қиладиган ҳамда моддий нарсаларга ўч бўлган одамлар орасида яшаяпмиз. Бироқ Яҳова бизга аниқ огоҳлантиришлар беряпти ва Исроил халқини қандай ҳимоя қилган бўлса, бизни ҳам дунёнинг ёмон таъсиридан ҳимоя қилиб келяпти. Хўш, Исроил халқининг хатоларидан сабоқ оламизми? (1 Кор. 10:6–11) Келинг, каъонликларникига ўхшаш фикрлаш тарзини бутунлайин соқит қилиш учун жон куйдирайлик. (Рим. 12:2)

УМИДСИЗЛИККА ҚАРАМАЙ, УЛАР ИМОННИ САҚЛАБ ҚОЛИШДИ

7. а) Йифтохнинг яқинлари унга нима қилишди? б) Йифтох бунга қандай муносабат билдирди?

7 Йифтохнинг даврида Исроил халқи итоатсизлик натижасида филистимликлар билан оммонликларнинг қулларига айланган. (Ҳак. 10:7, 8) Аммо Йифтохга нафақат душман халқлар, балки унинг ака-укалари ва Исроил оқсоқоллари ҳам қийинчиликлар туғдиришган. Ҳасад ва нафрат туфайли ўгай ака-укалари Йифтохни тўнғич фарзанд сифатида эга бўлган меросидан ноҳақ маҳрум этиб, ҳайдашган. (Ҳак. 11:1–3) Лекин Йифтох уларнинг бундай разил хатти-ҳаракатлари унинг муносабатига таъсир қилишига йўл қўймаган. Халқ оқсоқоллари ундан ёрдам сўраб келишганларида, Йифтох илтимосларини рад этмасдан, уларга ёрдам қўлини чўзган. (Ҳак. 11:4–11) Бундай вазиятда Йифтохни маънавий инсон каби йўл тутишга нима ундаган?

8, 9. а) Тавротнинг қайси принциплари Йифтохга ёрдам берган? б) Йифтох учун нима муҳимроқ бўлган?

8 Йифтох моҳир жангчи бўлиш баробарида Яҳова Ўз халқи билан қандай муносабатда бўлганини ҳам синчиклаб ўрганган. Исроил халқининг тарихини билиш Йифтохга Аллоҳнинг назарида нима яхши ва нима ёмон эканини тушунишга ёрдам берган. (Ҳак. 11:12–27) Тавротда мужассам бўлган Худонинг принциплари эса Йифтохнинг фикрлаш тарзинию қалбини шакллантирган. У билардики, Яҳова дилда гина сақлаганларни маъқулламайди, аксинча, одамлардан бир-бирини севишларини кутади. Бундан ташқари, Тавротда ҳам инсон бошқаларнинг ва ҳатто ундан «нафратланадиган» одамларнинг эҳтиёжларига бепарво бўлмаслиги кераклиги ёзилганди. (Чиқиш 23:5; Левилар 19:17, 18 ни ўқинг.)

9 Муқаддас Китобдан билиб олганимиздек, Юсуфнинг акалари ундан нафратланишган бўлса ҳам, у барибир уларга раҳм-шафқат қилган. Йифтох айнан шу художўй кишидан сабоқ олган бўлса керак. (Ибт. 37:4; 45:4, 5) Бундай мисол устида мулоҳаза юритиш Йифтохга Яҳовани мамнун қиладиган ҳаёт йўлини танлашга ёрдам берган бўлиши мумкин. Албатта, биродарларининг хатти-ҳаракатлари Йифтохнинг қалбига оғир ботган, аммо у Яҳовага ва Унинг халқига хизмат қилишдан тўхтамаган. (Ҳак. 11:9) Яҳованинг исмини ҳимоя қилиш Йифтох учун ўзининг ҳис-туйғуларидан муҳимроқ эди. У Яҳовага бўлган имонини сақлашга қатъий қарор қилганди. Бу эса ҳам унга, ҳам Исроил халқига баракалар олиб келди. (Иброн. 11:32, 33)

10. Қай йўсин Аллоҳнинг меъёрлари масиҳий сифатида йўл тутишимизга ёрдам беради?

10 Йифтохнинг мисоли қалбимизга таъсир қилишига йўл қўямизми? Қайсидир имондошимиз кўнглимизни совутганида ёки бизга ёмон муносабатда бўлганида, ўзимизни қандай тутамиз? Келинг, бундай қийинчиликлар йиғилишларга боришимизга ёки Яҳовага хизмат қилиб, жамоатдагилар билан вақт ўтказишимизга халақит беришига йўл қўймайлик. Йифтохга тақлид қилган ҳолда биз ҳам Аллоҳнинг меъёрлари ёрдамида қийин вазиятларни енгиб, яхшилик қилишда давом этишимиз мумкин. (Рим. 12:20, 21; Колос. 3:13)

КЎНГИЛЛИ ҚУРБОНЛИКЛАР ИМОНДАН ДАРАКДИР

11, 12. Йифтох қандай ваъда берди ва бу ваъда нимани ўз ичига олган?

11 Йифтох Исроил халқини оммонликларнинг қўлидан халос этиш учун Худонинг ёрдамига муҳтож эканини биларди. Шу боис Йифтох, агар Яҳова унга ғалаба берса, уйига эсон-омон қайтиб борганида уни қарши олган биринчи тирик жонни Яҳовага куйдириладиган қурбонлик сифатида келтиришга ваъда беради. (Ҳак. 11:30, 31) Ушбу қурбонлик нимани ўз ичига олган?

12 Одамларни қурбонликка келтириш Яҳова учун жирканчдир. Шубҳасизки, Йифтох ҳеч кимни том маънода қурбонликка келтирмоқчи эмасди. (Қонун. 18:9, 10) Тавротга биноан, куйдириладиган қурбонлик бутунлайин Яҳовага бағишланарди, демак, Йифтох ҳам унга пешвоз чиққан биринчи инсонни Яҳовага хизмат қилишга бағишлаши кераклигини тушунарди. Бу ваъдага кўра, инсон муқаддас чодирда бутун ҳаёти давомида хизмат қилиши керак эди. Яҳова Йифтохнинг шартларига рози бўлди ҳамда душманни унга таслим қилиб, бўйсунтирди ва шу йўсин уни ғалаба билан тақдирлади. (Ҳак. 11:32, 33) Лекин Аллоҳга «куйдириладиган қурбонлик» сифатида келтириладиган инсон ким бўлар экан?

13, 14. Ҳакамлар 11:35 даги Йифтохнинг сўзлари унинг имони ҳақида нимани очиб беряпти?

13 Келинг, бу мақоланинг бошида тилга олинган воқеани эслайлик. Йифтох урушдан қайтганида, келиб-келиб унинг яккаю-ягона фарзанди — суюкли қизи уни қаршилаб чиқса бўладими! Мана энди Йифтохнинг имони синаладиган пайт келди. Қизиқ, Йифтох ваъдасига вафо қилиб, қизини қолган умрини муқаддас чодирда хизмат қилишга бағишлармикан?

14 Ҳа, бу сафар ҳам Аллоҳнинг меъёрлари Йифтохга тўғри қарор чиқаришга ёрдам берган. Эҳтимол, у Чиқиш 23:19 даги сўзларни эсга олган бўлиши мумкин. Бу оятда художўй одамлар Яҳовага энг яхшисини беришга тайёр бўлишлари кераклиги ҳақида айтилган. Бундан ташқари, Тавротда: «Агар бирорта эркак киши Эгамизга ваъда берган бўлса,.. айтганларининг ҳаммасини бажарсин. У сўзидан қайтмасин»,— дейилган. (Саҳ. 30:3) Демак, Қонунга кўра, агар инсон ваъда берса, уни албатта бажариши зарур эди. Гарчи Йифтох ваъдага вафо қилиш ўзининг ва қизининг келажаги учун нимани англатишини билса ҳам, у, афтидан замондоши бўлган художўй Ханнага ўхшаб, лафзида туриши керак эди. Гап шундаки, Йифтохнинг бошқа фарзанди бўлмаган, шу сабабли фақат қизи унинг наслини давом эттирадиган ва Исроилдаги ерига эгалик қиладиган меросхўр бўла оларди. (Ҳак. 11:34) Бироқ шунга қарамай, Йифтох қуйидаги қарорга келади: «Мен Эгамизга қасам ичган эдим, энди сўзимни қайтиб ололмайман!» (Ҳак. 11:35) Йифтох ўзининг зиёнига бўлса ҳам, имонда қатъий тургани туфайли Аллоҳнинг илтифотию баракасига эга бўлди. Сиз ҳам бундай қарор чиқара олармидингиз?

15. Кўпларимиз қандай ваъда берганмиз ва имонли инсон эканимизни қандай исботлай оламиз?

15 Яҳовага ҳаётимизни бағишлаганимизда, Унинг иродасини итоаткорлик ила бажаришга ваъда берганмиз. Ушбу ваъдага мувофиқ ҳаёт кечириш биздан фидойиликни талаб қилишини билганмиз. Бироқ биз ёқтирмаган топшириқларни бажаришни сўрашганларида, бунга қандай муносабат билдирамиз? Агар фидойиликни намоён этиб, бизга ноқулай бўлганда ҳам Аллоҳга хизмат қилсак, имонли инсон эканимизни исботлаймиз. Тўғри, бирон нарсани қурбон қилиш бизга оғриқ келтириши мумкин. Лекин бу, Яҳованинг назаридан четда қолмайди, У бизга доим сероб баракалар ёғдиради. (Мал. 3:10) Аммо Йифтохнинг қизи ҳақида нима деса бўлади?

Қандай қилиб биз Йифтох ва унинг қизига ўхшаб, имонни намоён эта оламиз? (16-, 17- хатбошиларига қ.)

16. Йифтохнинг қизи отасининг ваъдасига қандай муносабатда бўлди? (Очқич оятнинг юқорисидаги расмга қ.)

16 Йифтохнинг қизи учун дадаси берган ваъдага биноан яшаш осон бўлмаган. Бу ваъда Ханнанинг ваъдасидан фарқ қиларди. Негаки, Ханна ўғли Шомуилни муқаддас чодирда Аллоҳга назр қилинган инсон сифатида хизмат қилишга бағишлаган эди. (1 Шоҳ. 1:11) Шуниси аҳамиятлики, назр қилинган инсон уйланиб, оила қуриши мумкин эди. Аммо Йифтохнинг қизи бундай хурсандчиликлардан воз кечиб, бутунлайин «куйдириладиган қурбонлик» сифатида келтирилиши керак эди. (Ҳак. 11:37–40) Зафар қозонган лашкарбоши ва Исроил йўлбошчисининг қизи бўлгани учун у Исроилдаги энг зўр кишига турмушга чиқа оларди. Аммо энди у муқаддас чодирда оддий бир хизматчи бўлиши лозим эди. Қизиқ, бу ёш қиз қандай йўл тутади? У: «Отажон,.. Эгамизга сўз берган бўлсангиз, зинҳор сўзингиздан қайтманг»,— деб, Яҳовага хизмат қилишни биринчи ўринга қўйганини кўрсатади. (Ҳак. 11:36) Бу қиз ҳақ топинишни олға суриш мақсадида оила қуриш ва фарзанд кўриш каби табиий истакларини қурбон қилди. Хўш, унинг фидойилигига қандай тақлид қила оламиз?

17. а) Имонни намоён этишда Йифтох ва унинг қизига қандай тақлид қила оламиз? б) Қай йўсин Ибронийларга 6:10–12 даги сўзлар сизни фидойи бўлишга ундайди?

17 Минглаб ёш масиҳийлар вақтинчалик турмуш қурмасдан ёки фарзанд кўрмасдан, ўзларини бутунлайин Яҳовага хизмат қилишга бағишлашяпти. Ёши улуғ масиҳийлар ҳам қурилиш ишларида қатнашиш, Шоҳлик хабарчилари мактабида ўқиш ҳамда ваъзгўйларга эҳтиёж катта бўлган ҳудудларда хизмат қилиш учун фарзандлари ва набиралари билан ўтказишлари мумкин бўлган вақтни қурбон қилишяпти. Бошқалар эса Қутлуғ Кечлик мавсумида воизлик учун ташкил этилган кампанияларда иштирок этиш мақсадида шахсий ишларини бир чеккага суриб қўйишади. Тангри Яҳова астойдил қилинган бундай хизматимиздан ниҳоятда қувонади ва Унга кўрсатган севгимизни ҳамда меҳнатимизни ҳеч қачон унутмайди. (Ибронийларга 6:10–12 ни ўқинг.) Яҳовага кўпроқ хизмат қилиш учун сиз ҳам қўшимча қурбонликларга боришга тайёрмисиз?

САБОҚЛАР

18, 19. а) Йифтох ва унинг қизи ҳақидаги баёнотдан қандай сабоқ олдик? б) Биз уларга қандай тақлид қилишимиз мумкин?

18 Йифтохнинг ҳаёти қийинчиликларга тўла бўлса-да, қарорлар чиқаришда у доим Яҳованинг раҳбарлигини излаган. Боз устига, у атрофдаги одамларнинг таъсирига берилмаган ва бошқалар уни хафа қилса ҳам, бу унинг имонда собит туриш қарорига халақит беришига йўл қўймаган. Унинг ва қизининг фидойилиги баракалар келтирган, зеро Яҳова уларнинг иккаласидан ҳам ҳақ топинишни олға суриш мақсадида фойдаланган. Одамлар худобехабар бўлиб кетган бир даврда Йифтох ва унинг қизи Аллоҳнинг меъёрларига қаттиқ амал қилишарди.

19 Аллоҳнинг Каломи бизни «имон ва сабр-тоқат билан Тангрининг ваъдаларига эришадиганлардан ибрат олишга» чорлайди. (Иброн. 6:12) Келинг, биз ҳам Йифтох ва унинг қизига ўхшаб, «имон Аллоҳнинг марҳаматига эриштиради», деган ҳақиқатга мувофиқ ҳаёт кечирайлик!