Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

Оғир меҳнат қилишни ўрганиш жисмоний машққа ўхшайди. Бу сизга ҳозир ва келажакда фойда келтиради

ЁШЛАР УЧУН

11. Меҳнатсеварлик

11. Меҳнатсеварлик

НИМАНИ АНГЛАТАДИ?

Меҳнатсевар инсонлар ўзини ишдан олиб қочишмайди. Аксинча, улар шахсий эҳтиёжларини қондириш ва бошқаларга ёрдам бериш учун — ҳатто бу иш нуфузли бўлмаган тақдирда ҳам — жон куйдириб меҳнат қилишдан завқ олишади.

НЕГА БУ МУҲИМ?

Биз буни истаймизми ёки йўқми, ҳаётдаги масъулиятларимиз анчагина. Кўпчилик оғир меҳнат қилишни ёқтирмайдиган бу дунёда меҳнатсевар бўлиш сизга муайян имтиёзлар беради. (Воиз 3:13)

«Меҳнат қилсангиз, фахр ва ички қониқиш туйғусини ҳис этасиз. Мен буни ўз тажрибамдан билиб олдим. Ички қониқиш туйғуси туфайли меҳнатга меҳр қўйдим. Ишни виждонан бажариш яхши обрўга эга бўлишингизга ҳам ёрдам беради». (Рейон)

МУҚАДДАС КИТОБДАГИ ПРИНЦИП: «Ҳар қандай меҳнатнинг фойдаси бор». (Ҳикматлар 14:23)

НИМА ҚИЛСАНГИЗ БЎЛАДИ?

Қуйида келтирилган қадамларни қўйиб, меҳнатга тўғри нуқтаи назарни ривожлантиринг.

Ишларни пухта бажаришга ўрганиб, мамнуният топинг. Уй ишларини қиласизми ёки мактабда берилган уй вазифаларини ниҳоясига етказасизми, ё бўлмасам дунёвий ишни бажарасизми, зўр бериб ҳаракат қилинг. Топшириқни яхши бажариш билан кифояланмай, уни аъло даражада, яъни тезроқ ёки сифатлироқ бажариш йўлларини изланг. Маҳоратингиз ошгани сайин қилаётган меҳнатингиздан кўпроқ роҳатланасиз.

МУҚАДДАС КИТОБДАГИ ПРИНЦИП: «Ўз ишига маҳоратли одамни кўрганмисан? У оддий инсонлар эмас, шоҳлар ҳузурида туради». (Ҳикматлар 22:29)

Вазиятга кенгроқ қаранг. Зиммангиздаги масъулиятни яхши бажарсангиз, бу бошқаларга ҳам фойда келтиради. Масалан, уй ишларини қунт билан бажарсангиз, оилангизнинг оғирини енгил қиласиз.

МУҚАДДАС КИТОБДАГИ ПРИНЦИП: «Олишдан кўра беришнинг бахтиёрлиги катта». (Ҳаворийлар 20:35)

«Икки чақирим йўл юринг». Ишларни шунчаки қўл учида қилмасдан, талаб қилинганидан ҳам ортиғини қилишга интилинг. Шундай йўл тутиб, яъни кўпроғини адо этиш орқали сиз ўз ҳаётингизни бошқара оласиз. Сабаби буни мажбурликдан эмас, балки шундай қилишни ўзингиз танлаганингиз учун қиласиз. (Матто 5:41)

МУҚАДДАС КИТОБДАГИ ПРИНЦИП: «Яхшилигингиз мажбурий эмас, балки ихтиёрий бўлсин». (Филимўнга 14)

Мувозанатли бўлинг. Меҳнатсевар инсонлар дангасалик ҳам қилмайди, ишга муккасидан ҳам кетмайди. Улар мувозанатли бўлишга интилиб, оғир меҳнат қилишдан ҳам, дам олишдан ҳам мамнуният топишади.

МУҚАДДАС КИТОБДАГИ ПРИНЦИП: «Бир ҳовуч ором, икки ҳовуч заҳмат ва шамол ортидан қувишдан яхшироқдир». (Воиз 4:6)