МУҚОВАДАГИ МАВЗУ

Хеллоуин тўғрисидаги ҳақиқат

Хеллоуин тўғрисидаги ҳақиқат

Сиз яшайдиган жойда Хеллоуин нишонланадими? Қўшма Штатлар ва Канадада Хеллоуин кенг тарқалган бўлиб, ҳар йили 31 октябрь куни нишонланади. Хеллоуин билан боғлиқ урф-одатлар дунёнинг бошқа кўпгина қисмларида ҳам мавжуд. Баъзи жойларда бошқача номланса-да, асоси ўхшаш — арвоҳлар, парилар, ялмоғизлар ва ҳатто Иблис ва жинлар каби руҳий олам билан боғлиқ байрамлар нишонланади. («Хеллоуинга ўхшаш байрамлар» номли рамкага қаранг.)

ЭҲТИМОЛ, ғайритабиий кучларга ишонмассиз. Хеллоуин ва шунга ўхшаш байрамларни шунчаки хурсандчилик қилиш ва фарзандларингизнинг тасаввур қилиш қобилиятини ривожлантириш имкони деб биларсиз. Аммо кўп одамлар бу байрамларни қуйидаги сабабларга кўра зарарли деб ҳисоблайди:

  1. Бир энциклопедияда шундай деб ёзилган: «Хеллоуин асосан таҳдид қиладиган ва қўрқитадиган руҳий кучлар билан алоқада бўлишни ўз ичига олади». («Encyclopedia of American Folklore») («Хеллоуиннинг тарихи» номли рамкага қаранг.) Хеллоуин каби кўпгина байрамларнинг илдизи бутпарастлик ва аждодларга сиғинишга бориб тақалади. Ҳатто бугунги кунда ҳам дунё бўйлаб одамлар Хеллоуинни нишонлаб, арвоҳлар билан алоқада бўляпмиз, деб ўйлашади.

  2. Хеллоуин асосан Америкада нишонланадиган байрам ҳисобланса-да, йилдан-йилга кўплаб мамлакатларда бу байрамни нишонлайдиганлар сони ошиб бормоқда. Уларнинг аксарияти Хеллоуиннинг рамзлари, безаклари ва урф-одатлари ғайриоддий мавжудотлар ва оккультизм билан боғлиқлигини ва бутпарастликдан келиб чиққанини билмайди. («Бу қаердан келиб чиққан?» номли рамкага қаранг)

  3. Сеҳр-жоду билан шуғулланиш ва қадимий кельт урф-одатларини ўз ичига оладиган Вика динига мансуб минглаб одамлар Хеллоуинни ҳозиргача қадимги Самайн номи билан аташади ва уни йилнинг энг муқаддас кечаси деб билишади. Бир газетада ўзини ялмоғиз деб ҳисоблайдиган кишининг қуйидаги сўзлари келтирилган: «Христианлар ўзлари билмаган ҳолда бизнинг байрамимизни нишонлашяпти. [...] Бу бизга ёқяпти». («USA Today»)

  4. Хеллоуинга ўхшаш байрамлар Муқаддас Китоб таълимотларига зид. Муқаддас Китобда қуйидаги огоҳлантирув келтирилган: «Орангизда... фолбин, сеҳр-жоду билан шуғулланувчи, белгиларга қараб фол очувчи, сеҳргар, иссиқ-совуқ қилувчи, арвоҳ чақирувчи билан маслаҳатлашадиган, фолбин ёки ўликларга мурожаат қилувчи бўлмасин». (Қонунлар 18:10, 11; шунингдек, Левилар 19:31; Галатияликларга 5:19–21 га қаранг.)

Юқорида айтилган барча нарсани инобатга олган ҳолда, Хеллоуиннинг ва шунга ўхшаш байрамларнинг келиб чиқишини билишимиз доноликдан бўларди. Эҳтимол, билиб олганларингиз сизни бу байрамларда қатнашмасликка ундар.

Бир газетада ўзини ялмоғиз деб ҳисоблайдиган кишининг қуйидаги сўзлари келтирилган: «Христианлар ўзлари билмаган ҳолда бизнинг байрамимизни нишонлашяпти. [...] Бу бизга ёқяпти». («USA Today»)