ТАРЖИМАИ ҲОЛ

Яҳованинг хизматида ўтган бахтиёр ҳаётим

Яҳованинг хизматида ўтган бахтиёр ҳаётим

КАНАДА Байтилидаги илк вазифам адабиётларимиз чоп этиладиган бинода полларни супуриш эди. Ўшанда 1958 йил эди. Ёшим 18 да бўлган. Ҳаёт ажойиб эди. Кўп ўтмай, чоп этилган журналларимизнинг четини кесадиган машинада ишлай бошладим. Байтилда эканимдан роса хурсанд эдим.

Бир йил ўтгач, Байтилда Жанубий Африкадаги филиалда ихтиёрий хизматчилар кераклиги ҳақида эълон бўлди. У ерда нашр этадиган янги машина ўрнатилиши режалаштирилаётганди. Хоҳловчилар рўйхатига исмимни ёзиб қўйдим ва мени танлашганидан жуда хурсанд бўлдим. Канададаги яна учта байтилчи Деннис Лик, Кен Нордин ва Бил Маклиллан ҳам танланди. Чипталаримиз фақат бир тарафга эканини айтишди.

Онамга қўнғироқ қилиб: «Сизга битта хабар айтмоқчиман. Жанубий Африкага кетяпман»,— дедим. Онам оғир босиқ эди, лекин имони ва маънавийлиги кучли бўлган. Ўшанда онам кўп гапирмади, аммо мени қўллаб-қувватлаётганини тушундим. Гарчи улар анча узоқда бўлишимдан озгина хафа бўлган бўлса-да, отам ҳам, онам ҳам ҳеч қачон мени бу қароримдан қайтаришга ҳаракат қилмаган.

ЖАНУБИЙ АФРИКАГА ЙЎЛ ОЛДИМ

Кейптаундан Йоханнесбургга поездда Деннис Лик, Кен Нордин ва Бил Маклиллан билан кетяпмиз, 1959

Тўртталамиз 60 йилдан сўнг Жанубий Африкадаги филиалда кўришдик, 2019

Аввал тўртталамиз Бруклиндаги Байтилга бориб, уч ой давомида чоп этиш соҳасида махсус таълим олдик. Кейин эса Кейптаунга (Жанубий Африка) йўл олган юк кемасига ўтирдик. Ўшанда эндигина йигирмага киргандим. Кейптаундан кечки пайт поездда Йоханнесбургга кетдик. Саҳарда ярим дашт ҳудудидаги Кару шаҳарчасига келдик. Ҳамма жой чанг, тутун бўлиб, роса жазирама эди. Тўртталамиз ҳам ойнадан қараб, бу қандай жой экан, деб қизиқардик. Янги вазифамизни қандай бажарар эканмиз, деб хавотирланаётгандик. Аммо кейинги йиллар давомида бу ҳудудга келганимизда, у ердаги шаҳарчалар чиройли ва ҳаёти тинч эканини тушундик.

Илк бир неча йил давомида қизиқарли ва мураккаб линотип машинасида ишлаб «Қўриқчи минораси» ва «Уйғонинг!» журналларидаги ҳарфларни чоп этишга мўлжалланган чизиқларни тайёрлардим. Филиал нафақат Жанубий Африкадаги, балки унинг шимолидаги кўпгина мамлакатларда гапириладиган Африка тилларида ҳам журналларни чоп этарди. Канададан янги чоп этиш машинасини олганимизда роса суюндик. Уни анча вақт мобайнида ишлатдик.

Кейинчалик эса адабиётларимизни чоп этиш, уларни юбориш ва таржима қилиш каби турли ишларга масъул бўлган босмахонада хизмат қилдим. Ҳаётим жуда қизғин ва мазмунли эди.

НИКОҲ ВА ЯНГИ ВАЗИФА

Лаура билан махсус кашшоф бўлганимизда, 1968

1968 йили Лаура Боун исмли кашшоф синглимизга уйландим. У Байтил яқинида яшарди ва Таржима бўлимининг ёзув ишларида ёрдам берарди. Ўша пайтларда одатда энди турмуш қурган жуфтликларни Байтилда қолдиришмас эди. Шу боис, махсус кашшоф этиб тайинландик. Мен бироз хавотирлангандим. Сабаби, 10 йил давомида Байтилда хизмат қилганимда озиқ-овқат ва бошпанам тайёр эди. Энди эса махсус кашшофларга бериладиган ёрдам пули билан буларни қандай эпларканмиз, деб ўйлардим. Ўшанда ҳар биримизга 25 ранд (ўшанда бу 35 АҚШ долларига тенг эди) бериларди. Ҳар ой учун мўлжалланган соат нормасини, такрорий ташриф ва адабиётлар миқдорини топширсаккина ўша пулни олишимиз мумкин эди. Бу пул ёрдамида ижара, дори-дармон, озиқ-овқат, транспорт учун тўлашимиз, шунингдек, шахсий эҳтиёжларимизни қондиришимиз керак эди.

Ҳинд океани яқинидаги Дурбан шаҳридан узоқ бўлмаган жойга тайинландик. У ерда кўпгина ҳиндлар яшарди. Улар Жанубий Африкага 1875 йилларда шакар ишлаб чиқариш соҳасида меҳнат қилишга келган ишчиларнинг авлоди эди. Энди улар бошқа ишлар билан шуғулланарди. Бироқ урф-одатлари ва таомлари, жумладан, аччиққина карри зиравори ҳам ўша-ўша эди. Қолаверса, улар инглиз тилида гапирарди. Шунинг учун, бемалол суҳбат қурардик.

Махсус кашшофлардан ҳар ой 150 соат хизмат қилиш кутиларди. Шу боис, Лаура билан биринчи куни олти соат хизмат қилишни режалаштирдик. Ҳаво иссиқ ва дим эди. Бизда на такрорий ташрифлар, на Муқаддас Китоб тадқиқлари бор эди. Олти соат давомида фақатгина уйма-уй юриб хизмат қилишимиз керак эди. Хизматни бошлаганимиздан бироз вақт ўтгач, соатга қарадим — атиги 40 дақиқа ўтган экан. Шунда, буларни қандай эплар эканмиз, деб ўйлаб қолдим.

Кейинчалик яхшироқ жадвал туздик. Ҳар куни сендвичлар тайёрлаб, термосга шўрва солиб ёки қаҳва дамлаб олардик. Танаффус қилиш керак бўлганда эса кичкина «Volkswagen» машинамизда сояда тўхтардик. Гоҳида ширингина ҳинд болалари атрофимизни ўраб олиб, қизиқиб бизни томоша қиларди. Бир неча кун ичида шуни тушундикки, илк икки ё уч соатдан кейин куннинг қолган қисми тезда ўтиб кетар экан.

Ўша ҳудудда яшовчи меҳмондўст одамларга Муқаддас Китобдаги ҳақиқатни айтиш қувонч бахш этарди. Ҳиндлар бошқаларни ҳурмат қиладиган, раҳмдил ва худотарс эканини кўрардик. Ҳиндуийлик динига эътиқод қилган кўплар хушхабарни қабул қилди. Улар Яҳова, Исо, Муқаддас Китоб, бўлажак янги дунёдаги тинчлик ва тирилиш ҳақида ўрганишни яхши кўрарди. Бир йил ўтгач, 20 та тадқиқимиз бор эди. Ҳар куни биз тадқиқ ўтказган оилалардан бири билан овқатланардик. Роса бахтиёр эдик.

Кўп ўтмай, бошқа вазифага — гўзал Ҳинд океанининг соҳилларидаги ҳудудга туман нозирлик хизматига тайинландик. Ҳар ҳафта жамоатдаги ваъзгўйлар билан ҳамкорлик қилиб, уларга далда берардик. Уларникига борганимизда, улар бизни меҳмон қиларди. Улар биз билан ўз оила аъзосидек муомала қиларди. Уларнинг фарзандларию ҳайвонлари билан вақт ўтказиб маза қилардик. Шу йўсин, икки йилимиз ажойиб тарзда ўтди. Сўнг кутилмаганда филиалдан қўнғироқ бўлди. Биродар: «Сизларни Байтилда хизмат қилишга таклиф қилмоқчимиз»,— деди. Мен: «Бу ерда хизмат қилишдан бахтиёрмиз»,— дедим. Албатта, бизни қаерга тайинлашса, ўша ерда хизмат қилишга тайёр эдик.

БАЙТИЛГА ҚАЙТИШ

Байтилда мени Хизмат бўлимига тайинлашди. У ерда тажрибали, маънан етук кўп биродарлар билан бирга хизмат қилиш шарафига эга эдим. Ўша пайтда ҳар бир жамоатга туман нозирининг ташрифидан сўнг хат жўнатиларди. Бундан мақсад имондошларга далда ва керакли йўл-йўриқни бериш эди. Бу коса, зулу ва бошқа тиллардан ёзишмаларни инглиз тилига, сўнг эса инглиз тилидан Африка тилларига таржима қилган котиб биродарлар учун жуда кўп ишни бажариш кераклигини англатарди. Ўша меҳнатсевар таржимонлар менга Африкадаги қора танли биродару опа-сингилларимиз дуч келган қийинчиликларни тушунишимга ёрдам бергани учун миннатдор эдим.

Ўша пайтда Жанубий Африкадагилар ҳукуматнинг апартеид тизими остида яшарди. Ҳар бир ирқий гуруҳ яшаши учун алоҳида жойлар ажратилган эди. Шу боис, турли хил ирқдаги одамлар ўртасида мулоқот кам эди. Африкадаги қора танли биродарларимиз она тилида гапирарди, ваъз қиларди ва ўша тилда ўтказилган жамоатларга қатнарди.

Инглиз тилида гапирадиган ҳудуддаги жамоатга тайинланганим учун кўпгина африкалик қора танли имондошларни танимасдим. Энди эса африкалик қора танлилар ҳамда уларнинг маданияти ва урф-одатлари тўғрисида билиш имконига эга бўлгандим. Биродарларимиз маҳаллий урф-одатлар ва диний қарашлар билан боғлиқ қандай қийинчиликларга дуч келаётганини билиб олдим. Улар Муқаддас Китобга зид бўлган урф-одатларда қатнашишдан бош тортганида ва сеҳр-жоду билан боғлиқ ишларни қилмаганида, оила аъзоларию ҳамқишлоқлари томонидан қаттиқ қаршиликларга дуч келганида ажойиб жасоратни намоён этарди. Қишлоқ жойларда қашшоқлик кенг тарқалганди. Кўплар кам ўқиган ёки умуман саводсиз эди. Бироқ Муқаддас Китобни ҳурмат қиларди.

Эркинликда топиниш ва бетарафлик билан боғлиқ баъзи юридик ишларда қатнашиш шарафига сазовор бўлдим. Яҳованинг Шоҳиди бўлган болалар дуолару диний мадҳияларни куйлашдан бош тортгани учун мактабдан ҳайдалган эди. Уларнинг садоқатию жасоратини кўриш имонни роса мустаҳкамларди.

Ўша пайтда Свазиленд деб номланган Африкадаги кичик бир мамлакатда биродарлар яна бир қийинчиликка дуч келди. Шоҳ Собхуза II ўлганида барча фуқоралардан азадорликнинг расм-русумларига амал қилиш талаб этилди. Эркаклар сочини қириши, аёллар эса сочини калта кесиши кутиларди. Кўплаб биродару опа сингиллар аждодларга сиғиниш билан боғлиқ урф-одатларда қатнашишдан бош тортгани учун қувғунларга дуч келган. Уларнинг Яҳовага бўлган садоқатини кўриб жуда қувонардик. Африкадаги биродарларимиздан имон, садоқат ва сабр масаласида жуда кўп нарсани ўргандик, бу имонимизга имон қўшди.

БОСМАХОНАГА ҚАЙТИШ

1981 йили яна босмахонада хизмат қила бошладим. У ерда босиб чиқариш ишида компьютерлардан фойдаланишда кўмаклашардим. Ўшанда ажойиб дамлар эди. Босиб чиқариш усуллари ўзгараётганди. Маҳаллий савдо вакилларининг бири филиалга янги фотонабор машинасини бепул фойдаланишга берди. Натижада тўққизта линотип машинасини бешта фотонабор машинасига алмаштирдик. Шунингдек, янги босма машинасини ўрнатдик. Ишимизнинг тезлиги янада ошди.

Компьютерлар кўп тилларда нашр этиш электрон системаси, яъни MEPS ёрдамида матнни саҳифаларга кўчиришнинг янги йўлларини топишга ҳисса қўшди. Биз тўртта канадалик байтилчи Жанубий Африкага келганимиздан бери технология анча яхшиланган эди. (Ишаё 60:17) Бу вақтга келиб, ҳаммамиз маънан етук кашшоф имондошлар билан оила қурдик. Бил ва мен Байтилда хизмат қилардик. Кен ва Деннис биздан узоқ бўлмаган жойда ўз оилалари билан яшарди.

Филиалнинг фаолияти кенг қулоч ёзарди. Муқаддас Китобга асосланган адабиётлар таржима қилинарди ва кўплаб тилларда чоп этиларди. Шунингдек, улар бошқа филиалларга жўнатиларди. Натижада янги Байтил биноларига эҳтиёж туғилди. Биродарлар Йоханнесбургнинг ғарбий ҳудудида чиройли филиал қурди ва у 1987 йили бағишланди. Ушбу ривожланишнинг гувоҳи бўлиш ва кўп йиллар давомида Жанубий Африкадаги Филиал қўмитасида хизмат қилиш мамнуният бахш этди.

ЯНА БИР ВАЗИФА

2001 йили кутилмаган баракага эга бўлдик. Мени янги ташкиллаштирилган Қўшма Штатларнинг Филиал қўмитасига таклиф қилишди. Гарчи Жанубий Африкадаги хизматимизни ҳамда у ердаги дўстларимизни тарк этиш оғир бўлган бўлса-да, Қўшма Штатлардаги Байтил оиласи билан янги ҳаёт бошлашдан бахтиёр эдик.

Лекин Лауранинг кексайиб қолган онасидан узоқда бўлишимиздан хавотирда эдик. Нью-Йоркда бўлсак, у учун кўп нарса қила олмасдик. Аммо Лауранинг учта синглиси онасига жисмоний, ҳиссий ва моддий тарафдан ёрдам беришни таклиф қилди. Улар шундай деди: «Биз тўла вақтли хизматда иштирок эта олмасмиз, лекин онамизнинг эҳтиёжларига ғамхўрлик қилсак, сизлар хизматингизни давом эттира оласиз». Улардан жуда миннатдормиз.

Торонтода (Канада) яшаган акам ва хотини бева бўлиб қолган онамизга ғамхўрлик қиларди. Ўша пайтда онам улар билан яшаётганига 20 йилдан ошганди. Биз Нью-Йоркка қайтганимиздан кейин ҳам улар онамизга сўнгги нафасигача ғамхўрлик қилгани учун ниҳоятда миннатдормиз. Қўллаб-қувватлашга тайёр оила аъзоларга эга бўлиш катта барака. Улар гоҳида қийинчилик туғдирадиган масъулиятни олиш учун ҳаётига ўзгаришлар киритишга тайёр бўлди.

Бир неча йил давомида Қўшма Штатлардаги вазифам адабиётларимизни нашр этиш иши билан боғлиқ эди. Бу иш ҳозир анча замонавийлашган ва соддалашган. Яқинда Таъминот бўлимига тайинландим. Сўнгги 20 йил давомида улкан Байтил оиласининг бир қисми бўлиш ажойиб бўлди. Ҳозирда бу ерда деярли 5 000 та байтилчи ва тахминан 2 000 та штатдан ташқари байтилчи хизмат қилади.

Олтмиш йил олдин бу ерда бўлишимни ҳатто хаёлимга ҳам келтирмаган эдим. Ушбу йиллар давомида Лаура мени сидқидилдан қўллаб-қувватлаб келяпти. Ҳаётим чинакамига бойиди. Бажарган турли вазифалар, бирга хизмат қилган ажойиб имондошлар, жумладан, дунё бўйлаб ташриф буюрган филиаллардаги биродару опа-сингиллар ва бажарган топшириқларимизни жуда қадрлаймиз. Ҳозирда ёшим 80 дан ошган ва мен камроқ вазифа бажаряпман, сабаби уларни бажариш учун ёшроқ биродарлар таълим олган.

Сано бастакори қуйидагича ёзган: «Яҳова қайси халқнинг Худоси бўлса,.. ўша халқ бахтлидир». (Заб. 33:12) Бу чиндан ҳам шундай. Яҳовага Унинг бахтиёр халқи билан хизмат қила олаётганим учун мингдан-минг раҳмат!