НИМА БАХТГА ЕТАКЛАЙДИ?

Севги

Севги

ИНСОНЛАР СЕВГИГА ТАШНА. Ҳеч бир никоҳ, оила ёки дўстлик севгисиз гуллаб-яшнай олмайди. Демак, инсоннинг руҳий саломатлиги ва ўзини бахтиёр ҳис қилишида севгининг ўрни катта. «Севги» деганда нима назарда тутиляпти?

Ишқий севгининг ҳаётда ўз ўрни бўлса-да, бу мақолада «севги» сўзи остида бошқа нарса назарда тутилган. Бу севгининг энг олий тури бўлиб, инсонни бошқаларни ўзидан устун қўйишга ва уларнинг фойдасини кўзлаб чин дилдан қайғуришга ундайди. Бундай севги илоҳий принциплар бўйича йўл тутади, бироқ илиқ туйғуларни ҳам ўз ичига олади.

Севгига шундай чиройли таъриф берилган: «Севги сабр-тоқатли ва меҳрибондир. Севги рашк қилмайди, мақтанмайди, кеккаймайди, одобсизлик қилмайди, ўз манфаатини кўзламайди, аччиқланмайди, хафагарчиликларни ҳисоблаб юрмайди, адолатсизликка севинмайди, балки ҳақиқат ила қувонади. Севги ҳар нарсани кўтаради,.. ҳар нарсага умид қилади, ҳамма нарсага чидайди. Севги ҳеч қачон тугамайди». (1 Коринфликларга 13:4–8)

Бундай севги «ҳеч қачон тугамайди». Аксинча, вақт ўтгани сайин мустаҳкамланиб боради. У сабр-тоқатли, меҳрибон ва кечиримли бўлгани боис, «инсонларни етук даражада бирлаштиради». (Колосаликларга 3:14) Бундай севгига асосланган муносабатлар инсон номукаммаллигига қарамай, хавфсизлик ва бахтни туйишга ҳисса қўшади. Масалан, никоҳ ришталарини кўриб чиқайлик.

«ИНСОНЛАРНИ ЕТУК ДАРАЖАДА БИРЛАШТИРАДИ»

Исо пайғамбар никоҳ борасида иккита муҳим принципга диққат қаратган. Масалан, Инжилда унинг шу сўзларини ўқиймиз: «“Киши ота-онасини қолдириб, хотинига боғланиб қолади ва иккови бир тан бўлади”... Шундай экан, Аллоҳ бирга қўшганини бандаси ажратмасин». (Матто 19:5, 6) Бу оятда камида иккита муҳим принцип ажратиб кўрсатилган.

«ИККОВИ БИР ТАН БЎЛАДИ». Никоҳ — инсонларни бирлаштириб турувчи энг яқин ришталардан биридир. Севги фазилати турмуш ўртоққа хиёнат қилишдан, яъни эр ёки хотинни бегона инсон билан «бир тан» бўлишдан асрайди. (1 Коринфликларга 6:16; Ибронийларга 13:4) Бевафолик эр-хотин ўртасидаги ишончга путур етказиб, никоҳни барбод қилади. Фарзандларга эса ҳиссий жароҳат етказади, оқибатда улар ўзларини кераксиз ва ҳимоясиз ҳис қилади. Қолаверса, бу уларнинг дилига қаттиқ озор беради.

«АЛЛОҲ БИРГА ҚЎШГАНИНИ БАНДАСИ АЖРАТМАСИН». Никоҳ, шунингдек, муқаддас ришта ҳисобланади. Бу ҳақиқатни тан олган эр-хотинлар никоҳини мустаҳкамлашга интилади. Қийинчиликлар уларнинг никоҳига ғов бўла олмайди. Чунки уларнинг севгиси мустаҳкам ва кучли. Бундай севги «ҳар нарсани кўтара» олгани учун эр-хотинга муаммоларни ҳал этишга ёрдам беради. Натижада никоҳдаги тинчлик ва ҳамжиҳатлик ришталари сақлаб қолинади.

Эр-хотин бир-бирини астойдил севса, фарзандлари бундан катта фойда олишади. Жесика исмли бир қиз кузатувлари билан бўлишиб, шундай деди: «Ота-онам бир-бирини чин дилдан севиб, ҳурмат қилади. Онам отамни ҳурмат қилганини кўрганимда, мен ҳам унга ўхшагим келади».

Севги Худонинг энг олий фазилати. Беҳудага Муқаддас Китобда: «Аллоҳнинг Ўзи севгидир»,— деб айтилмаган. (1 Юҳанно 4:8) Шунинг учун, Яҳова «бахтиёр Тангри» деб айтилганига ҳайратланмаса ҳам бўлади. (1 Тимўтийга 1:11) Биз ҳам Яратувчимизнинг фазилатларига, айниқса, севгисига тақлид қилсак, бахтли бўла оламиз. Эфесликларга 5:1, 2 да шундай дейилган: «Севикли болалар сингари Аллоҳга тақлид қилинглар ва... севги йўлида юринглар».