Мосламалар

Тилни танланг

Қўшимча менюга ўтиш

Асосий материалларга ўтиш

Яҳованинг Шоҳидлари

ўзбекча

Яҳованинг Шоҳидлари оилаларни бузадими ёки мустаҳкамлайдими?

Яҳованинг Шоҳидлари оилаларни бузадими ёки мустаҳкамлайдими?

Яҳованинг Шоҳидлари эканмиз, нафақат ўзимизнинг, балки бошқаларнинг оиласини ҳам мустаҳкамлашга ҳаракат қиламиз. Чунки биз Худони оиланинг Асосчиси сифатида ҳурмат қиламиз (Ибтидо 2:21–24; Эфесликларга 3:14, 15). Аллоҳ, барча одамларнинг оиласи бахтли ва мустаҳкам бўлиши учун Муқаддас Китоб принциплари ёрдамида таълим беряпти.

Қандай қилиб Яҳованинг Шоҳидлари оилаларни мустаҳкамлашга ёрдам бермоқда?

Биз Аллоҳнинг Каломидаги маслаҳатларга жон-жаҳдимиз билан амал қилишга ҳаракат қиламиз. Чунончи бу маслаҳатлар яхши эр, хотин ва ота-она бўлишга катта ҳисса қўшади (Ҳикматлар 31:10–31; Эфесликларга 5:22–6:4; 1 Тимўтийга 5:8). Муқаддас Китобдаги донолик, ҳатто эътиқоди турлича бўлган оилаларга муваффақиятли бўлишга ёрдам беради (1 Бутрус 3:1, 2). Келинг, турмуш ўртоғи Яҳованинг Шоҳиди бўлганларнинг фикрини кўриб чиқайлик.

  • «Никоҳимизнинг илк йилларида кўп жанжаллашиб, бир-биримизнинг кўнглимизни ранжитардик. Аммо хотиним Ивети Яҳованинг Шоҳиди бўлганидан кейин, у меҳрибон ва сабр-бардошли инсонга айланди. Унинг бундай ўзгаргани никоҳимизни асраб қолди» (Клауир, Бразилия).

  • «Эрим Чанса Яҳованинг Шоҳидлари билан Муқаддас Китобни тадқиқ қилишни бошлаганида, унга қаршилик кўрсатганман. Чунки улар оилаларни бузади, деган фикрда бўлганман. Вақт ўтиб, Муқаддас Китоб аслида оиламни сақлаб қолганини англаб етдим» (Агнесс, Замбия).

Ваъзгўйликда одамларга Аллоҳнинг Каломидаги илоҳий донолик ҳаётнинг қуйидаги соҳаларида қандай ёрдам беришини кўрсатамиз

  • Донолик билан турмуш ўртоқ танлаш

  • Никоҳнинг биринчи йилидаги қийинчиликларни енгиш

  • Умр йўлдошнинг ота-онаси билан тил топишиш

  • Пулдан оқилона фойдаланиш

  • Баҳслашишни тўхтатиш

  • Кечиришни ўрганиш

  • Фарзандларни тарбиялаш

Динни ўзгартириш никоҳдаги низоларга сабаб бўладими?

Шуни тан олиш керакки, бундай ҳолат учраб туради. Масалан, Sofres компаниясининг 1998 йилги ҳисоботига кўра, турмуш ўртоқлардан бири динини ўзгартириб, Яҳованинг Шоҳиди бўлганларнинг 20 тадан 1 тасида жиддий муаммолар пайдо бўлиб турар экан.

Ҳазрати Исо унинг издошлари баъзан оиласида қийинчиликларга дуч келиши ҳақида башорат қилган эди (Матто 10:32–36). Тарихчи Вил Дюрант, Рим империяси даврида «масиҳийлик оилаларнинг бузилишида айбланганини» * таъкидлаб ўтган. Бугунги кунда ҳам, баъзи Яҳованинг Шоҳидлари шу сингари айбловга дуч келмоқда. Бу, Яҳованинг Шоҳидлари тушунмовчиликларнинг сабабчиси эканлигини англатадими?

Инсон Ҳуқуқлари бўйича Европа суди

Яҳованинг Шоҳидлари оилаларни бузиши тўғрисидаги айблов бўйича қарор чиқараётиб, Инсон Ҳуқуқлари бўйича Европа суди шуни таъкидлаб ўтдики, Яҳованинг Шоҳиди бўлмаган оила аъзолари аксарият пайтда «яқинининг эътиқодини эътироф этиш ҳамда унинг диний маросимларда иштирок этиш эркинлигига қаршилик кўрсатиб, ҳурмат қилмагани» дастидан оилаларда можаролар бўлиб туради. Европа суди: «Бу каби вазият эътиқоди турлича бўлган оилаларда содир бўлиши одатий ҳол ва Яҳованинг Шоҳидлари бундан мустасно эмас»,— деб қўшиб қўйди *. Дини камситилганда ҳам, Яҳова Шоҳидлари Муқаддас Китобнинг қуйидаги маслаҳатига амал қилишга интилишади: «Ёмонлик эвазига ёмонлик қайтарманглар... Иложи бўлса, қўлингиздан келганича барча одамлар билан тинч-тотув ҳаёт кечиринглар» (Римликларга 12:17, 18).

Нега Яҳованинг Шоҳидлари, фақат имондош билан турмуш қуриш керак, деб билишади?

Яҳованинг Шоҳидлари Муқаддас Китобдаги «фақат у киши Ҳазратимизга тегишли бўлиши керак» деган маслаҳатга қулоқ солиб, имондоши билан турмуш қуришади (1 Коринфликларга 7:39). Бу маслаҳат ҳам илоҳий, ҳам амалийдир. Мисол учун, оила ва никоҳ мавзусида бир журналнинг 2010 йилда чиққан мақоласида, «агар жуфтликнинг дини, урф-одати ва эътиқоди бир хил бўлса», муносабатларда бир-бирини тушуниш улар учун осон кечади («Journal of Marriage and Family») *.

Бироқ, Яҳова Шоҳидлари ўз ташкилотининг аъзоларини имондош бўлмаган турмуш ўртоқларини ташлаб кетишга ундамайди. Муқаддас Китобда шундай ёзилган: «Агар қайсидир биродарнинг хотини имондош бўлмаса-ю, у билан яшашга рози бўлса, хотинини ташлаб кетмасин. Хотин ҳам эри имондош бўлмаса-ю, у билан яшашга рози бўлса, эрини тарк этмасин» (1 Коринфликларга 7:12, 13). Яҳованинг Шоҳидлари бу маслаҳатга амал қилишади.

^ 17- х.б. «Қайсар ва Масиҳ» номли (рус) китобнинг 696- саҳифасига қаранг.

^ 18- х.б. Москвадаги Яҳова Шоҳидларига тегишли Европа суди қарорининг 26- саҳ. 111- х.б. маълумотга қаранг.

^ 20- х.б. «Никоҳ ва оила ҳақида журнал» (ингл.) 2010 йил август 72- жилд, №4, 963- саҳ. қаранг.

Кўпроқ билиш

Оилавий бахтнинг сири нимада?

Яҳова бахтли Худо бўлгани учун оилалар ҳам бахтли бўлишини истайди. Эрлар, хотинлар, ота-оналар ва фарзандлар учун берилган Муқаддас Китобдаги амалий маслаҳатларни кўриб чиқинг.