Мосламалар

Тилни танланг

Қўшимча менюга ўтиш

Асосий материалларга ўтиш

Яҳованинг Шоҳидлари

ўзбекча

Нега Яҳованинг Шоҳидлари сиёсий бетарафликни сақлашади?

Нега Яҳованинг Шоҳидлари сиёсий бетарафликни сақлашади?

Яҳованинг Шоҳидлари Муқаддас Китобга асосланган диний сабабларга кўра, сиёсий бетарафликни сақлашади. Биз бирон сиёсий партияни ёки номзодларни қўллаб-қувватлаб, уларга овоз бермаймиз. Шунингдек, сиёсий мавқега эга бўлишга интилмаймиз ҳамда ҳокимият тўнтарилишида иштирок этмаймиз. Қуйидаги санаб ўтилган хатти-ҳаракатларимиз, қатъиян Муқаддас Китобга асосланганига аминмиз.

  • Биз сиёсий мавқедан бош тортган Ҳазрати Исонинг ўрнагига тақлид қиламиз (Юҳанно 6:15). У шогирдларига ҳам «дунёга тегишли бўлмасликни» ўргатган ва сиёсатда томон эгалламаслик кераклигини аниқ кўрсатган (Юҳанно 17:14, 16; 18:36; Марк 12:13–17).

  • Биз Худонинг Шоҳлигига садоқатлимиз. Бу Шоҳлик ҳақида Ҳазрати Исо шундай деган: «Шоҳлик ҳақидаги хушхабар ҳамма халқларга шаҳодат берилиши учун бутун дунё бўйлаб ваъз қилинади» (Матто 24:14). Худо Шоҳлигининг вакиллари эканмиз, бизга бу ҳокимиятнинг келишини эълон қилиш вазифаси топширилган. Шу сабабли биз барча мамлакатларнинг, жумладан ўзимиз яшаётган ҳудуднинг сиёсий ишларида бетарафликни сақлаб келмоқдамиз (2 Коринфликларга 5:20; Эфесликларга 6:20).

  • Бетарафликни сақлаб, биз турли сиёсий нуқтаи назарга эга бўлган инсонларга Худонинг Шоҳлиги ҳақидаги хушхабарни сўз эркинлиги билан ваъз қила оламиз. Сўз ва ишимиз билан фақатгина Худонинг Шоҳлиги дунёдаги муаммоларни еча олишига аминлигимизни кўрсатамиз (Забур 55:12).

  • Сиёсий бўлинишлардан қочиб, биз умумжаҳон биродарлик ришталари билан боғланганимизни намоён этамиз (Колосаликларга 3:14; 1 Бутрус 2:17). Сиёсатга аралашадиган динлар эса, ўз аъзолари орасида бўлиниш келиб чиқишига сабабчи бўлишяпти (1 Коринфликларга 1:10).

Ҳокимиятларни ҳурмат қиламиз. Гарчи сиёсатга аралашмасак-да, биз яшаётган давлатнинг ҳукмрон ҳокимиятини ҳурмат қиламиз. Бундай нуқтаи назар Муқаддас Китобнинг қуйидаги амри билан ҳамоҳангдир: «Ҳар бир инсон ҳукмрон ҳокимиятга бўйсунсин» (Римликларга 13:1). Биз давлат қонунларига бўйсуниб, солиқларни тўлаймиз ҳамда фуқароларнинг манфаатини кўзлаб ҳокимият ёрдам бермоқчи бўлганида, уни қўллаб-қувватлаймиз. Биз давлат тўнтарилишида қатнашмаймиз. Аксинча, Муқаддас Китобдаги маслаҳатга амал қилиб, биз «подшоҳлар ва юқори мавқега эга кишилар» учун, айниқса дин эркинлигига тегишли бирон қарор чиқаришаётганда, улар учун ибодат қиламиз (1 Тимўтийга 2:1, 2).

Шунингдек, бошқаларнинг сиёсат борасида чиқарган шахсий қарорини ҳурмат қиламиз. Масалан, сайлов жараёнига халақит бермаймиз ва овоз бермоқчи бўлганларга қаршилик кўрсатмаймиз.

Сиёсатга бетарафлигимиз қандайдир янгиликми? Асло. Биринчи асрда яшаган ҳаворийлар ҳамда бошқа масиҳийлар ҳокимиятга нисбатан худди шундай нуқтаи назарда бўлишган. Бир китобда қуйидагича ёзилган: «Гарчи илк масиҳийлар ҳукмрон ҳокимиятни ҳурмат қилишни фарз деб билган бўлишса-да, сиёсатга аралашиш керак эмас, деб ҳисоблашган» («Beyond Good Intentions»). Тарихий бир китобда ҳам, илк масиҳийлар «сиёсий мавқега эга бўлишга интилишмаган» деб ёзилган («On the Road to Civilization»).

Сиёсатга бетарафлигимиз миллий хавфсизликка раҳна соладими? Йўқ. Тинчликсевар инсон бўлганимиз учун, давлат ходимлари биздан қўрқишига ҳожат йўқ. 2001 йилда Украина Миллий фанлар академияси томонидан ёзилган маърузани кўриб чиқайлик. Мазкур маърузада бетарафлигимиз қуйидагича шарҳлаб ўтилган: «Эҳтимол баъзилар Яҳова Шоҳидларининг ушбу нуқтаи назарини қўллаб-қувватламас. Аммо бундай муносабат, нацистлар ҳамда коммунистик режим пайтида нима сабабдан уларни ҳукм қилишганини яққол кўрсатиб бермоқда». Ҳатто Совет Иттифоқи давридаги қаттиқ босимга қарамай, Яҳованинг Шоҳидлари «қонунга бўйсунувчан фуқаролар бўлиб қолаверишган. Улар колхоз ва саноат корхоналарида беғараз ҳамда ҳалол меҳнат қилишган ва коммунистик режимга ҳеч қандай раҳна солишмаган». Ушбу маърузанинг хулосасига биноан, бугунги кунда ҳам Яҳова Шоҳидларининг эътиқоди ҳамда ишлари «ҳеч бир давлатнинг хавфсизлиги ва бирлиги хавф туғдирмайди».

Кўпроқ билиш

Нима сабабдан Яҳованинг Шоҳидлари урушларда иштирок этмайдилар?

Яҳованинг Шоҳидлари урушларда қатнашмаслигини бутун дунё билади. Нима сабабдан биз шундай нуқтаи назарда эканлигимиз ҳақида билиб олинг.