Мосламалар

Тилни танланг

Қўшимча менюга ўтиш

Асосий материалларга ўтиш

Яҳованинг Шоҳидлари

ўзбекча

Яҳованинг Шоҳидлари инсонларни динини ўзгартиришга мажбурлашадими?

Яҳованинг Шоҳидлари инсонларни динини ўзгартиришга мажбурлашадими?

Йўқ. Зеро асосий журналимиз ҳисобланган «Қўриқчи минораси»да шундай ёзилган: «Инсонларни динини ўзгартиришга мажбурлаш нотўғри бўларди» *. Қуйидаги сабабларга кўра, биз одамларни мажбурлашдан қочамиз:

  • Ҳазрати Исо ҳеч қачон одамларни унинг таълимотларини қабул қилишга мажбурламаган. Чунки у хабарига озчилик қулоқ солишини биларди (Матто 7:13, 14). Баъзи шогирдлари унинг гапларидан қоқинишганида, у шогирдларини ушлаб қолишнинг ўрнига кетишларига йўл қўйган (Юҳанно 6:60–62, 66–68).

  • Исо алайҳиссалом издошларига бошқаларни эътиқодини ўзгартиришга мажбурламасликни ўргатган. Шогирдлар одамларни Худонинг Шоҳлиги ҳақидаги хушхабарни қабул қилишга мажбурлашмаган. Аксинча, улар хушхабарни тинглашга мойил бўлган инсонларни излашга ҳаракат қилишган (Матто 10:7, 11–14).

  • Босим остида бошқа динни қабул қилишнинг фойдаси йўқ. Сабаби, Худо фақатгина чин юракдан топинаётганларни маъқуллайди (Қонунлар 6:4, 5; Матто 22:37, 38).

Фаолиятимиз инсонларнинг динини ўзгартиришга қаратилган хатти-ҳаракатми (прозелитизмми)?

Биз Муқаддас Китобдаги амрга амал қилган ҳолда «эл олдида ҳамда уйма-уй юриб» «ернинг четларига қадар» хушхабарни тарқатаётганимиз рост (Ҳаворийлар 1:8; 10:42; 20:20). Баъзида илк масиҳийларни айблашгани каби, бизни ҳам қонунга хилоф равишда инсонларнинг динини ўзгартиришади, деб айблашади (Ҳаворийлар 18:12, 13). Аммо бундай айбловлар ҳақиқатга зид. Эътиқодимизни қабул қилишларига ҳеч кимни мажбурламаймиз. Аксинча, инсонлар тўғри қарор қабул қилишлари учун билим олишга ҳақли эканини биламиз.

Биз, инсонларни динини ўзгартиришга мажбурламаймиз; дин ниқоби остида сиёсий фаолият олиб бормаймиз; кўпроқ одамларни жалб қилиш мақсадида моддий ва ижтимоий наф тақдим этмаймиз. Ўзини масиҳий деб атаб бундай ишларни қиладиганлар аслида Исо Масиҳнинг номига доғ туширишади *.

Инсон динини ўзгартиришга ҳақлими?

Иброҳим пайғамбар қариндошларининг динини рад этган

Ҳа, Муқаддас Китоб инсон динини ўзгартиришга ҳақли эканини кўрсатмоқда. У ерда қариндошларининг динига эътиқод қилмай, ўзининг хоҳиши билан ҳақ Худога топинишга қарор қилганларнинг кўпгина мисоли мавжуд. Улардан баъзилари Иброҳим, Рут, Афиналикларнинг айримлари ва ҳаворий Павлус бўлган (Ёшуа 24:2; Рут 1:14–16; Ҳаворийлар 17:22, 30–34; Галатияликларга 1:14, 23). Қолаверса, Муқаддас Китобда Худога маъқул бўлган топинишни рад этиб, нодонларча йўл тутган инсонлар ҳақида ҳам айтилган (1 Юҳанно 2:19).

Инсон Ҳуқуқлари Умумжаҳон Декларациясида одам динини ўзгартиришга ҳақли экани тасдиқланган. Бу ҳужжатни Бирлашган Миллатлар Ташкилоти «халқаро инсон ҳуқуларининг асоси» деб атайди. Ушбу ҳужжатда ҳар бир киши «динини ёки эътиқодини ўзгартириш» ҳамда «маълумот излаш, қабул қилиш ва уни [шу жумладан диний ғояларни] бошқалар билан бўлишиш эркинлигига эга» дейилган *. Шунингдек, бу қонунлар бошқаларнинг эътиқодини ва уларнинг қайсидир фикрларни рад этиш ҳуқуқини ҳурмат қилишни ўз ичига олади.

Динини ўзгартириш оилавий урф одатларга ҳурматсизлик кўрсатишни англатадими?

Бундай бўлмаслиги керак. Чунки Муқаддас Китоб инсонларнинг дини қанақа бўлишидан қатъи назар барчани ҳурмат қилишга ундамоқда (1 Бутрус 2:17). Боз устига, Яҳованинг Шоҳидлари Муқаддас Китобдаги амрга бўйсуниб, ҳатто ота-онаси бошқа динда бўлса ҳам, уларни ҳурмат қилишади (Эфесликларга 6:2, 3).

Лекин ҳамма ҳам Муқаддас Китобдаги бу нуқтаи назарга қўшилмайди. Замбияда ўсиб катта бўлган бир аёл шундай деб бўлишди: «Мен яшаётган ҳудудда динини ўзгартириш, оилаю бошқаларга ҳиёнат қилиб, садоқатсизликни намоён этишдек қабул қилинади». Бу аёл ўсмирлик чоғида Яҳованинг Шоҳидлари билан Муқаддас Китобни тадқиқ қилган ва кўп ўтмай динини ўзгартиришга қарор қилганида, мана шундай қийинчиликларни бошдан кечирган. У шундай деди: «Ота-онам мендан норози эканини ва уларнинг кўнглини ранжитаётганимни қайта-қайта айтарди. Бундай гапларни эшитиш, менга жуда оғир кечарди. Ахир ота-онамнинг розилигини олиш мен учун катта аҳамиятга эга эди... Диний урф-одатларга риоя қилишдан воз кечиб, Яҳовага садоқатли бўлишни танлаганим оиламга хиёнат қилганимни англатмайди» *.

^ 2- х.б. «Қўриқчи минораси» журналининг (рус) 2002 йил 1 январь сони 12-саҳифа 15-хатбошига қаранг.

^ 8- х.б. Мисол учун, тахминан милодий 785 йилда Буюк Карл Саксонияда яшовчилардан масиҳий бўлишни рад этган ҳар қандай киши ўлим жазосига маҳкум этилиши тўғрисида фармон чиқарди. Шунингдек, милодий 1555 йилда Муқаддас Рим империясидаги ўзаро уруш олиб бораётган гуруҳлар томонидан Аугсбургдаги тинчлик шартномаси имзоланди. Шартномага кўра, ҳар бир ҳудуд ҳокими ё Рим-католик, ёки Лютеран динида бўлиши ҳамда ҳукмрон ҳоким қўли остидаги фуқаролар унинг динини қабул қилишлари лозим эди. Ҳокимнинг динини қабул қилишдан бош тортганлар мамлакатдан кўчиб кетишлари талаб этилган.

^ 11- х.б. Шу каби ҳуқуқлар, шунингдек Инсон ва халқлар ҳуқуқлари Африка хартияси, Инсон ҳуқуқ ва мажбуриятлари Америка декларацияси, 2004 йилги Инсон ҳуқуқлари Араб хартияси, Жанубий-Шарқий Осиё давлатлар Ассоциациясининг инсон ҳуқуқлари декларацияси, Инсон ҳуқуқлари Европа конвенцияси ҳамда Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пактда эътиборга олинган. Гарчи давлатлар фуқароларини бу каби ҳуқуқлар билан таъмилаётганини таъкидлашса-да, аммо амалда бу кўпинча фарқ қилади.

^ 14- х.б. Муқаддас Китобнинг асл нусхасига биноан, Яҳова — Аллоҳнинг исмидир.

Кўпроқ билиш

Яҳованинг Шоҳидлари оилаларни бузадими ёки мустаҳкамлайдими?

Яҳованинг Шоҳидларини баъзида оилаларни бузишда айблашади. Аммо ростдан ҳам тушунмовчиликларнинг сабабчиси Яҳованинг Шоҳидларими?

Динлар билан нима содир бўлади?

Барча инсонлар Ҳақ Худога топинишда бирлашадиган пайт келадими?