Асосий материалларга ўтиш

Муқаддас Китобда ўзимизни севишимиз ҳақида нима дейилган?

Муқаддас Китобда ўзимизни севишимиз ҳақида нима дейилган?

Муқаддас Китоб асосида жавоб

 Муқаддас Китобга кўра, ўзимизни севишимиз яхши ва ҳатто ўзимизни ўринли даражада севишимиз керак. Киши ўзини яхши кўрса, ўзига ғамхўрлик қилади, ўзини ҳурмат қилади ва ўз қадр-қимматини билади. (Матто 10:31) Муқаддас Китобдан худбин бўлишга эмас, ўзимизни тўғри маънода севиш кераклигига ўргана оламиз.

Аввало кимни яхши кўришимиз керак?

  1.   Аввало Худони яхши кўришимиз лозим. Муқаддас Китобда қуйидаги энг муҳим амр ҳақида ёзилган: «Тангрингиз Яҳовани бутун қалбингиз... билан севинг». (Марк 12:28–30; Қонунлар 6:5)

  2.   Иккинчи энг муҳим амрда эса: «Яқинингизни ўзингизни севгандай севинг»,— деб айтилган. (Марк 12:31; Левилар 19:18)

  3.   Гарчи Муқаддас Китобда киши ўзини севиши кераклиги ҳақида алоҳида амр бўлмаса-да, «яқинингизни ўзингизни севгандай севинг» деган амрга биноан, ўринли даражада ўзимизни яхши кўришимиз ва ҳурмат қилишимиз табиий ва фойдалидир.

Исо авваламбор кимни яхши кўрган?

 Исо ҳам Худони, ҳам яқинини, ҳам ўзини севиш борасида қай йўсин мувозанатли бўлиш мумкинлигини кўрсатиб, шогирдларига ҳам шундай йўл тутишни ўргатган. (Юҳанно 13:34, 35)

  1.   Исо авваламбор Худованд Яҳовани севган ва ўзини Унинг иродасини бажариш учун бағишлаган. У шундай деб айтган: «Дунё мен Отамни севишимни билиши учун, Отам менга буюрганидай қиляпман». (Юҳанно 14:31)

  2.   Исо яқинларини ҳам яхши кўрган ва буни уларнинг эҳтиёжларига ғамхўрлик қилиш орқали кўрсатиб, ҳатто ўз ҳаётини улар учун қурбон қилган. (Матто 20:28)

  3.   У ўзини ҳам ўринли даражада яхши кўрган. Буни у дам олиш, овқатланиш ва дўстларию унинг шогирди бўлмоқчи бўлган кишилар учун вақт ажратиш орқали кўрсатган. (Марк 6:31, 32; Луқо 5:29; Юҳанно 2:1, 2; 12:2)

Ўзимиздан кўра кўпроқ бошқаларни яхши кўрсак, ўзимизни қувончдан маҳрум қиламизми ёки қадримизни йўқотамизми?

 Йўқ. Беғараз севги Манбаи бўлмиш Аллоҳ бизни Ўзига монанд қилиб яратган. (Ибтидо 1:27; 1 Юҳанно 4:8) Демак, биз бошқаларга нисбатан севгини кўрсата оладиган қилиб яратилганмиз. Тўғри, ўзимизни яхши кўришимиз муҳим. Лекин авваламбор Аллоҳни севиб, бошқаларга савоб ишлар қилишга интилсак, янада бахтлироқ бўламиз. Муқаддас Китобда: «Олишдан кўра беришнинг бахтиёрлиги катта»,— деб ёзилган. (Ҳаворийлар 20:35)

 Баъзиларнинг фикрича, бахтга эришиш учун авваламбор одам ўзини севиши даркор. Бундай кишилар учун «яқинингизни севинг» сўзлари «ўзингизни севинг» сўзларига алмашиб қолган. Бироқ сўнгги тадқиқотларга кўра: «Ҳар ким ўзининг эмас, ўзганинг манфаатини кўзласин»,— деган Муқаддас Китобдаги доно маслаҳатга риоя қилган кишилар соғломроқ ва бахтлироқдир. (1 Коринфликларга 10:24)