ўзбекча
Сайёрамиз омон қоладими? Ҳаво
https://cms-imgp.jw-cdn.org/img/p/102023008/univ/art/102023008_univ_sqr_xl.jpg
g23 № 1 12–14-саҳ.

САЙЁРАМИЗ ОМОН ҚОЛАДИМИ?

Ҳаво

Ҳаво

БИЗ ҲАВОГА муҳтожмиз, лекин фақат нафас олиш учун эмас. Ҳаво сайёрамизни қуёш тарқатадиган зарарли радиациянинг аксар қисмидан ҳимоя қилади. Ҳавосиз дунё бўйлаб ҳарорат даражаси ноль градусдан тушиб кетарди.

Ҳавонинг ифлосланиши

Ҳавонинг ифлосланиши ер юзидаги ҳаётга жиддий хавф туғдиряпти. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг маълумотига кўра, ер юзи аҳолисининг бор-йўғи бир фоизи тоза ҳаводан нафас олади.

Ҳаво ифлосланиши туфайли нафас йўллари касалликлари, ўпка саратони ва юрак-томир системаси касалликлари келиб чиқиши мумкин. Шунингдек, ҳаво ифлосланиши ҳар йили тахминан 7 000 000 одам ҳаётдан бевақт кўз юмишига сабаб бўляпти.

Сайёрамиз омон қолиш учун яратилган

Сайёрамиз ер юзида яшовчи ҳар бир тирик мавжудотни етарлича тоза ҳаво билан таъминлайдиган қилиб яратилган. Лекин бундай табиий жараёнлар одамлар атроф-муҳитни тоза сақлаган ҳолдагина ўз самарасини беради. Келинг, бунинг бир нечта мисолини кўриб чиқайлик.

  • Ўрмонлар ҳаводаги карбонат ангидридни ютиш хусусиятига эга экани кўпларга маълум. Бироқ қирғоқ бўйидаги ботқоқли ерларда ўсадиган мангра дарахтлари буни яхшироқ қилишини камчилик билади. Мангра дарахтлари ҳавони тозалашда катта аҳамиятга эга, чунки улар тропик ўрмонларга қараганда карбонат ангидридни беш карра кўпроқ ютади.

  • Яқинда ўтказилган тадқиқотлар шуни кўрсатдики, айрим йирик сувўтлари, масалан, ламинария нафақат атмосферадан карбонат ангидридни ютади, балки уни океан тубига «кўмиб» ҳам қўяди. Ламинария узоқ масофага сузишига ёрдам берадиган газли пуфакчалар билан қопланган. Ламинария соҳилдан узоқда бўлганида ундаги пуфакчалар ёрилади ва карбонат ангидрид билан тўла ламинария океан тубига тушади. Афтидан, карбонат ангидрид асрлар мобайнида ўша ерда сақланади.

  • COVID-19 пандемияси туфайли жорий этилган карантин даврида атмосферамиз қаттиқ ифлосланган ҳавони тозалаш хусусиятига эга экани намоён бўлди. 2020 йили дунёдаги завод, фабрика ва машиналар атмосферага зарарли моддаларни деярли чиқармай қўйганида ҳавонинг сифати тезда яхшиланди. Бу борада бир манбада айтилишича, тадқиқотда қатнашган аксарият давлатларда карантин бошланганидан кўп ўтмай ҳаво анча тоза бўлди. («2020 World Air Quality Report»)

Кўрилаётган чоралар

Велосипеддан фойдаланиш ҳаво ифлосланишини камайтиришга ёрдам беради

Ҳукуматлар ҳаво ифлосланишини камайтириш учун саноат корхоналарини чоралар кўришга чақиряпти. Қолаверса, олимлар ҳавони тозалашнинг янги усулларини излашда давом этишяпти. Масалан, бу усуллардан бири ҳавони ифлослантирувчи чиқиндиларни заҳарсиз моддаларга айлантирадиган микроблар билан боғлиқ. Бундан ташқари, мутахассислар одамларга машинанинг ўрнига велосипеддан фойдаланишни ёки яёв юришни ва уйларида энергияни камроқ ишлатишнинг йўлларини топишни маслаҳат беришяпти.

Баъзи мамлакатлар ҳавонинг ифлосланиш даражасини камайтириш учун фуқароларига замонавий печкалар тақдим этяпти, бироқ кўпгина давлатларда бунинг имкони йўқ

Бироқ халқаро ташкилотларнинг, жумладан, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг ва Жаҳон банкининг маълумотлари асосида тузилган 2022 йилги ҳисоботга кўра, бу чораларнинг ўзи камлик қилади.

Ушбу ҳисоботда айтилишича, 2020 йили дунё аҳолисининг тахминан учдан бир қисми овқат пишириш учун асосан ҳавони ифлослантирадиган ёқилғи ва технологиялардан фойдаланган. Баъзи мамлакатлар ҳавонинг ифлосланиш даражасини камайтириш учун фуқароларига замонавий печкалар тақдим этяпти, бироқ кўпгина давлатларда бунинг имкони йўқ.

Муқаддас Китобдаги умид

«Ер юзида юрганларга ҳаёт ато этган, самоларни яратиб,... ерни ва ундаги неъматларни ёзган, одамзодга нафас берган Буюк Зот, Ҳақ Тангри Яҳова». (Ишаё 42:5)

Худо биз нафас оладиган ҳавони ва уни тозаловчи табиий жараёнларни яратган. У чексиз кучга эга ва одамзодни яхши кўради. Шундай экан, Худо ҳавонинг ифлосланишини бартараф эта олишига ишониш оқилона эмасми?! «Худо сайёрамиз омон қолишини ваъда беряпти» номли мақолага қаранг.