Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

Яҳованинг Шоҳидлари

Тилни танланг ўзбекча

Ҳаворийларнинг фаолияти 2:1–47

ҚИСҚАЧА МАЗМУНИ

  • Ҳосил байрамида (1–13)

  • Бутруснинг нутқи (14–36)

  • Оломон Бутруснинг нутқини қабул қилади (37–41)

    • 3 000 киши сувга чўмади (41)

  • Масиҳийлар орасидаги бирлик (42–47)

2  Ҳосил байрами*+ нишонланаётган пайтда, шогирдларнинг ҳаммаси бир жойда тўпланишган эди.  Тўсатдан осмондан кучли шамол эсгандай бир шовқин келди-ю, улар ўтирган уйни тамоман тўлдирди+.  Шунда улар алангаланиб турган тилга ўхшаш бир нарсалар пайдо бўлганини ва бўлиниб ҳар бирининг устига биттадан тушганини кўришди.  Натижада шогирдларнинг бари муқаддас руҳга тўлиб+, ҳар хил тилларда гапира бошлади. Улар руҳ ато этган қобилиятга кўра гапиришарди+.  Ўшанда Қуддусда дунёнинг турли четларидан келган диндор яҳудийлар бор эди+.  Бу шовқинни эшитгач, кўпчилик у ерга йиғилди. Шогирдлар уларнинг тилларида гапиришаётганини эшитиб, ўша одамлар довдираб қолишди.  Улар жуда ҳайрон бўлиб, бир-бирига шундай дейишди: «Буни қаранг-а, ахир бу гапираётган кишилар ҳаммаси жалилалик+ эмасми?  Ундай бўлса, қандай қилиб ҳар биримиз уларнинг ўз она тилимизда гапиришаётганини эшитяпмиз?  Парфияликлар, мидияликлар+, эламликлар+, Месопотамия, Яҳудия, Каппадокия, Понт, Осиё* вилоятида яшовчилар+, 10  Фригия, Памфилия, Миср ва Ливиянинг Киринеяга яқин ўлкаларида истиқомат қилувчилар, шунингдек, Римдан келган яҳудийлар ва яҳудий динига кирганлар+, 11  критликлар ва араблар — ҳаммамиз уларнинг ўз она тилимизда Аллоҳнинг улуғвор ишлари ҳақида гапиришаётганини эшитяпмиз». 12  Бундан барча ҳангу манг бўлиб бир-биридан: «Нима бўляпти ўзи?» — дея сўрашар эди. 13  Бошқалар эса мазах қилиб: «Булар шаробдан яхшигина отиб олишганга ўхшайди»,— дейишди. 14  Шунда Бутрус 11 ҳаворий+ билан бирга ўрнидан туриб, баланд овозда хитоб қилди: «Эй яҳудияликлар ва Қуддусда яшовчилар, гапларимга диққат билан қулоқ солиб, нималар бўлаётганини билиб олинглар. 15  Бу одамлар сизлар ўйлагандек маст бўлишгани йўқ, чунки ҳозир эрталаб соат тўққиз-ку*. 16  Аслида бу воқеа ҳақида Йўэл пайғамбар шундай деб башорат қилган эди: 17  “Охирги кунларда,— демоқда Худо,— Мен ҳар қандай инсон устига Ўз руҳимни ёғдираман. Ўғилу қизларингиз башорат қилади, йигитларингизга ваҳийлар келади, мўйсафидларингиз тушлар кўради+. 18  Ўша кунларда ҳатто қулу чўриларимга Ўз руҳимни ёғдираман ва улар башорат қилади+. 19  Осмону фалакда ғаройиботлар, ер юзида эса аломатлар яратиб, қон, олов ва паға-паға тутун ҳосил қиламан. 20  Яҳованинг* улуғ ва ажойиб куни келишидан олдин, қуёш қорайиб, ой қонга булангандай қизариб қолади. 21  Ўшанда Яҳованинг* исмини айтиб чақирган ҳар бир одам қутқарилади”+. 22  Эй исроилликлар, гапларимга қулоқ солинглар! Ўзларингиз ҳам биласизки, Аллоҳ носиралик Исо орқали орангизда қудратли ишлар, ғаройиботу аломатлар кўрсатиб+, уни сизларга танитди. 23  Сизлар эса уни қонунсиз одамларнинг қўлига топшириб, устунга михлатиб ўлдирдингизлар+. Аслида, Тангри Ўз иродасига кўра, бу кишининг ҳибсга олинишини аввалдан белгилаб қўйган эди+. 24  Бироқ Худо уни ўлим азобидан* халос этиб тирилтирди+, чунки ўлим бу кишини асирликда ушлаб туришга қодир эмасди+. 25  Довуд пайғамбар у ҳақда шундай айтган: “Яҳова* ҳамиша кўз олдимда. У менинг ўнг томонимда экан, мен ҳеч қачон тебранмайман. 26  Бундан қалбим шодликка, тилим қувончга тўлди. Энди мен умид билан яшайман. 27  Зеро Сен мени мозорда* ташлаб кетмайсан, садоқатли хизматчинг чиришига йўл қўймайсан+. 28  Ҳаёт йўлларини менга кўрсатдинг, ҳузурингда мени шод-хуррам қиласан”+. 29  Биродарлар, бобокалонимиз Довуд вафот этиб, дафн қилингани+ ва унинг мақбараси ҳозиргача шу ерда эканлиги ҳақида очиқчасига гапиришимга рухсат этинглар. 30  У киши пайғамбар бўлган ва Аллоҳ онт ичиб, унинг наслидан бўлган биттасини тахтига ўтқазишни ваъда қилган+. 31  Шу боис Масиҳнинг тирилишини, яъни мозорда* ташлаб кетилмаслигини ҳамда баданининг чиримаслигини олдиндан билиб, маълум қилган+. 32  Аллоҳ бу Исони тирилтирди ва ҳаммамиз бунга шоҳидмиз+. 33  У юксалтирилиб, Худонинг ўнг тарафига ўтирди+ ва самовий Отаси томонидан ваъда қилинган муқаддас руҳни+ олди. Ўзингиз кўрганингиз ва эшитганингиздай, шу руҳни устимизга ёғдирди. 34  Довуд осмонга кўтарилмаган бўлса-да, шундай деган: “Яҳова* Ҳазратимга айтди: 35  “Душманларингни оёғинг остига курси қилмагунимча, Менинг ўнг томонимда ўтириб тур”+. 36  Шундай экан, сизлар устунга михлатган Исони+ Тангримизнинг Ўзи Ҳазрат+ ва Масиҳ қилиб тайинлаганини бутун Исроил хонадони яхшилаб уқиб олсин». 37  Буни эшитганларнинг юрагига ўқ қадалгандай бўлди ва улар Бутрус билан бошқа ҳаворийларга мурожаат қилиб: «Биродарлар, биз нима қилишимиз керак?» — деб сўрашди. 38  Бутрус эса уларга деди: «Тавба қилинглар+ ва гуноҳларингиз кечирилиши учун+ ҳар бирингиз Исо Масиҳнинг номи ила сувга чўминглар+. Шу тариқа муқаддас руҳ инъомини оласизлар. 39  Ахир бу ваъда+ сизларга ва фарзандларингизга, узоқда бўлганларнинг ҳаммасига, қолаверса, Аллоҳимиз Яҳова* кимни даъват этган бўлса, шуларнинг барига берилади»+. 40  Бутрус яна бошқа сўзлар билан кенг шоҳидлик бериб, тингловчиларни: «Бу бузуқ наслдан+ эҳтиёт бўлинглар»,— дея огоҳлантирарди. 41  Унинг сўзларини чин юракдан қабул қилганлар сувга чўмишди+ ва ўша куннинг ўзида шогирдлар сафига тахминан 3 000 киши қўшилди+. 42  Улар ҳаворийлардан таълим олишда давом этар, ҳамма нарсаларини ўзаро бўлишар ва бирга овқатланиб+ ибодат қилишарди+. 43  Ҳамма даҳшатга тушди ва ҳаворийлар орқали кўпгина ғаройиботу аломатлар содир бўла бошлади+. 44  Исонинг издоши бўлганларнинг ҳаммаси биргалашиб, барча нарсаларини ўзаро баҳам кўришарди. 45  Улар мол-мулкларини сотиб+, даромадни ҳар кимнинг эҳтиёжига қараб тақсимлашарди+. 46  Улар ҳар куни маъбадда бирдам бўлиб йиғилишар ва бир-бирининг уйига бориб, катта қувонч ва самимият билан бирга овқатланишар эди. 47  Улар Худони улуғлаб, халқнинг ҳурматига сазовор бўлишарди. Яҳова* эса кундан-кунга нажот топаётганларни уларнинг сафига қўшарди+.

Изоҳлар

Рим империясининг Кичик Осиёдаги вилояти.
Сўзма-сўз «куннинг учинчи соати».
Бошқа вариант «ўлим кишанларидан».
Юн. ҳадес, яъни инсониятнинг умумий қабри. Луғатга қ.
Юн. ҳадес, яъни инсониятнинг умумий қабри. Луғатга қ.