Асосий материалларга ўтиш

Қўшимча менюга ўтиш

Мундарижага ўтиш

Яҳованинг Шоҳидлари

ўзбекча

Онлайн Муқаддас Китоб | МУҚАДДАС КИТОБ — ЯНГИ ДУНЁ ТАРЖИМАСИ

Қонунлар 18:1–22

ҚИСҚАЧА МАЗМУНИ

  • Руҳонийлар ва левилар улуши (1–8)

  • Сеҳр-жоду тақиқланади (9–14)

  • Мусога ўхшаган пайғамбар (15–19)

  • Сохта пайғамбарни аниқлаш (20–22)

18  Леви руҳонийлар ва умуман бутун Леви қабиласининг Исроил халқи билан бирга улуши ёки мероси бўлмайди. Улар Яҳовага атаб оловда куйдириладиган назрдан, Унинг меросидан ейишади+.  Уларга биродарлари орасидан мерос берилмайди. Уларнинг мероси — Яҳовадир. Унинг Ўзи бу ҳақда уларга айтган.  Халқ орасидан бирор киши буқа ёки қўйни қурбонликка келтирса, унинг елкаси, жағи ва ошқозони руҳонийга тегишли бўлади.  Ғаллангизнинг илк ҳосилини, янги шароб билан мойингизни ҳамда қўй-эчкингизнинг биринчи қирқилган жунини ҳам руҳонийга беринглар+.  Сабаби, Худойингиз Яҳова Леви ҳамда унинг ўғилларини барча қабилаларингиз орасидан танлаб олган. Улар доимо Яҳованинг номидан хизмат қилишади+.  Агар Исроилдаги шаҳарларингиздан бирида яшаётган леви ўша ерни тарк этиб+, Яҳова танлаган жойга*+ боришни истаса,  у ўша ерда Яҳованинг олдида туриб хизмат қилаётган биродарлари бўлмиш левилар сингари, Тангриси Яҳованинг номидан хизмат қилсин+.  Ота-боболаридан қолган мол-мулкни сотиб, олган даромаддан ташқари, у бошқа левилар билан тенг миқдорда озиқ-овқатни улуш қилиб олсин+.  Аллоҳингиз Яҳова сизларга бераётган юртга кирганингизда, у ердаги халқларнинг жирканч ишларига тақлид қилишни ўрганманглар+. 10  Орангизда ўғилу қизларини оловда куйдирадиган*+, фолбин+, сеҳр-жоду билан шуғулланувчи+, белгиларга қараб фол очувчи+, сеҳргар+, 11  иссиқ-совуқ қилувчи, арвоҳ чақирувчи билан маслаҳатлашадиган+, фолбин+ ёки ўликларга мурожаат қилувчи бўлмасин+. 12  Чунки бундай нарсалар билан шуғулланадиган ҳар қандай киши Яҳова учун жирканчдир. Ахир Худойингиз Яҳова бу халқларни айнан шу жирканч ишлари дастидан олдингиздан ҳайдаб чиқаряпти-ку. 13  Аллоҳингиз Яҳова олдида бенуқсон бўлиб қолинглар+. 14  Сизлар эгаллагани бораётган юртдаги халқлар сеҳр-жоду билан шуғулланувчилар+ ва фолбинларга+ қулоқ солишади. Аммо Тангрингиз Яҳова бундай қилишингизга рухсат бермаган. 15  Худойингиз Яҳова ўз биродарларингиз орасидан менга ўхшаган пайғамбарни келтириб чиқаради. Унга қулоқ солинглар+. 16  Хоревда йиғилган куни+ сизлар: “Тангримиз Яҳованинг овозини эшитмайлик, ушбу буюк оловни бошқа кўрмайлик, акс ҳолда ўлиб кетамиз”+,— дея Аллоҳингиз Яҳовадан сўраганингизда, 17  Яҳова менга шундай деб айтган эди: “Уларнинг айтган сўзлари тўғри. 18  Мен уларга ўз биродарлари орасидан сенга ўхшаган пайғамбарни келтириб чиқараман+, унинг оғзига Ўз сўзларимни соламан+ ва у буюрганларимнинг барини уларга етказади+. 19  Кимки ўша пайғамбарнинг Менинг номимдан айтган сўзларига қулоқ солмаса, уни жавобгарликка тортаман+. 20  Борди-ю, бирор пайғамбар ўзбилармонлик қилиб Менинг номимдан Мен буюрмаган сўзларни айтса ёки бошқа худоларнинг номидан гапирса, у ўлдирилсин+. 21  Эҳтимол хаёлингизга: “Яҳова бу сўзларни айтган-айтмаганини қаердан биламиз?” — деган фикр келиши мумкин. 22  Агар пайғамбар Яҳованинг номидан гапирса-ю, унинг сўзлари бажо бўлмаса ёки амалга ошмаса, унда бу сўзларни Яҳова айтмаган бўлади. Демак, бу пайғамбар ўзбилармонлик қилган. Ундан қўрқманглар”.

Изоҳлар

Яъни Яҳова топиниш маркази сифатида танлаган жой.
Сўзма-сўз «оловдан ўтказадиган».