Асосий материалларга ўтиш

Қўшимча менюга ўтиш

Мундарижага ўтиш

Яҳованинг Шоҳидлари

ўзбекча

Онлайн Муқаддас Китоб | МУҚАДДАС КИТОБ — ЯНГИ ДУНЁ ТАРЖИМАСИ 2013 йил нашрига қаранг

2 Коринфликларга 12:1–21

12  Мен мақтанишга мажбурман. Тўғри, бунинг фойдаси йўқ. Шунга қарамай, Ҳазратимиздан келган рўёлар ҳамда ваҳийлар тўғрисида сўз очмоқчиман.  Масиҳнинг шогирди бўлмиш бир кишини танийман. У ўн тўрт йил аввал — жисмоний танада бўлганми ёки йўқми билмадим, Худо билади — учинчи осмонга кўтарилган эди.  Ҳа, мен танийдиган ўша киши — жисмоний танада бўлганми ёки йўқми билмадим, Худо билади —  жаннатга олиб кетилди ва инсон учун гапириш рухсат этилмаган, таърифлаб бўлмайдиган сўзларни эшитди.  Мен ўзим билан эмас, бундай одам билан мақтанаман. Борди-ю, ўзим билан мақтансам ҳам, заиф томонларим билангина мақтанаман.  Агар қачондир мақтангим келса, ақлсиз бўлмайман, боиси, ҳақиқатни айтган бўламан. Лекин бирор киши ишларимни кўриб ёки сўзларимни эшитиб, мен ҳақимда юқори фикрга бормаслиги учун, мақтанишдан ўзимни тияман.  Тағин ваҳийларнинг кўплигидан, ҳеч ким мен ҳақимда юқори фикрга бормасин. Шу йўсин мағрурланиб кетмаслигим учун, баданимни гўё тикандек азоблайдиган, Шайтоннинг фариштасидек мени қийнаб турадиган бир дард берилди, токи ортиқча манманлик қилмайин.  Бундан қутулиш учун Раббимга уч марта ёлвордим.  Аммо У менга шундай деди: «Сенга шунча иноят кўрсатганим етар, чунки менинг қудратим заиф бўлганингда камол топади». Шу сабабли, Масиҳнинг қудрати мен учун бошпана сингари бўлсин дея, бажонидил заифликларим билан мақтанаман. 10  Ана шунинг учун Масиҳни деб заиф бўлишдан, таҳқирланишдан, муҳтож бўлишдан, таъқиб қилинишдан ва қийинчиликлардан мамнуният топаман. Сабаби, заиф бўлганимда, кучлиман. 11  Мен ақлсиз кишидай бўлиб қолдим. Сизлар қилган яхши ишларим ҳақида гапирмаганингиз учун, мени бундай аҳволга солдингизлар. Гарчи назарингизда ҳеч нарсага арзимас бўлсам-да, сизларнинг «олий» ҳаворийларингиздан кам жойим йўқ. 12  Ахир ўзларингиз ҳаворий эканлигимнинг далилларини намоён этган бутун сабр-бардошимда, аломатлару мўъжизаларимда ва қудратли ишларимда кўрдингизлар-ку. 13  Бошқа жамоатлар билан солиштирганда, нимадан маҳрум этилгансизлар? Сизларга юк бўлмаганимни ҳисобга олмасам, ҳеч нарсадан маҳрум этилмагансизлар. Марҳамат қилиб бу айбимни кечиринглар. 14  Мана, учинчи бор олдингизга боришга тайёрман, лекин бу сафар ҳам юк бўлмайман. Менга мулкингиз эмас, ўзларингиз кераксизлар. Ахир, фарзандлар ота-онаси учун эмас, ота-она фарзандлари учун мулк тўплаши лозим. 15  Сизлар* учун мен бор-йўғимни бажонидил сарфлайман, ҳатто ўзимни ҳам аямайман. Мен сизларни шу қадар севар эканман, наҳотки мен бундан камроқ севгига лойиқ бўлсам? 16  Қандай бўлмасин, мен сизларга юк бўлмаганман. Шунга қарамай, сизлар мен ҳақимда «айёр» ҳамда «ҳийла билан» тузоққа туширган, деб айтяпсизлар. 17  Ёки мен олдингизга юборган кишилар орқали сизлардан ўз манфаатим учун фойдаландимми? 18  Мен Титусдан олдингизга боришни илтимос қилиб, у билан бирга бошқа биродарни ҳам юбордим. Ё Титус сизлардан ўз манфаати учун фойдаландими? Ахир бизнинг ниятларимиз бир эмасмиди? Бир йўлдан юрмаган эдикми? 19  Наҳотки шу вақтгача биз ҳақимизда: «Олдимизда ўзларини оқлашяпти»,— деб ўйлаётган бўлсангизлар? Биз Аллоҳнинг олдида Масиҳнинг издошлари сифатида гапиряпмиз. Бироқ азизларим, буларнинг барини сизларни мустаҳкамлаш учун қиляпмиз. 20  Ёнингизга борганимда, сизларни ўзим истамаган аҳволда топишдан, сизлар эса мени ўзларингиз истамаган аҳволда топишингиздан қўрқяпман. Ишқилиб орангизда жанжал, рашк-ҳасад, ғазаб, талаш-тортиш, туҳмат, ғийбат, кеккайиш ва тартибсизликлар бўлмасин. 21  Олдингизга яна борганимда, илгари гуноҳ қилиб, ҳозиргача ифлос ишлари, зино ва ахлоқсиз хулқидан тавба қилмаган кўплар учун қайғуга ботмайин, сизларнинг орангизда Тангрим мени уятга қолдирмасин, деб ташвишланяпман.

Изоҳлар

Сўзма-сўз «жонларингиз».