Асосий материалларга ўтиш

Қўшимча менюга ўтиш

Мундарижага ўтиш

Яҳованинг Шоҳидлари

ўзбекча

Онлайн Муқаддас Китоб | МУҚАДДАС КИТОБ — ЯНГИ ДУНЁ ТАРЖИМАСИ 2013 йил нашрига қаранг

1 Бутрус 3:1–22

3  Худди шундай, сиз — хотинлар ҳам эрларингизга бўйсунинглар. Токи Худо Каломига қулоқ солмайдиган эрларингиз сўзларингиз орқали эмас, хулқ-атворингиз орқали забт этилсинлар.  Шунингдек, улар бенуқсон хатти-ҳаракатингизни ва чуқур ҳурмат қилишингизни кўришсин.  Сизнинг чиройингиз ташқи кўринишдан, яъни ўрилган сочлар, тилла тақинчоқлар ёки устки кийимдан иборат бўлмасин.  Аксинча, чиройингиз қалбингизнинг тубида яширилган умуман эскирмайдиган кийимдан — Аллоҳнинг назарида қимматбаҳо ҳисобланган сокин ва мулойим руҳдан иборат бўлсин.  Ўтмишда Тангрига умид боғлаб яшаган муқаддас аёллар ҳам эрларига бўйсуниш билан ўзларини безашган.  Масалан, Сора биби Иброҳим пайғамбарни «хўжайин» деб атаб, унга бўйсунган. Агар сизлар ҳам яхшилик қилиб, бирор нарса сизларни даҳшатга солишига йўл қўймасангиз, унинг қизлари бўласиз.  Шу сингари, сиз — эрлар, бундан буён ҳам хотинларингиз билан олган билимингизга яраша муомала қилинглар. Сизлар ҳам улар каби ҳаёт инъомининг меросхўрлари экансиз, аёлларни гўё нафис идишдек эъзозланг. Шунда ибодатларингизга тўсқинлик бўлмайди.  Хуллас, барчангиз ҳамфикр, ҳамдард, бир-бирингизни биродарларча севадиган, меҳр-шафқатли ва камтар бўлинглар.  Ёмонликка ёмонлик, ҳақоратга ҳақорат билан жавоб қайтармай, аксинча дуо қилинглар. Зеро сизлар ҳам дуо олиш учун Худо томонидан даъват этилгансизлар. 10  «Ким ҳаётдан қувонч топиб, яхши кунларни кўришни истаса, тилини ёмонликдан, оғзини ёлғон гапиришдан тийсин. 11  Ёвузликдан қочиб, яхшилик қилсин; тинчликни излаб, унинг пайидан бўлсин. 12  Боиси, Яҳованинг кўзлари одил кишиларни кўриб, қулоғи уларнинг илтижосини эшитади. Ёмонлик қилганлардан эса Яҳова юз ўгиради». 13  Агарда яхши ишлар қилишга ғайратли бўлсангиз, сизларга ким ҳам зиён етказарди? 14  Ҳаттоки одиллик учун азоб чексангиз ҳам, бахтиёрсизлар. Бошқа халқлар қўрқадиган нарсалардан эса қўрқманглар ва ташвишланманглар. 15  Масиҳнинг муқаддас Ҳазрат эканини чин қалбдан тан олинглар. Умидингиз ҳақида сўраган ҳар бир кишига жавоб беришга доимо тайёр бўлинглар. Фақат буни мулойимлик ва камоли эҳтиром билан қилинглар. 16  Масиҳнинг издошлари бўлмиш сизларнинг яхши хулқ-атворингизга қарши гапирганлар, ўз сўзларидан уялиб қолишлари учун, виждонингизни тоза сақланглар. 17  Ёмонлик қилиб азоб чеккандан кўра, агар Тангрининг иродаси шундай бўлса, яхшилик қилиб азоб тортганингиз маъқул. 18  Одил инсон Масиҳ адолатсиз кишиларни гуноҳдан халос этиш учун биратўла ўзини фидо қилди. Сизларни Худога олиб келиш учун у шундай йўл тутди. У одам сифатида ўлиб, руҳ сифатида тирилди. 19  Сўнгра у бориб, қамоқдаги руҳларга хабар етказди. 20  Улар — Нуҳ пайғамбарнинг даврида Аллоҳ кема қурилишини сабр-тоқат билан кутган вақтда итоатсизлик қилган руҳлардир. Ўша кемада бир неча киши, яъни атиги саккиз жон сувдан омон қолган эди. 21  Шу сингари, ҳозир ҳам сувга чўмиш бор (бу, танани кирдан тозалаш эмас, балки Худодан пок виждон сўрашдир). Бу, сизларни Исо Масиҳнинг тирилиши орқали қутқаради. 22  Осмонга кўтарилганидан кейин Масиҳ Тангрининг ўнг томонига ўтирган. Аллоҳ унга фаришталарни, ҳокимияту кучларни бўйсундирган.

Изоҳлар