Асосий материалларга ўтиш

Қўшимча менюга ўтиш

Мундарижага ўтиш

Яҳованинг Шоҳидлари

ўзбекча

Онлайн Муқаддас Китоб | МУҚАДДАС КИТОБ — ЯНГИ ДУНЁ ТАРЖИМАСИ 2013 йил нашрига қаранг

Ҳаворийлар 2:1–47

2  Ҳосил байрами* нишонланаётган пайтда, шогирдларнинг ҳаммаси бир жойда тўпланишган эди.  Тўсатдан осмондан кучли шамол эсгандай бир шовқин келди-ю, улар ўтирган уйни тамоман тўлдирди.  Шунда улар, алангаланиб турган тилга ўхшаш бир нарсалар пайдо бўлганини ва бўлиниб ҳар бирининг устига биттадан тушганини кўришди.  Натижада шогирдларнинг бари муқаддас руҳга тўлиб, ҳар хил тилларда гапира бошлашди. Улар руҳ ато этган қобилиятга кўра гапиришарди.  Ўшанда Қуддусда дунёнинг турли четларидан келган диндор яҳудийлар бор эди.  Бу шовқинни эшитгач, кўпчилик у ерга йиғилди. Шогирдлар уларнинг тилларида гапиришаётганини эшитиб, ўша одамлар довдираб қолишди.  Улар жуда ҳайрон бўлиб, бир-бирига шундай дейишарди: «Буни қаранг-а, ахир бу гапираётган кишилар ҳаммаси жалилалик эмасми?  Ундай бўлса, қандай қилиб ҳар биримиз уларнинг ўз она тилимизда гапиришаётганини эшитяпмиз?  Парфияликлар, мидияликлар, эламликлар, Месопотамия, Яҳудия, Каппадокия, Понт ва Осиё* вилоятларида яшовчилар, 10  Фригия, Памфилия, Миср ва Ливиянинг Киринеяга яқин ўлкаларида истиқомат қилувчилар, шунингдек, Римдан келган яҳудийлар ва яҳудий динига кирганлар, 11  критликлар ва араблар — ҳаммамиз уларнинг ўз она тилимизда Аллоҳнинг улуғвор ишлари ҳақида гапиришаётганини эшитяпмиз». 12  Бундан барча ҳангу манг бўлиб, бир-биридан: «Нима бўляпти ўзи?» — дея сўрашар эди. 13  Бошқалар эса мазах қилиб: «Булар шаробдан яхшигина отиб олишганга ўхшайди»,— дейишарди. 14  Шунда Бутрус ўн бир ҳаворий билан бирга ўрнидан туриб, баланд овоз билан хитоб қилди: «Эй яҳудияликлар ва Қуддусда яшовчилар, гапларимга қулоқ солиб, нималар бўлаётганини билиб олинглар. 15  Бу одамлар, сизлар ўйлагандек маст бўлишгани йўқ, чунки ҳозир эрталаб соат тўққиз-ку*. 16  Аслида бу воқеа ҳақида Йўэл пайғамбар шундай деб башорат қилган эди: 17  “Охирги кунларда,— демоқда Худо,— Мен ҳар қандай инсоннинг устига Ўз руҳимдан ёғдираман. Ўшанда ўғилу қизларингиз башорат қилишади, йигитларингиз ваҳий, мўйсафидларингиз тушлар кўришади. 18  Ўша кунларда қулу чўриларимга ҳам Ўз руҳимдан ёғдираман ва улар ҳам башорат қилишади. 19  Осмону фалакда ғаройибот, ер юзида эса аломатлар, қон, олов ва паға-паға тутун бўлади. 20  Яҳованинг улуғ ва даҳшатли куни келишидан олдин қуёш зулматга, ой қонга буланади. 21  Ўшанда Яҳованинг исмини айтиб чақирадиган ҳар бир одам қутқарилади”. 22  Эй исроилликлар, гапларимга қулоқ солинглар: ўзларингиз ҳам биласизки, Аллоҳ носиралик Исо орқали орангизда қудратли ишлар, ғаройиботу аломатлар кўрсатиб, уни сизларга танитди. 23  Сизлар эса уни қонунсиз одамларнинг қўлига топшириб, устунга михлатиб ўлдирдингизлар. Аслида, Тангри Ўз иродасига кўра, бу кишининг ҳибсга олинишини азалдан белгилаб қўйган эди. 24  Бироқ Худо уни ўлим кишанларидан халос этиб тирилтирди, чунки ўлим бу кишини асирликда ушлаб туришга қодир эмасди. 25  Довуд пайғамбар Забурда у ҳақда айтганидек: “Яҳова доимо кўз ўнгимдадир. У ўнг томонимда бўлгани учун мен асло тебранмасман. 26  Бундан қалбим шодликка, тилим қувончга тўлди. Энди мен умид билан яшайман. 27  Зеро Сен жонимни мозорда* ташлаб кетмайсан, содиқ бандангнинг чиришига йўл қўймайсан. 28  Ҳаёт йўлларини менга ўргатдинг, кўз олдингда мени шод-хуррам қиласан”. 29  Биродарлар, бобокалонимиз Довуд вафот этиб, дафн қилингани ва унинг мақбараси ҳозиргача шу ерда эканлиги ҳақида очиқчасига гапиришимга рухсат этинглар. 30  У киши пайғамбар бўлган ва Аллоҳ унинг авлодларидан бирини тахтига ўтқазаман, деб онт ичган. 31  Шу боис Масиҳнинг тирилишини, яъни мозорда ташлаб кетилмаслигини ҳамда баданининг чиримаслигини олдиндан билиб, маълум қилган. 32  Бу киши Исо эди. Аллоҳ уни тирилтирди ва ҳаммамиз бунга шоҳидмиз. 33  Хуллас, у юксалтирилиб, Худонинг ўнг тарафига ўтирди ва самовий Отаси томонидан ваъда қилинган муқаддас руҳни олди. Ўзингиз кўрганингиз ва эшитганингиздай, шу руҳни устингизга ёғдирди. 34  Довуд ўзи осмонга кўтарилмаган бўлса-да, шундай деган: “Яҳова Ҳазратимга айтди: 35  “Душманларингни оёғинг остига қўймагунимча, Менинг ўнг томонимда ўтир”. 36  Шундай экан, сизлар устунга михлатган Исони Тангримизнинг Ўзи Ҳазрат ва Масиҳ қилиб тайинлаганини бутун Исроил хонадони яхшилаб уқиб олсин». 37  Буни эшитганларнинг юрагига ўқ қадалгандай бўлди ва улар Бутрус билан бошқа ҳаворийларга мурожаат қилиб: «Биродарлар, биз нима қилишимиз керак?» — деб сўрашди. 38  Бутрус эса уларга деди: «Тавба қилинглар ва гуноҳларингиз кечирилиши учун ҳар бирингиз Исо Масиҳнинг номи ила сувга чўминглар. Шу тариқа сизлар муқаддас руҳ инъомини оласизлар. 39  Ахир бу ваъда сизларга ва фарзандларингизга, узоқда бўлганларнинг ҳаммасига, қолаверса Аллоҳимиз Яҳова кимни даъват этган бўлса, шуларга берилади». 40  Бутрус яна бошқа сўзлар билан кенг шоҳидлик бериб, тингловчиларни: «Бу бузуқ наслдан эҳтиёт бўлинглар»,— дея огоҳлантирарди. 41  Унинг сўзларини чин юракдан қабул қилганлар сувга чўмишди ва ўша куннинг ўзида шогирдлар сафига тахминан 3 000 киши* қўшилди. 42  Улар ҳаворийлардан таълим олишда давом этар, ҳамма нарсаларини ўзаро бўлишар ва бирга овқатланиб ибодат қилишарди. 43  Ҳамма* даҳшатга тушди ва ҳаворийлар орқали кўпгина ғаройиботу аломатлар содир бўла бошлади. 44  Исонинг издоши бўлганларнинг ҳаммаси биргалашиб, барча нарсаларини ўзаро баҳам кўришарди. 45  Улар мол-мулкларини сотиб, даромадни ҳар кимнинг эҳтиёжига қараб тақсимлашарди. 46  Ҳар куни маъбадда бирга тўпланар ва бир-бирининг уйида йиғилиб, катта қувонч ва самимият билан бирга овқатланишар эди. 47  Худони улуғлаб, халқнинг ҳурматига сазовор бўлишарди. Яҳова эса кундан-кунга нажот топаётганларни уларнинг сафига қўшарди.

Изоҳлар

Луғатга қ.
Рим империясининг Кичик Осиёдаги вилояти.
Сўзма-сўз «куннинг учинчи соати». Инжил ёзилган даврда кун қуёш чиқишидан бошлаб ҳисобланарди.
Юнонча ҳадес. Илованинг 5- мавзусига қ.
Сўзма-сўз «жон».
Сўзма-сўз «ҳар бир жон».