Мосламалар

Тилни танланг

Қўшимча менюга ўтиш

Мундарижага ўтиш

Асосий материалларга ўтиш

Яҳованинг Шоҳидлари

ўзбекча

Онлайн Муқаддас Китоб

МУҚАДДАС КИТОБ — ЯНГИ ДУНЁ ТАРЖИМАСИ

2 Коринфликларга 8:1-24

8  Биродарлар, энди сизларни Тангрининг Македониядаги жамоатларга кўрсатган инояти тўғрисида хабардор қилмоқчимиз.  Улар қайғу чекиб, оғир синовларни бошдан кечиришган бир пайтда, ўзлари ғоят қашшоқ бўлишларига қарамай, катта қувонч билан сахийлик кўрсатишди.  Улар қўлларидан келганини ва ҳатто бундан ҳам ортиғини қилишганига шахсан ўзим шоҳидман.  Шунингдек, моддий ёрдам кўрсатиш билан муқаддас кишиларнинг хизматида иштирок этиш шарафига уларни ҳам муносиб кўришимизни кўп илтимос қилишди.  Улар кутганимиздан ҳам ортиғини қилишди, чунки аввало ўзларини Ҳазратимизга, сўнг эса Аллоҳнинг иродаси билан бизларга бағишлашди.  Бу ишни ораларингизда биринчи бўлиб Титус бошлаган эди, шуни энди охиригача етказиб қўйсин деб, уни рағбатлантирдик.  Сизлар ҳамма нарсага, яъни имонга, гапириш қобилиятига, билимга, бутун тиришқоқлик ва ўзаро меҳр-муҳаббатга бой экансизлар, моддий ёрдам кўрсатишда ҳам сахий бўлинглар.  Мен буни буйруқ тариқасида эмас, балки бошқаларнинг ғайратли ишларини назарда тутиб, сизларнинг меҳр-муҳаббатингизни синаб кўриш учун айтяпман.  Сизлар Ҳазратимиз Исо Масиҳ намоён этган иноятдан хабардорсизлар. У ўзи бой бўлатуриб, сизлар учун камбағал бўлди, токи унинг камбағаллиги орқали сизлар бой бўлинглар. 10  Бу масалада ўз фикримни айтмоқчиман: бу иш сизларнинг фойдангиз учундир, ахир бундан бир йил аввал буни бажаришни истабгина қолмай, ҳатто бошлаб ҳам қўйган эдингизлар. 11  Шундай экан, катта истак ва тайёрлик билан бошлаб қўйган бу ишингизни, қурбингиз етганича битиришга ҳаракат қилинглар. 12  Чин қалбдан берилган ҳадя Аллоҳга маъқулдир, зеро Аллоҳ инсондан унда йўқ нарсани эмас, бор нарсани кутади. 13  Мен бошқаларга енгил, сизларга эса қийин бўлишини хоҳламайман. 14  Аксинча, мувозанат сақланиши учун, сизларда мўл-кўл бўлган нарса уларнинг етишмовчилигини, уларда мўл-кўл бўлган нарса эса сизларнинг етишмовчилигингизни тўлдиришини истардим. 15  Муқаддас Ёзувларда айтилганидек: «Кўп йиққанники ортиб қолмади, оз йиққанники эса етмай қолмади». 16  Сизларга шундай ғамхўрлик қилиш истагини Титуснинг дилига солган Худога шукурлар бўлсин. 17  Илтимосимиз унга маъқул тушгани рост, аммо унинг ўзи ҳам буни бажаришга хоҳиш билдириб, ўз ихтиёри билан ёнингизга бормоқчи. 18  У билан биргаликда, хушхабар учун қилган ишлари туфайли барча жамоатлар орасида мақтовга сазовор бўлган биродарни юборяпмиз. 19  Бу биродар моддий ёрдамни тақсимлаш ишида бизга ҳамроҳлик қилиши учун жамоатлар томонидан тайинланган. Биз буни Ҳазратимизни* улуғлаш ва бошқаларга ёрдам бериш истагимиз борлигини исботлаш учун қиляпмиз. 20  Шу йўсинда, сахийлик билан қилинган моддий ёрдамни тақсимлаш ишимиздан бирор ким айб топмасин деб, эҳтиёт бўламиз. 21  Ахир биз «бу ишни фақатгина Яҳованинг назарида эмас, балки одамларнинг олдида ҳам ҳалоллик билан бажаришга интиляпмиз». 22  Бундан ташқари, улар билан яна битта биродаримизни юборяпмиз. У кўп ишларда тиришқоқ эканига бир неча бор амин бўлган эдик, энди эса сизларга қаттиқ ишонгани учун у янада кўпроқ тиришқоқлик кўрсатяпти. 23  Агар Титус борасида бирор шубҳангиз бўлса, билиб қўйингларки, у сизларнинг манфаатингиз учун хизмат қилаётган менинг шеригим ва ҳамкоримдир. Бошқа биродарларга келсак, улар жамоатларнинг элчилари* ҳамда Масиҳга шараф келтирувчилардир. 24  Шундай экан, уларни чиндан ҳам севганингизни исботлаб, биз сизлар билан жамоатларнинг олдида бекорга мақтанмаганимизни кўрсатинглар.

Изоҳлар

Ёки «Раббимизни», юнонча Кириос.
Сўзма-сўз «ҳаворийлари», юнонча апостолос.