Мосламалар

Тилни танланг

Қўшимча менюга ўтиш

Мундарижага ўтиш

Асосий материалларга ўтиш

Яҳованинг Шоҳидлари

ўзбекча

Онлайн Муқаддас Китоб

МУҚАДДАС КИТОБ — ЯНГИ ДУНЁ ТАРЖИМАСИ

2 Коринфликларга 5:1-21

5  Биламизки, агар ердаги масканимиз, яъни чодир мисоли танамиз йўқ бўлиб кетса, Аллоҳ биз учун осмонда, инсон қўли билан ясалмаган абадий макон яратади.  Биз учун осмонда тайёрлаб қўйилганига бурканишни истаб, ҳозирги маконимизда оҳ-нола қилиб яшаяпмиз.  Унга бурканиб олганимизда эса яланғоч қолмаймиз.  Бу чодир мисоли танамизда яшаб, оғир юк остида оҳ-нола қиляпмиз. Аммо уни ечиб ташламоқчи эмасмиз, аксинча, ўладиган тананинг ўрнига ҳаётга эга бўлайлик, деб бошқасига бурканишни хоҳлаймиз.  Худо айнан шунинг учун бизни тайёрлаб, бунинг гарови сифатида Ўз руҳини берган.  Шу сабабли, биз доимо жасоратга тўламиз. Биламизки, масканимиз ушбу тана бўлган пайтда, биз Ҳазратимиздан узоқдамиз.  Ахир биз, кўрганимиз бўйича эмас, имонимизга мувофиқ яшаймиз.  Ҳа, биз жасоратга тўламиз, чунки бу танани тарк этиб, Ҳазратимизнинг ёнида бўлишни афзал кўрдик.  Қаерда яшашимизнинг аҳамияти йўқ — Ҳазратимизнинг ёнидами ёки ундан узоқдами, мақсадимиз — унга маъқул бўлишдир. 10  Зеро ҳар биримиз, бу танада бўлган пайтимизда қилган яхши ёки ёмон ишларимизга яраша тақдирланиш учун Масиҳнинг ҳакамлик минбари олдида туришимиз лозим. 11  Ҳазратимиздан қўрқиш кераклигини тушунган ҳолда, биз ишонч билан одамларга таълим беряпмиз. Тангри бизнинг қандай инсон эканимизни яхши билади ва бу сизларга* ҳам аён, деган умиддаман. 12  Сизларга ўзимизни қайта тавсия этаётганимиз йўқ. Аммо қалбида бори билан мақтанмай, ташқи кўриниши билан мақтанаётганларга жавоб қайтара олинглар деб, бизлар билан мақтанишингизга имкон яратиб беряпмиз. 13  Агар ақлсизларча йўл тутаётган бўлсак, буни Худо учун қиляпмиз. Борди-ю, ақл билан иш қилсак, бу сизлар учундир. 14  Бизга туртки берган куч — Масиҳнинг севгисидир. Шу сабабдан биз ушбу хулосага келдик: агар бир киши ҳаммани деб ўлган бўлса, демак ҳамма ўлган. 15  Чиндан ҳам, у ҳаммани деб ўлди, токи тирик бўлганлар энди ўзлари учун эмас, балки уларни деб ўлиб қайта тирилган киши учун яшасинлар. 16  Бундан буён, биз ҳеч кимнинг ташқи кўринишига қараб баҳо бермаймиз. Илгари биз Масиҳга, унинг инсоний ташқи кўринишига қараб баҳо берган бўлсак, энди бундай қилмаймиз. 17  Агар биров Масиҳ билан бирликда бўлса, у Аллоҳнинг янги ижодидир. Аввалгилари ўтиб кетди. Қаранг, янгилари пайдо бўлди! 18  Буларнинг бари эса Тангридандир. У бизни Масиҳ орқали Ўзи билан яраштириб, бизга яраштириш хизматини топширди. 19  Яъни Масиҳ орқали Аллоҳ дунёни Ўзи билан яраштирди ва уларнинг айбларини ҳисобга олмади. Яраштириш ҳақидаги хабарни эса бизга ишониб топширди. 20  Гўё Худо биз орқали инсонларга хитоб қилгандай, биз Масиҳнинг ўрнига элчилик қиляпмиз. Масиҳнинг ўрнига биз: «Тангри билан ярашиб олинглар»,— деб ёлворяпмиз. 21  Аллоҳ гуноҳни билмаган кишини биз учун гуноҳ қурбонлиги қилди, токи Масиҳ туфайли биз Унинг назарида одил бўлайлик.

Изоҳлар

Сўзма-сўз «виждонингизга».