Асосий материалларга ўтиш

Қўшимча менюга ўтиш

Мундарижага ўтиш

Яҳованинг Шоҳидлари

ўзбекча

Онлайн Муқаддас Китоб | МУҚАДДАС КИТОБ — ЯНГИ ДУНЁ ТАРЖИМАСИ

2 Коринфликларга 4:1–18

4  Бу хизматга Аллоҳнинг раҳм-шафқати туфайли эга бўлган эканмиз, таслим бўлмаймиз.  Уятли бўлган сирли ишлардан воз кечиб, айёрлик ҳам қилмаймиз, Тангрининг каломига ҳам ҳеч нарса қўшмаймиз. Аксинча, Худонинг назарида ҳар бир инсоннинг виждони учун ўзимизни ўрнак қилиб кўрсатиб, ҳақиқатни ошкор этамиз.  Борди-ю, биз ваъз этаётган хушхабар ёпинчиқ билан тўсилган бўлса, у ҳалок бўладиганлар учун тўсилган.  Чунки Тангрининг тасвири бўлган Масиҳ ҳақидаги улуғвор хушхабарнинг нури уларнинг устидан порламасин деб, ушбу замонанинг худоси имонсизларнинг зеҳнларини кўр қилиб қўйган.  Ахир биз ваъз қилганимизда ўзимиз тўғримизда эмас, балки Исо Масиҳ Ҳазратимиз экани ҳақида гапирамиз. Ўзимизни эса Исо ҳаққи сизларнинг қулларингиз, деб эълон қиламиз.  Зеро: «Қоронғиликда нур порласин»,— деган Аллоҳнинг Ўзи қалбларимизга нур сочиб, Масиҳнинг юзи орқали Ўзи ҳақидаги улуғвор билим билан ёритди.  Инсонларникидан устун турган куч биздан эмас, Худодан экани аниқ кўриниб турсин деб, биз ушбу хазинани лойдан ясалган идишларда сақлаб юрибмиз.  Биз ҳар томонлама сиқувга олинган бўлсак-да, лекин эзилмаймиз. Нима қилишимизни билмасак-да, чорасиз эмасмиз.  Таъқиб қилиняпмиз, лекин ташлаб қўйилмаганмиз. Қайғудан эзиляпмиз, бироқ ҳалок бўлмаяпмиз. 10  Исонинг ҳаёти танамизда ошкор бўлиши учун доимо ва ҳар жойда Исога ўхшаб қўпол муомалага чидаб келяпмиз. 11  Бизнинг ўткинчи танамизда Исонинг ҳаёти ошкор бўлсин деб, биз яшаётганлар Исо ҳаққи ўлимга рўбарў келяпмиз. 12  Бизнинг ўлимга дучор бўлишимиз натижасида эса сизлар ҳаётга эга бўляпсизлар. 13  Муқаддас Ёзувларда: «Мен ишондим, шу боис гапирдим»,— дейилган. Биз ҳам шундай руҳиятга эга бўлиб, ишонганимиз учун гапиряпмиз. 14  Биламизки, Исони тирилтирган Худо, у билан бирга бизни ҳам тирилтиради ва сизлар билан бирга Ўз ҳузурида турғизиб қўяди. 15  Буларнинг бари сизлар учун бўляпти, токи кўп кишиларнинг Аллоҳга шукрона айтиши туфайли, мўл-кўл иноят янада ошиб бориб, Тангрига шон-шарафлар бўлсин. 16  Ана шу сабабдан биз таслим бўлмаймиз, гарчи ташқи қиёфамиз сўлиб бораётган бўлса-да, ички дунёмиз кундан-кунга янгиланяпти. 17  Биз дуч келаётган қайғулар енгил ва қисқа муддатлидир, лекин улар бизга абадий ва беқиёс шараф келтиради. 18  Бизнинг нигоҳимиз кўринадиган нарсаларга эмас, кўринмайдиган нарсаларга қаратилган. Чунки кўринадиганлари вақтинчалик, кўринмайдиганлари эса абадийдир.

Изоҳлар