Мосламалар

Тилни танланг

Қўшимча менюга ўтиш

Мундарижага ўтиш

Асосий материалларга ўтиш

Яҳованинг Шоҳидлари

ўзбекча

Онлайн Муқаддас Китоб

МУҚАДДАС КИТОБ — ЯНГИ ДУНЁ ТАРЖИМАСИ

2 Коринфликларга 3:1-18

3  Ўзимизни яна сизларга тавсия этишга бирор зарурат борми? Ёки баъзиларга керак бўлгандай, сизларга тавсиянома жўнатишга ёки сизлардан шундай хат олишга муҳтожмизми?  Қалбларимизга ёзилган ҳамда барча инсонлар билиб, ўқиб юрган хатимиз сизларсиз.  Сизлар Масиҳнинг хати эканингиз аниқ кўриниб турибди. Бу хат, хизматчилар бўлмиш биз тарафимиздан сиёҳ билан эмас, барҳаёт Аллоҳнинг руҳи билан, тош лавҳаларга эмас, балки эт лавҳаларга — қалбларга ёзилган.  Биз буни Масиҳ орқали Тангрининг олдида ишонч билан айта оламиз.  Ўзимизни ўзимиз лаёқатли деб ҳисобламаганмиз ва бунга ўз ҳаракатимиз билан эришмаганмиз. Бизни лаёқатли қилган Худодир.  Дарҳақиқат, У бизни Таврот қонунининг эмас, аксинча муқаддас руҳнинг, янги аҳднинг хизматчилари бўлишга лаёқатли қилган. Таврот қонуни ўлимга маҳкум этади, Тангрининг руҳи эса ҳаёт бахш этади.  Ўлимга маҳкум этувчи, тошга ўйиб ёзилган Таврот қонуни шу қадар улуғворлик билан келган эдики, Исроил ўғиллари Мусонинг юзидан таралаётган нурга, ўткинчи нурга қарай олишмаган эди. Шундай экан,  муқаддас руҳнинг хизмати ундан ҳам улуғвор бўлиши керак эмасми?  Агарда маҳкум этувчи Таврот қонуни улуғворликка эга бўлган бўлса, адолатни эълон этиш хизмати ундан ҳам кўпроқ улуғворликка эгадир. 10  Ҳақиқатан ҳам, илгари улуғворликка эга бўлган нарса, ундан ҳам кўпроқ улуғвор бўлган нарса туфайли улуғворлигидан маҳрум бўлди. 11  Агар ўткинчи нарса улуғворлик билан келган бўлса, қоладиган нарса янада улуғвор бўлиши аниқ. 12  Шундай умидимиз бор бўлгани учун, биз бемалол гапирамиз 13  ва Мусо сингари йўл тутмаймиз. У, Исроил ўғиллари ўткинчи нарсанинг охиратини кўришмасин дея, юзини ёпинчиқ билан тўсган эди. 14  Аммо уларнинг зеҳнлари ўтмаслашиб қолган. Шу кунга қадар эски аҳд ўқилганда ўша ёпинчиқ олинмай турибди, чунки у Масиҳ орқалигина йўқ қилинади. 15  Ҳа, шу кунга қадар Мусо ёзган китобларни ўқишганида, уларнинг қалбларини ёпинчиқ тўсиб турибди. 16  Бироқ улар Яҳовага топиниш учун ўз йўлларини ўзгартиришса, ёпинчиқ олиб ташланади. 17  Яҳова — руҳий Шахсдир. Қаерда Яҳованинг муқаддас руҳи бор бўлса, ўша ерда эркинлик бўлади. 18  Биз эса ёпилмаган юзларимиз билан Яҳованинг улуғворлигини гўё кўзгудек акс эттиряпмиз. Руҳий шахс бўлмиш Яҳова бизни ўзгартирганига яраша тобора улуғворликка эришиб, Унинг сурати томон ўзгариб боряпмиз.

Изоҳлар