Мосламалар

Тилни танланг

Қўшимча менюга ўтиш

Мундарижага ўтиш

Асосий материалларга ўтиш

Яҳованинг Шоҳидлари

ўзбекча

Онлайн Муқаддас Китоб

МУҚАДДАС КИТОБ — ЯНГИ ДУНЁ ТАРЖИМАСИ

2 Коринфликларга 11:1-33

11  Озгина ақлсизлик қилишимга чидайсизлар, деган умиддаман. Аслида, сизлар ҳанузгача менга чидаб келяпсизлар!  Мен сизларни илоҳий рашк билан қизғаняпман, ахир ўзим сизларни эрга беришни, яъни Масиҳга пок бир бокира сифатида тақдим этишни ваъда қилганман.  Аммо илон маккорлиги билан Момоҳавони йўлдан оздиргани каби, сизларнинг ҳам фикр-хаёлингиз бузилиб, Масиҳ сазовор бўлган самимият ва покликдан узоқлашиб қолманглар, деб қўрқяпман.  Боиси, биров келиб сизларга биз ваъз этган Исодан бошқаси ҳақида ваъз этса, ёки сизлар олган руҳдан бошқасини олсангизлар, ёхуд сизлар қабул қилган хушхабардан бошқасини қабул қилсангизлар, бунга бемалол чидайсизлар-ку.  Мен эса, сизларнинг «олий» ҳаворийларингиздан кам эмасман, деб ўйлайман.  Гапиришга уста бўлмасам ҳам, билим борасида маҳоратлиман. Буни сизларга ҳар жиҳатдан ошкор этганмиз.  Наҳотки сизларни юксалтирай деб, ўзимни паст олиб, яъни Худонинг хушхабарини сизларга чин кўнгилдан, текинга етказиб гуноҳ қилган бўлсам?  Сизларга хизмат қилиш учун мен бошқа жамоатлардан моддий ёрдам олиб, уларни талагандай бўлдим.  Ёнингизда муҳтож аҳволда бўлганимда ҳам, бирон кишига оғирлигим тушмаган, чунки Македониядан келган биродарлар муҳтожлигимни ошиғи билан тўлдиришган эди. Чиндан ҳам сизларга оғирлигим тушмасин деб ҳаракат қилганман, бундан буён ҳам ҳаракат қиламан. 10  Худди Масиҳдай ҳақиқатни гапиряпман: бу билан Ахая вилоятларида мақтанишимга ҳеч нарса тўсқинлик қила олмайди. 11  Нима сабабдан? Сизларни севмаганим учунми? Сизларни севишимни Аллоҳ яхши билади. 12  Биз эга бўлган мавқега эришиш учун сабаб излаётган кишилар мақтанишга асос топа олмасин деб, ҳозир қилаётган ишимни бундан буён ҳам давом эттираман. 13  Ахир, бундай кишилар сохта ҳаворийлар, ўзларини Масиҳнинг ҳаворийлари қилиб кўрсатаётган ёлғончилардир. 14  Бунинг ҳеч ажабланарли жойи йўқ, чунки Шайтон ҳам ўзини нурли фаришта қилиб кўрсатади. 15  Шу сабабдан, унинг хизматкорлари ҳам ўзларини одиллик хизматчилари қилиб кўрсатишса, бунга қойил қолмаслик керак. Аммо-лекин уларнинг охирати қилмишларига яраша бўлади. 16  Тағин айтиб қўяй: ҳеч ким мени ақлсиз деб ўйламасин. Борди-ю, шундай деб ҳисоблаётган бўлсангизлар ҳам, оз-моз мақтана олишим учун, ақлсизлигимга чидаб туринглар. 17  Нимаики гапираётган бўлсам, Ҳазратимга тақлид қилиб эмас, ақлсизларча, мақтанчоқларга хос манманлик билан гапиряпман. 18  Кўплар бу дунёга тааллуқли нарсалар билан мақтанишса, мен ҳам мақтанавераман. 19  Ахир, ўзларингиз ақлли бўлатуриб, ақлсизларга бажонидил чидаб келяпсизлар-ку. 20  Аслида эса, сизларни қул қилиб олаётган, бор-йўғингизни тортиб олиб, ямламай ютаётган, бошингизга чиқиб олаётган ва юзингизга тарсаки тушираётган кишиларга чидаб келяпсизлар. 21  Бу гапларни айтиш биз учун уят, чунки баъзилар бизни ўз ҳокимиятидан фойдаланишга қодир эмас, деб ҳисоблашяпти. Аммо кимдир бирор ишда жасурлик қилса — ақлсиз кишидай айтяпман — мен ҳам жасурлик қиламан. 22  Улар ибронийми? Мен ҳам ибронийман. Улар исроилликми? Мен ҳам исроилликман. Улар Иброҳим зурриётими? Мен ҳам унинг зурриётиман. 23  Улар Масиҳнинг хизматкорларими? Ақлдан озган кишидай айтаманки, мен уларнинг ҳаммасидан устунман. Чунки улардан кўра кўпроқ меҳнат қилганман, кўп марта қамоқда ўтирдим, роса дўппосландим, кўп марта ўлимдан қолдим. 24  Беш марта яҳудийлар қўлидан бир кам қирқтадан таёқ едим. 25  Уч марта хивич билан саваландим, бир марта тошбўрон қилишди, уч маротаба кема ҳалокатини бошдан кечирдим, бир кечаю кундузни очиқ денгизда ўтказдим. 26  Тез-тез сафарга чиқар эдим, дарёларда, қароқчилардан, ўз миллатдошларим ҳамда бошқа халқлар дастидан хавф остида қолдим. Шунингдек, шаҳару даштларда, денгизда ва сохта биродарлар орасида хавф-хатарга дуч келдим. 27  Тер тўкиб меҳнат қилдим, кўп марта уйқусиз тунларни бошдан кечирдим, очу чанқоқ бўлдим, кўп марта овқат емай юрдим, совуқларда кийимсиз қолдим. 28  Бундан ташқари, барча жамоатларнинг ташвиши менга кундан-кунга тинчлик бермаяпти. 29  Биров ҳолсиз бўлса, мен ҳам ўзимни ҳолсиз ҳис этмайманми? Бировни қоқинтиришганини кўрсам, қоним қайнамайдими? 30  Мақтаниш керак бўлса, заифлигимни кўрсатадиган нарсалар билан мақтанаман. 31  Ҳазрати Исонинг Тангриси ва Отаси — абадий ҳамду саноларга муносиб Худо, ёлғон гапирмаётганимни билади. 32  Дамашқда, шоҳ Аретаснинг қўл остидаги ҳоким, мени тутиш учун Дамашқ шаҳрининг ҳудудини пойлаб турарди. 33  Ўшанда мени саватга солиб, девордаги деразадан тушириб қўйишган эди ва мен унинг қўлидан қочиб қутулганман.

Изоҳлар