Мосламалар

Тилни танланг

Қўшимча менюга ўтиш

Мундарижага ўтиш

Асосий материалларга ўтиш

Яҳованинг Шоҳидлари

ўзбекча

Онлайн Муқаддас Китоб

МУҚАДДАС КИТОБ — ЯНГИ ДУНЁ ТАРЖИМАСИ

2 Коринфликларга 1:1-24

1  Аллоҳнинг иродаси билан Исо Масиҳнинг ҳаворийси* бўлишга даъват этилган Павлусдан ва биродаримиз Тимўтийдан, Тангрининг Коринфдаги жамоатига ҳамда бутун Ахаядаги жамики муқаддас кишиларга:  Отамиз Худодан ва Ҳазратимиз Исо Масиҳдан сизларга иноят ва тинчлик бўлсин.  Ҳазратимиз Исо Масиҳнинг Тангриси ва Отасига ҳамдлар бўлсин. У раҳмдил Ота ва ҳар қандай вазиятда тасалли берадиган Аллоҳдир.  У барча қайғуларимизда бизга тасалли беради. Шу тариқа биз ҳам, Худодан олган тасалли билан турли қайғуларга дучор бўлганларга тасалли бера оламиз.  Масиҳ учун чекаётган қайғуларимиз қанчалик кўпаяётган бўлса, Масиҳ орқали топаётган тасаллимиз ҳам шунчалик ортиб боряпти.  Биз қайғу чекаётган бўлсак, бу сизларнинг тасалли ва нажот топишингиз учундир. Тасалли топсак, бу ҳам сизларнинг тасалли топишингиз учундир. Токи бу тасалли, биз каби қайғуларга йўлиққанингизда чидашингизга кўмаклашсин.  Сизларга бўлган умидимиз қатъий, чунки сизлар азобларимизга шерик бўлганингиздек, тасалли билан ҳам бўлишишингизни биламиз.  Биродарлар, Осиёда* бошимизга тушган қайғудан бехабар қолишингизни хоҳламаймиз. Биз кучимиздан ортиқ, чидаб бўлмайдиган даражада эзилдик, ҳатто тирик қолишга умидимизни йўқотган эдик.  Чиндан ҳам, биз ўзимизни ўлимга маҳкум этилгандай ҳис этдик. Бу эса ўзимизга эмас, аксинча ўлганларни тирилтирадиган Аллоҳга таянишимиз учун содир бўлди. 10  У бизни ўлим хавфидан қутқарди ва яна қутқаради. Бундан буён ҳам бизни қутқаришига умид қиламиз. 11  Сизлар ҳам бизга илтижолар билан ёрдам бера оласизлар. Шу йўсин, кўпларнинг ибодати туфайли бизга кўрсатилган меҳрибонликни кўриб, кўп кишилар биз учун Худога миннатдорлик билдира олишади. 12  Бизнинг мақтанишимизга асос бор. Чунки ушбу дунёда, айниқса сизларнинг орангизда дунёнинг донолигига эмас, аксинча Аллоҳнинг иноятига таяниб, муқаддаслик ва Худо берган ҳалоллик билан кун кечирдик. Бу сўзларни эса тоза виждон билан гапиряпмиз. 13  Биз аслида ўзингиз яхши билган ҳамда тан олаётган нарсаларни ёзяпмиз. Умид қиламанки, бу нарсаларни охиригача тан оласизлар. 14  Ҳазратимиз Исонинг кунида сизлар билан мақтанар эканмиз, сизлар ҳам аллақачон бизлар билан мақтана олишингизни тан олдингизлар. 15  Хуллас, янада кўпроқ қувонишингиз учун иккинчи марта олдингизга келишни аввалдан ният қилгандим. 16  Сизлар билан қолиб, Македонияга бормоқчи ва Македониядан яна ёнингизга қайтмоқчи эдим. Кейин мени Яҳудияга бир оз кузатиб қўярдингизлар. 17  Хўш, бу ниятим шунчаки енгилтаклик эдими? Ёки бу ниятимни тана истакларим таъсирида, гоҳ «ҳа, ҳа», гоҳ «йўқ, йўқ», дея амалга оширмоқчиманми? 18  Аллоҳ ишончли бўлганидек, биз ҳам сизларга «ҳа» деб туриб, шу билан бирга «йўқ» демаймиз. 19  Орангизда биз, яъни мен, Силван* ва Тимўтий орқали ваъз этилган Худонинг Ўғли Исо Масиҳ бир вақтнинг ўзида «ҳа» ва «йўқ» бўлган эмас. У орқали «ҳа», «ҳа» бўлди. 20  Аллоҳнинг қанча ваъдалари бор бўлса, бари унинг воситасида «ҳа» бўлди. Шу боис у орқали Тангрига «омин» деб, Унга шон-шараф келтирамиз. 21  Сизларни ҳам, бизни ҳам Масиҳга тегишли эканимизда ишонтираётган ҳамда бизни танлаган Худонинг Ўзидир. 22  У устимизга муҳр қўйди ва келадиган баракаларнинг гарови сифатида муқаддас руҳни қалбларимизга жойлаштирди. 23  Тангрининг олдида ҳаётим билан қасам ичаманки, сизларни аяганим учун ҳанузгача Коринфга бормаяпман. 24  Биз сизларнинг имонингиз устидан хўжайинлик қилаётганимиз йўқ. Ахир сизлар имонингиз туфайли маҳкам турибсизлар-ку. Биз бўлсак сизларга қувонч келтирадиган хизматдошлармиз.

Изоҳлар

Луғатга қ.
Рим империясининг Кичик Осиёдаги вилояти.
Ёки «Сила».