Асосий материалларга ўтиш

Қўшимча менюга ўтиш

Мундарижага ўтиш

Яҳованинг Шоҳидлари

ўзбекча

Онлайн Муқаддас Китоб | МУҚАДДАС КИТОБ — ЯНГИ ДУНЁ ТАРЖИМАСИ

2 Бутрус 2:1-22

2  Бироқ, Исроил халқи орасида сохта пайғамбарлар бўлгани каби, сизларнинг орангизда ҳам сохта устозлар бўлади. Бундай кишилар яширинча ҳалокатли мазҳабларни киритиб, ҳатто ўзларини сотиб олган хўжайиндан ҳам юз ўгирадилар. Шу йўсинда улар ўзларини тўсатдан келадиган ҳалокатга дучор қиладилар.  Бундан ташқари, кўпчилик уларнинг ахлоқсиз хулқ-атворига тақлид қилади. Оқибатда эса ҳақиқат йўли ҳақоратланади.  Шунингдек, улар айёрона гапириб, тамагирлик билан сизлардан ўз манфаатлари учун фойдаланадилар. Аммо улар устидан аллақачон чиқарилган ҳукм кечикмайди ва улар ҳалок бўлиши муқаррар.  Худо гуноҳкор фаришталарни аямай, тартарга* ташлаб, ҳукм қилиш учун уларни зим-зиё чуқурликка қамаб қўйган.  Шунингдек, У қадимги дунёни аямай, бетавфиқлар устига тўфон юборган. Адолат йўлини хабарлаб юрган Нуҳ пайғамбарни ва у билан бирга яна етти кишини эса сақлаб қолган.  Аллоҳ Садўм ва Ғамўра шаҳарларини ҳукм қилиб, кулга айлантирган ва шу билан бетавфиқларга келажакда нима юз беришини кўрсатган.  Қонундан юз ўгириб, адабсиз хулққа берилган одамларнинг хатти-ҳаракатидан эзилган одил киши Лутни эса қутқарган.  Чунки уларнинг орасида яшаб, кундан-кунга қонунсиз ишларини кўрган ва эшитганидан бу одил кишининг жони азият чекар эди.  Бундан кўриниб турибдики, художўй кишиларни синовлардан қандай қутқаришни, адолатсиз кишиларни эса йўқ қилиш учун ҳукм кунигача қандай сақлашни Яҳова билади. 10  Булар қаторига, айниқса, бошқаларни булғаш ниятида ножўя жинсий алоқа қилиб юрган ва ҳокимиятга ҳурмат кўрсатмаётганлар ҳам киради. Ушбу ўжар ва ўзбошимча кишилар, улуғвор шахслардан қўрқишнинг ўрнига, уларни ҳақорат қилишмоқда. 11  Ҳатто улардан анча кучлироқ ва қудратлироқ фаришталар ҳам, Яҳовани ҳурмат қилишгани боис, ўша сохта устозларни ҳақоратли сўзлар билан айблашмаган. 12  Аммо бу одамлар, тутиб ўлдирилиш учун туғилган онгсиз ҳайвонларга ўхшайди. Улар ўзлари тушунмаган нарсани ҳақоратлашмоқда. Бу одамлар ҳалокат йўлида туришибди ва улар йўқ бўлиб кетиши турган гап. 13  Ҳа, уларнинг қилмишлари ўзларига қайтади. Бундай одамлар куппа-кундуз куни ўз тана нафсини қондиришдан лаззатланишади. Доғ ва нуқсон каби, улар сизлар билан бирга зиёфат қилаётиб, ўзларининг алдамчи таълимотларини тарқатишдан завқ олишади. 14  Кўзлари зинога тўймайди ва гуноҳ қилишдан тинмайдилар. Улар — беқарор кишиларни* йўлдан урадиган, юраклари эса тамагирликка ўрганиб қолган лаънатидирлар. 15  Бу кишилар тўғри йўлни қолдириб, адашиб қолишган. Улар ҳаром йўл билан пул топишни яхши кўрган Бавўр ўғли Баломнинг йўлидан кетишган. 16  Балом қилган жинояти учун танбеҳ олган эди. Тилсиз эшак тилга кириб, одам овози билан гапирган ва бу пайғамбарнинг ақлсиз иш қилишига йўл қўймаган. 17  Бу одамлар сувсиз булоқлардир ва бўрон ҳайдаган ёмғирсиз булутлардир. Улар учун тим қоронғи зулмат тайёрлаб қўйилган. 18  Боиси, улар бўлмағур гапларни бўрттириб гапиришади. Хато йўлидан эндигина қайтган кишиларни эса ўз тана истакларию ахлоқсиз хулқ-атвори билан йўлдан оздиришмоқда. 19  Ўша ёвуз кишилар, уларга эргашганларга эркинликни ваъда қилишади, ўзлари эса ахлоқсизлик қулларидир. Чунки одам ким томонидан енгилса, ўшанинг қули бўлади. 20  Дарҳақиқат, агар улар Ҳазратимиз ва Нажоткоримиз Исо Масиҳ ҳақидаги аниқ билим туфайли, булғанган дунёдан қочиб қутулгандан кейин яна ўша ишларга берилиб енгилишса, уларнинг сўнгги аҳволи олдингисидан баттар бўлади. 21  Сабаби, одиллик йўлини аниқ билгандан кейин, уларга топширилган муқаддас амрдан юз ўгиргандан кўра, бу йўлни умуман билмаганлари улар учун яхшироқ эди. 22  Улар билан юз берган воқеа қуйидаги мақолда ўз тасдиғини топди: «Ит ўз қусуғига, ювилган чўчқа ҳам балчиқда юмалашга қайтади».

Изоҳлар

Илованинг 7- мавзусига қ.
Сўзма-сўз «жонларни».