Асосий материалларга ўтиш

Қўшимча менюга ўтиш

Мундарижага ўтиш

Яҳованинг Шоҳидлари

ўзбекча

Онлайн Муқаддас Китоб | МУҚАДДАС КИТОБ — ЯНГИ ДУНЁ ТАРЖИМАСИ 2013 йил нашрига қаранг

2 Бутрус 1:1–21

1  Исо Масиҳнинг қули ва ҳаворийси Симун Бутрусдан, Аллоҳимизнинг ҳамда Нажоткоримиз Исо Масиҳнинг одиллиги туфайли биз қатори имонга мушарраф бўлганларга:  Худо ва Ҳазратимиз Исо Масиҳ ҳақидаги аниқ билим орқали Тангрининг инояти ҳамда тинчлиги сизларда янада кўпайсин.  Зеро ҳаётга ва художўйликка алоқадор барча нарсалар бизга Аллоҳнинг қудрати орқали берилган. Бунга эса, бизни улуғворлиги ва яхши фазилатлари орқали даъват этган Зот ҳақида аниқ билим олиш орқали эришганмиз.  Ёмон эҳтирослар дастидан дунёда ҳукм сураётган ахлоқсизликдан озод бўлиб, илоҳий табиатга эга бўлишингиз учун, У улуғворлиги ва яхши фазилатлари орқали бизга қимматбаҳо ва буюк ваъдалар берган.  Шу сабабли, астойдил ғайрат кўрсатиб, имонингизни ҳиммат билан, ҳимматни билим билан,  билимингизни ўзини тута билиш билан, ўзини тута билишни сабр-бардош билан, сабр-бардошни художўйлик билан,  художўйликни самимий биродарлик билан, самимий биродарликни эса муҳаббат билан тўлдиринглар.  Агар буларнинг бари сизларда мўл-кўл бўлса, унда Ҳазратимиз Исо Масиҳ тўғрисидаги аниқ билимларни қўллашда фаолиятсиз ёки самарасиз бўлмайсизлар.  Бу хислатларга эга бўлмаган киши эса кўр ва нурни кўрмаслик учун кўзларини юмиб олиб, аввалги гуноҳларидан тозаланганини унутиб қўйган. 10  Шундай экан, биродарлар, даъват этилганингиз ва танланганингизга содиқ қолиш учун жон куйдиринглар. Шунда ҳеч қачон йўлдан озмайсизлар. 11  Аксинча, сизлар Ҳазратимиз ва Нажоткоримиз Исо Масиҳнинг абадий шоҳлигига кириш шарафига эга бўласизлар. 12  Шу боис, сизлар бу нарсаларни билишингизга ҳамда ўзларингиз қабул қилган ҳақиқатда маҳкам турганингизга қарамай, мен бу ҳақда доим сизларга эслатиб турмоқчиман. 13  Ҳозирча шу инсоний танада* эканман, бу нарсаларни эслатиш билан сизларни тетиклантириб туришни ўринли деб ҳисоблайман. 14  Боиси, Ҳазратимиз Исо Масиҳ менга маълум қилганидай, яқинда шу танамдан айрилишимни биламан. 15  Шундай экан, ҳозир қўлимдан келганини қиламан, токи мен кетгандан кейин бу нарсаларни ўзингизга эслатиб туринглар. 16  Сизларга Ҳазратимиз Исо Масиҳнинг қудрати ва ҳозир бўлиши ҳақида айтиб бераётиб, уддабурона ўйлаб чиқарилган ҳикояларга асосланмаганмиз. Унинг улуғворлигини ўз кўзларимиз билан кўрганмиз. 17  Улуғвор ҳашамат манбаидан: «Бу Менинг севикли Ўғлимдир, ундан мамнунман»,— деган сўзлар эшитилган эди. Шунда Отамиз Худо уни ҳурмат ва шон-шараф билан тақдирлаган. 18  Ҳа, осмондан янграган бу сўзларни, биз у билан бирга муқаддас тоғда турганимизда эшитганмиз. 19  Ана шу сабабли, биз башоратли сўзга илгаригидан ҳам кўпроқ ишонамиз. Кун ёришиб, тонг юлдузи чиқмагунича, сизлар қоронғи жойда, яъни қалбларингизда мойчироқдай нур сочиб турган ўша сўзга мурожаат этиб тўғри қиласизлар. 20  Сизлар аввало, Муқаддас Ёзувлардаги ҳеч бир башорат бирор кимсанинг фикрига асосланмаганини биласизлар. 21  Чунки башорат ҳеч қачон инсоннинг хоҳиши бўйича ёзилмаган. Аксинча, одамлар муқаддас руҳ бошқаруви билан Аллоҳнинг фикрларини ёзишган.

Изоҳлар

Сўзма-сўз «чодирда».