Асосий материалларга ўтиш

Қўшимча менюга ўтиш

Мундарижага ўтиш

Яҳованинг Шоҳидлари

ўзбекча

Онлайн Муқаддас Китоб | МУҚАДДАС КИТОБ — ЯНГИ ДУНЁ ТАРЖИМАСИ

1 Тимўтийга 6:1-21

6  Аллоҳнинг исми ва Унинг таълимоти ҳақоратланмаслиги учун, қуллик бўйинтуруғи остида бўлганлар хўжайинларини тўла ҳурматга лойиқ ҳисобласинлар.  Хўжайинлари имонли бўлганлар эса биродар деб, хўжайинларига эътиборсизлик билан қарашмасин. Аксинча, уларга янада кўпроқ тиришиб хизмат қилсинлар. Чунки уларнинг ҳалол хизматидан фойда оладиган хўжайинлар — имондошлари ва уларнинг севикли биродарларидир. Бу борада таълим бериб, насиҳат қил.  Агар қандайдир киши сохта таълимотни ёйса, Ҳазратимиз Исо Масиҳнинг соғлом сўзлари ва художўйликка мувофиқ таълимотга қўшилмаса,  у мағрурланиб кетган ва ҳеч нарсага тушунмаяпти, лекин сўроқ-саволлар ҳамда сўзлар дастидан баҳслашиш касаллигига чалинган. Бу эса ҳасад, жанжалкашлик, ҳақоратли сўзлар ва ёмон гумонларни,  шунингдек, ҳақиқатдан маҳрум бўлган ва ақли бузуқ одамлар ўртасида арзимаган нарсалар учун юз берадиган ғазабни туғдиради. Улар, художўйлик билан бирор нарсага эга бўлиш мумкин, деб ўйлашади.  Албатта, художўйлик ва борига қаноат қилиш — бу кўп нарсаларга эга бўлиш имконидир.  Ахир биз дунёга ҳеч нарса олиб келмадик ва ундан ҳеч нарса олиб кета олмаймиз ҳам.  Хуллас, егулик, кийим ва бошпанамиз бўлса, шулар билан қаноат қилайлик.  Бойиб кетиш ниятида юрганлар эса васваса ва тузоққа илиниб, инсонларни ҳалокату ўлимга олиб борадиган кўп бемаъни ва зарарли истакларга мубтало бўладилар. 10  Ҳар турли ёмонликнинг негизи пулпарастликдир. Баъзилар унга берилиб, имондан қайтишди ва кўпгина азобларга дуч келиб, ўзларини яралашди. 11  Бироқ сен, эй Худонинг бандаси, булардан узоқлаш. Бунинг ўрнига одиллик, художўйлик, имон, муҳаббат, сабр-бардош ва мулойимлик каби фазилатларни ривожлантир. 12  Имон учун жон-жаҳдинг билан кураш, абадий ҳаётни маҳкам ушла. Чунки сен шу ҳаёт учун даъват этилгансан ҳамда у тўғрисида кўп гувоҳлар олдида очиқ эълон қилгансан. 13  Понтий Пилатга очиқчасига шоҳидлик қилган Исо Масиҳ ҳамда борлиққа ҳаёт ато этиб турган Худо олдида сенга буюраман: 14  Ҳазрати Исо Масиҳнинг ошкор бўлишигача беғубор ва қусурсиз қолиб, ушбу буйруққа амал қил. 15  Бахтиёр ва ягона Ҳукмдор, подшоҳларнинг Подшоҳи, Олий Ҳазратимизнинг ошкор бўлиши эса белгиланган вақтда содир бўлади. 16  Танҳо у ўлмасликка эга бўлиб, яқинлашиб бўлмайдиган нурда туради, уни ҳеч бир инсон кўрмаган ва кўра олмайди. Унга шон-шуҳрат ва куч-қудрат абадий бўлсин! Омин. 17  Бу замонда бой бўлганларга шундай буюр: улар кеккаймасинлар ҳамда бевафо бойликка эмас, балки завқ олишимиз учун ҳар нарсани мўл-кўл қилиб тақдим этаётган Аллоҳга таянсинлар, 18  яхшилик қилиб, эзгу ишлари билан бойисинлар, сахий бўлсинлар ва бор нарсаларини баҳам кўришга шай турсинлар, 19  ҳақиқий ҳаётни қўлдан бой бермаслик учун, келажакка мустаҳкам пойдевор бўладиган ҳамда йўқ бўлмайдиган хазина тўплашсин. 20  Эй Тимўтий, сенга ишониб топширилган нарсаларни сақлаб, муқаддас нарсаларни булғайдиган қуруқ гаплардан ва «билим», деб аталган ихтилофлардан четда юр. 21  Сабаби, баъзилар бундай «билим» билан керилиб, имондан қайтишди. Худонинг инояти сизларга ёр бўлсин.

Изоҳлар