Мосламалар

Тилни танланг

Қўшимча менюга ўтиш

Мундарижага ўтиш

Асосий материалларга ўтиш

Яҳованинг Шоҳидлари

ўзбекча

Онлайн Муқаддас Китоб

МУҚАДДАС КИТОБ — ЯНГИ ДУНЁ ТАРЖИМАСИ

1 Коринфликларга 7:1-40

7  Энди эса саволларингизга жавобан ёзяпман: эркак киши аёлга яқинлашмагани яхши*.  Аммо ҳамма жойда зино тарқалгани сабабли, ҳар бир эркакнинг ўз хотини, ҳар бир аёлнинг ўз эри бўлсин.  Эр хотинига, хотин эса эрига тегишли ҳаққини берсин*.  Хотиннинг танаси устидан ўзи эмас, эри ҳокимлик қилади. Худди шундай, эрнинг танаси устидан ўзи эмас, хотини ҳокимлик қилади.  Бундан бир-бирингизни маҳрум этманглар. Фақат ўзаро келишиб олиб, ибодатга муайян вақт ажратгандан сўнг яна бирга бўлинглар. Тағин Шайтон нафсингизни тия олмаганингиздан фойдаланиб, сизни йўлдан оздирмасин.  Буни буйруқ тариқасида эмас, ижозат сифатида қабул қилинглар.  Ҳамма одамлар мен каби бўлишларини хоҳлар эдим. Бироқ ҳар кимнинг Аллоҳдан олган инъоми турлича: бириники ундай бўлса, бошқасиники бундай.  Турмуш қурмаган ва беваларга эса гапим шу: улар мендек ёлғиз қолишса яхши бўларди.  Лекин ўзларини тия олишмаса, турмуш қуришсин. Сабаби, эҳтирос ўтида ёнгандан кўра, турмуш қурган яхшироқдир. 10  Оилалиларга шундай йўл-йўриқ бераман, аслида мен эмас, Ҳазратимиз буюради: хотин эридан ажралмасин. 11  Борди-ю, ажралса ҳам, бошқа эрга тегмасин ёки эри билан ярашсин. Эр ҳам хотинини ташлаб кетмасин. 12  Бошқаларга келсак, Ҳазратимиз эмас, мен айтяпман: агар қайсидир биродарнинг хотини имондош бўлмаса-ю, у билан яшашга рози бўлса, хотинини ташлаб кетмасин. 13  Хотин ҳам эри имондош бўлмаса-ю, у билан яшашга рози бўлса, эрини тарк этмасин. 14  Имондош бўлмаган эр хотини орқали муқаддас бўлади, имондош бўлмаган хотин ҳам имонли эри орқали муқаддас бўлади. Акс ҳолда болаларингиз Худонинг назарида нопок бўлар эди, энди бўлса муқаддасдир. 15  Бироқ имондош бўлмаган киши турмуш ўртоғини тарк этса, кетаверсин. Бундай вазиятларда биродар ёки опа-сингил эрининг олдида бурчли бўлмайди. Чунки Аллоҳ сизларни тинч яшашга даъват этган. 16  Сиз хотин, қаердан биласиз, балки эрингизни қутқариб қоларсиз? Ёки сиз, эр, қаердан биласиз, эҳтимол хотинингизни қутқариб қоларсиз? 17  Ҳар бир киши Яҳова унга берган улушга ҳамда Худо уни қай ҳолда даъват этганига яраша яшасин. Барча жамоатларга шундай йўл-йўриқ бераман. 18  Биров суннат қилинган ҳолда даъват этилдими? Шундайлигича қолсин. Биров суннат қилинмаган ҳолда даъват этилдими? Суннат қилинмасин. 19  Суннатлилик ҳам, суннатсизлик ҳам аҳамиятли эмас, фақат Тангрининг амрларини бажариш аҳамиятлидир. 20  Ким қай ҳолда даъват этилган бўлса, шундайлигича қолсин. 21  Қул бўлганингизда даъват этилганмисиз? Бундан ташвишланманг. Аммо эркин бўлиш имкониятингиз бор бўлса, ундан фойдаланиб қолинг. 22  Боиси, қул бўлганида Ҳазратимиз томонидан даъват этилган киши озод қилинган ва Ҳазратимизга тегишлидир. Шу сингари, озод бўлган ҳолда даъват этилган одам — Масиҳнинг қулидир. 23  Сизлар қиммат баҳога сотиб олингансизлар. Бундан буён одамларга қул бўлманглар. 24  Хуллас, биродарлар, ким қандай ҳолда даъват этилган бўлса, шундайлигича қолиб, Худо билан муносабатларини сақласин. 25  Турмуш қурмаганларга* келсак, бу борада Ҳазратимиздан бирор буйруқ олган эмасман. Аммо ишончли бўлишим учун Ҳазратим менга кўрсатган раҳм-шафқатга таяниб, ўз фикримни айтяпман. 26  Машаққатли дамларда яшаётганимиз сабабли, инсон учун ҳозирги ҳолича қолгани яхши деб ўйлайман. 27  Хотинингиз борми? Озод бўлиш йўлини изламанг. Хотинсиз қолдингизми? Унда хотин изламанг. 28  Лекин, агар оила қурсангиз ҳам гуноҳ қилган бўлмайсиз. Оилали бўлмаган киши* ҳам турмуш қурса, гуноҳ қилмайди. Лекин уларнинг ҳаётида янги қийинчиликлар пайдо бўлади*. Мен эса сизларни қийинчиликлардан асрамоқчиман. 29  Биродарлар, яна шуни аймоқчиманки, вақт ҳам оз қолди. Хотини борлар бундан буён хотини йўқдай бўлишсин. 30  Йиғлаётганлар йиғламагандай, севинаётганлар севинмагандай, сотиб олаётганлар харид қилмагандай, 31  бу дунёдан фойдаланаётганлар, ундан тўлиқ фойдаланмаётгандай бўлишсин. Чунки бу дунёнинг саҳнаси* ўзгариб боряпти. 32  Мен эса ташвишингиз бўлмаслигини истайман. Уйланмаган киши Ҳазратимизга ёқай деб, Ҳазратимизга хизмат қилиш билан боғлиқ нарсаларни ўйлайди. 33  Уйланган киши бўлса хотинимга ёқай деб, бу дунёга оид нарсалар ҳақида қайғуради. 34  Натижада унинг фикри бўлинади. Худди шундай турмуш қурмаган аёл ва бокира қиз жисман ва ақлан* муқаддас бўлиш учун Ҳазратимизга хизмат қилиш билан боғлиқ нарсалар ҳақида ташвишланади. Эрли хотин эса эримга ёқай деб, бу дунёга оид нарсалар ҳақида қайғуради. 35  Буни эркингизни чеклаб қўйиш ниятида эмас, фойдангиз учун ёзяпман. Сизларни турмуш қурмаганингизга яраша, чалғимасдан Ҳазратимизга доим хизмат қилишга ундамоқчиман. 36  Агар кимдир турмуш қурмай* нотўғри йўл тутяпман, деб ўйласа, илк ёшлик давридан ўтган ва оила қуришга қарор чиқарган бўлса, истагандай йўл тутсин, гуноҳ қилмайди. Бундайлар турмуш қуришсин. 37  Бироқ кимдир бунда эҳтиёж ҳис қилмай, ўз қарорида қатъий турган ҳамда ўзини ўзи тия олиб, турмуш қурмасликка* қалбида аҳд қилган бўлса, у яхши йўл тутган бўлади. 38  Бокир ёки бокиралигидан воз кечиб, турмуш қурган киши яхши қилади. Кимки бундан воз кечмай, турмуш қурмаса, янада яхшироқ йўл тутган бўлади. 39  Эри тириклигида, хотин унга боғланган бўлади. Аммо эри ўлим уйқусига кетса, аёл истаган кишига турмушга чиқиши мумкин, фақат у киши Ҳазратимизга* тегишли бўлиши керак. 40  Лекин менинг фикримча, аёл қайта турмуш қурмаса, бахтлироқ бўлади. Аминманки, менда ҳам Худонинг руҳи бор.

Изоҳлар

Жинсий алоқа назарда тутилган.
Жинсий алоқа маъносида.
Сўзма-сўз «бокир ва бокираларга».
Сўзма-сўз «бокир ва бокира».
Сўзма-сўз «улар жисман азоб чекишади».
Бу ерда «саҳна» сўзи, театр саҳнасидаги ўзгариб турувчи кўринишларни англатади.
Сўзма-сўз «руҳан».
Сўзма-сўз «бокиралиги билан».
Сўзма-сўз «бокир ёки бокиралигини сақлашга».
Ёки «Раббимизга», юнонча Кириос.