Асосий материалларга ўтиш

Қўшимча менюга ўтиш

Мундарижага ўтиш

Яҳованинг Шоҳидлари

ўзбекча

Онлайн Муқаддас Китоб | МУҚАДДАС КИТОБ — ЯНГИ ДУНЁ ТАРЖИМАСИ

1 Коринфликларга 11:1–34

11  Мен Масиҳга тақлид қилаётганимдай, сизлар ҳам менга тақлид қилинглар.  Барча ишларингизда мени ёдга олиб, кўрсатмаларимга қаттиқ риоя қилаётганингиз учун мақтовга лойиқсизлар.  Шуни билишингизни хоҳлардимки, ҳар бир эркакнинг боши Масиҳ, аёлнинг боши эркак, Масиҳнинг боши эса Худодир.  Бошини ёпган ҳолда ибодат ёки башорат қилган ҳар қандай эркак ўз бошини уятга қолдирган бўлади.  Шунингдек, бошини ёпмай ибодат ёки башорат қилаётган аёл ҳам ўз бошини уятга қолдирган бўлади. Зеро бу бошини қирдириш* билан баробардир.  Агарда аёл бошини ёпмаса, унда сочларини қирқсин. Лекин сочларини қирқиш ёки қирдириш аёл учун уят бўлса, бошини ёпсин.  Эркак киши бошини ёпмаслиги керак, чунки у Аллоҳнинг сурати ва обрўйидир. Аёл эса эркакнинг обрўйидир.  Чунки эркак хотиндан эмас, балки хотин эркакдан пайдо бўлган.  Устига-устак эркак аёл учун эмас, балки аёл эркак учун яралган. 10  Ана шу сабабдан ва фаришталар учун аёлнинг бошида эрига бўйсунганлигини кўрсатувчи белги бўлиши керак. 11  Шундай бўлса-да, Ҳазратимизнинг тузумига кўра аёлсиз эркак, эркаксиз аёл бўлиши мумкин эмас. 12  Аёл эркакдан яралганидек, эркак ҳам аёл орқали пайдо бўлган. Бироқ ҳамма нарса Худодандир. 13  Ўзларингиз ўйлаб кўринглар: аёл бошини ёпмай Аллоҳга ибодат қилиши ўринлими? 14  Эркак сочини ўстириши ғайритабиий ва шармандалик эмасми? 15  Агарда аёл сочини ўстирса, бу аёл учун шараф ҳисобланмайдими? Ахир соч унга ёпинчиқ ўрнида берилган-ку. 16  Борди-ю, аллаким бошқа бир одатга риоя қилиш керак деб баҳслашмоқчи бўлса, билсинки, бизда ҳам, Аллоҳнинг жамоатларида ҳам бу борада ўзга одат йўқ. 17  Аммо ушбу кўрсатмаларни бераётиб, сизларни мақтай олмайман, чунки йиғилишларингизнинг фойдасидан кўра, зарари кўпроқ. 18  Эшитишимча, жамоат йиғилганда орангизда бўлинишлар юз бераётган экан. Қисман бўлса-да, мен бунга ишонаман. 19  Орангизда мазҳабчилик* пайдо бўлиши муқаррар, аммо шу орқали Худога маъқул инсонлар кимлиги аён бўлади. 20  Бирга йиғилганларингизда Ҳазратимизнинг кечлик таомини муносиб тарзда ея олмас экансизлар. 21  Яъни ҳар бирингиз вақтидан олдин ейишни бошлайсизлар, натижада кимдир оч қолади, кимдир маст бўлади. 22  Наҳотки еб-ичиш учун уйларингиз бўлмаса? Ёки Тангрининг жамоатини писанд қилмай, муҳтож кишиларни уятда қолдирмоқчимисизлар? Яна нима десам экан сизларга? Мақтаб қўяйми? Йўқ, бунинг учун мақтай олмайман. 23  Мен сизларга нимаики топширган бўлсам, буларнинг барини Ҳазратимиздан олганман: Ҳазратимиз Исо тутиб бериладиган кечада нонни олди, 24  шукрона дуосини айтгач, уни синдириб: «Бу сизлар учун бериладиган менинг танамни билдиради. Буни мени эслаб туриш учун қилинглар»,— деди. 25  Худди шундай кечки овқатдан кейин косани олиб, деди: «Бу коса менинг қоним асосида тузиладиган янги аҳдни англатади. Ҳар сафар ундан ичганингизда, мени эслаш учун шундай қилиб туринглар». 26  Ҳар гал бу нонни еб, бу косадан ичганингизда, Ҳазратимиз келгунича, унинг ўлимини эълон этган бўласизлар. 27  Шунга кўра, ким номуносиб тарзда Ҳазратимизнинг нонидан еб, косасидан ичса, Ҳазратимизнинг танаси ва қонига қарши гуноҳ қилган бўлади. 28  Одам аввал ўзини текшириб, муносиб эканига амин бўлгач, нондан еб, косадан ичаверсин. 29  Бунинг тана эканини тушунмаган ҳолда еб-ичган киши эса, ўзини ҳукмга мубтало қилади. 30  Ана шу сабабдан орангизда кўплар заиф, касал бўлиб, ўлим уйқусида ётганлар* ҳам оз эмас. 31  Агар ўзимизни текширганимизда эди, ҳукм этилмаган бўлардик. 32  Бироқ агар ҳукм этилсак ҳам, Яҳовадан жазо олган бўламиз ва дунё билан бирга ҳукм этилмаймиз. 33  Шунинг учун биродарлар, ўша кечликни ейиш мақсадида йиғилганларингизда, бир-бирингизни кутиб туринглар. 34  Кимдир оч бўлса, уйида есин, токи йиғилганларингизда ўзингизни ҳукмга мубтало қилманглар. Қолган ишларни эса олдингизга борганимда ҳал қиламан.

Изоҳлар

Ахлоқсизлик қилган аёл шундай жазоланган.
Ёки «бўлинишлар».
Яъни Худо билан муносабатини йўқотиб, маъжозий маънода ўлганлар.