Мосламалар

Тилни танланг

Қўшимча менюга ўтиш

Мундарижага ўтиш

Асосий материалларга ўтиш

Яҳованинг Шоҳидлари

ўзбекча

Онлайн Муқаддас Китоб

МУҚАДДАС КИТОБ — ЯНГИ ДУНЁ ТАРЖИМАСИ

Ҳаворийлар 7:1-60

7  Шунда олий руҳоний ундан: «Бу гаплар ростми?» — деб сўради.  Стефан унга қуйидагиларни айтди: «Биродарлар, оталар, сўзларимни эшитиб олинглар. Бобокалонимиз Иброҳим ҳали Хоронга кўчишидан аввал, Месопотамияда бўлганида, улуғвор Аллоҳимиз унга зоҳир бўлиб:  “Ўз юртингдан, қариндош-уруғларинг олдидан чиқиб, Мен сенга кўрсатадиган ерга бор”,— деган эди.  Иброҳим халдейларнинг мамлакатини тарк этиб, Хоронда ўрнашди. Отаси вафот этгач, Тангри уни ҳозир сизлар яшаётган ерга ўрнаштирди.  Лекин бир қарич* ерни ҳам Иброҳимга мерос қилиб бермади. Аксинча, у фарзандсиз бўлганида, Худо бу ерни унга ва унинг зурриётига беришни ваъда қилди.  Бундан ташқари, Худо унинг зурриёти 400 йил бегона юртда мусофир ва қул бўлишини айтиб,  шундай деди: “Аммо уларни қул қилган халқни ҳукм қиламан, сўнг улар ўша жойдан чиқиб, ушбу ерда менга муқаддас хизматни адо этишади”.  Шунингдек, Аллоҳ Иброҳим билан суннат қилиш ҳақида аҳд тузди. Иброҳим Исҳоқни дунёга келтирди ва саккизинчи кунда уни суннат қилди. Исҳоқдан Ёқуб, Ёқубдан эса ўн икки қабила келиб чиқди.  Қабила бошлари Юсуфни кўролмаганларидан уни Мисрга сотиб юборишди. Бироқ, Худо у билан эди. 10  У Юсуфни ҳамма балолардан қутқарди, унга донолик ато этиб, Миср шоҳи фиръавннинг илтифотига сазовор қилди. Фиръавн эса уни Миср ва бутун хонадони устидан бошлиқ қилиб қўйди. 11  Аммо бутун Миср ва Канъон юртларига қаттиқ очарчилик келди ва ота-боболаримиз озиқ-овқат тополмай қолишди. 12  Бобокалонимиз Ёқуб Мисрда озиқ-овқат борлигини эшитиб, биринчи марта ота-боболаримизни юборди. 13  Иккинчи марта боришганида, Юсуф кимлигини акаларига маълум қилди. Шунда фиръавн ҳам Юсуфнинг оила аъзолари келганидан хабар топди. 14  Юсуф ҳам хабар юбориб, отаси Ёқубни ва етмиш беш кишидан* иборат бутун уруғ-аймоғини чақириб олди. 15  Ёқуб Мисрга борди ва у ерда қазо қилди. Ота-боболаримиз ҳам у ерда оламдан ўтишди 16  ва уларнинг суяклари Шакамга кўчирилиб, мақбарага қўйилди. Ушбу мақбарани бобокалонимиз Иброҳим Шакамдаги Хамўр ўғилларидан кумуш пулга сотиб олган эди. 17  Аллоҳ Иброҳим билан тузган аҳднинг амалга ошиш вақти яқинлашганда, Ёқубнинг авлодлари Мисрда ўсиб, кўпая борарди. 18  Бу орада Мисрда Юсуфни танимайдиган бошқа шоҳ тахтга ўтирди. 19  У халқимизга зулм ўтказарди. Оталаримизни, гўдаклари ўлиши учун уларни ташлаб кетишга мажбур қилди. 20  Шу пайт Мусо пайғамбар дунёга келди. У ниҳоятда чиройли бўлиб, уч ой отасининг уйида боқилди. 21  У ташлаб кетилганида, фиръавннинг қизи уни топиб олиб, ўз ўғлидай катта қилди. 22  Шунинг учун Мусога мисрликларнинг бор ҳикмати ўргатилди. Натижада у ҳам сўзда, ҳам ишда маҳоратли бўлди. 23  Қирқ ёшга тўлганда, унинг юрагида ўз биродарларидан — Исроил ўғилларидан хабар олиш истаги пайдо бўлди. 24  Биродарларидан бирига қўпол муомала қилишаётганини кўриб, уни ҳимоя қилди ва мисрликни ўлдириб, унинг учун ўч олди. 25  Мусо, Худо у орқали уларга нажот беришини биродарлари тушунишади, деб ўйлади. Аммо улар тушунишмади. 26  Кейинги кун уларнинг урушиб турганини кўриб, яраштирмоқчи бўлди-да, улардан: “Ахир биродарсизлар-ку. Нега бир-бирингизга озор етказяпсизлар?” — деб сўради. 27  Биродарига озор бераётган одам унга гап қайтариб деди: “Ким сени бизларга раҳбар ёки қози қилиб қўйди? 28  Кеча мисрликни ўлдиргандек, балки мени ҳам ўлдирмоқчидирсан?” 29  Бу гапни эшитгач, Мусо қочиб кетиб, Мидиён юртида мусофир бўлиб яшади. Ўша ерда у икки ўғилли бўлди. 30  Орадан қирқ йил ўтиб, Синай тоғи ёнидаги саҳрода унга ёнаётган бутада фаришта зоҳир бўлди. 31  Мусо буни кўриб донг қотиб қолди. Яхшилаб кўриб олиш учун бутага яқинлашмоқчи бўлганида, бирдан Яҳованинг овози эшитилди: 32  “Мен ота-боболаринг Иброҳим, Исҳоқ ва Ёқубнинг Худосиман”. Мусо эса қўрқувдан титраганча, ортиқ тикилиб қарашга журъат эта олмади. 33  Яҳова гапида давом этиб унга деди: “Оёғингдаги чориғингни еч, чунки сен турган ер муқаддасдир. 34  Мен Мисрдаги халқимнинг жабр-зулм чекаётганини кўриб, оҳ-нолаларини эшитиб, уларни қутқариш учун келдим. Кел, энди Мен сени Мисрга юборай”. 35  “Ким сени бизларга раҳбар ёки қози қилиб қўйди?” — дейишган ўша Мусони, Аллоҳ фариштаси орқали бута ичидан гапириб, раҳбар ҳамда қози сифатида юборди. 36  Бу киши Мисрда, Қизил денгизда ва қирқ йил давомида саҳрода турли ғаройиботу мўъжизалар кўрсатиб, халққа раҳбарлик қилди. 37  Исроил ўғилларига: “Тангри биродарларингиз орасидан мен каби пайғамбарни танлайди”,— деган киши, ана шу Мусодир. 38  У саҳрода Исроил халқи орасида юриб, Синай тоғида фаришта билан гаплашган. Шунингдек, у ота-боболаримиз билан бирга бўлиб, сизларга айтиб бериш учун жонли, муқаддас сўзларни қабул қилган. 39  Ота-боболаримиз эса унга бўйсунишни истамай, рад этишди ва қалбларида Мисрга қайтишни ният қилишди. 40  Улар Ҳорунга: “Қани, бизларга йўл кўрсатиб борадиган худолар ясаб бер. Чунки бизни Миср юртидан олиб чиққан Мусога нима бўлганини билмаймиз”,— деб айтишди. 41  Шундай қилиб, улар ўша кунларда бузоқни ясаб, ўша бутга қурбонлик келтиришди ва яратган нарсалари шарафига байрам уюштиришди. 42  Бироқ Худо улардан юз ўгириб, самовий жисмларга сиғинадиган бу халқни ўз ҳолига ташлаб қўйди. Пайғамбарлар китобида айтилганидай: “Эй Исроил халқи, саҳрода қирқ йил мобайнида қурбонликлару назрларни Менга келтирганмидиларинг? 43  Йўқ, сизлар худойингиз Мўлахнинг чодирини ҳамда илоҳингиз бўлмиш Рефаннинг юлдузини ясаб, сиғиниш учун уларни кўтариб юргандингиз. Шунинг учун Мен сизларни Бобилга сургун қиламан”. 44  Саҳрода ота-боболаримизда шаҳодат чодири бор эди. Аллоҳ Мусо пайғамбарга гапирганда, унга чодир ясашни буюрди ва у кўрган намунасига биноан уни қилди. 45  Ота-боболаримиз уни мерос сифатида қабул қилиб, Ёшуанинг етакчилигида Худо уларнинг олдиларидан қувиб чиқарган халқларнинг ерига олиб киришди. Чодир Довуд пайғамбарнинг давригача ўша ерда қолди. 46  Довуд эса, Тангрининг марҳаматига сазовор бўлди ва Ёқубнинг Худосига маскан қуришга мушарраф бўлиш учун рухсат сўради. 47  Аммо бу масканни ҳазрати Сулаймон қурди. 48  Лекин пайғамбар айтганидай, Аллоҳ Таоло инсон қўли билан ясалган жойда яшамайди. 49  “Осмон менинг тахтим, ер эса оёқ остимдир. Шундай экан, Менга қандай уй қура оласиз? — демоқда Яҳова. — Қайси жой Менга маскан бўла олади? 50  Ахир, ҳаммасини Ўз қўлларим билан яратмадимми?” 51  Эй, юраги ва қулоғи суннат қилинмаган қайсар одамлар! Сизлар ҳам ота-боболарингиз сингари доимо муқаддас руҳга қарши турасизлар. 52  Ота-боболарингиз таъқиб қилмаган пайғамбар борми? Одил Кишининг келишини башорат қилганларни ҳам улар ўлдиришган-ку. Сизлар ҳам энди Ўшанинг хоинлари ва қотиллари бўлиб қолдингизлар. 53  Сизлар фаришталар орқали берилган Тавротни қабул қилдингизлар, аммо унга риоя этмадингизлар». 54  Бу гаплардан улар ниҳоятда ғазабланиб, тишларини ғижирлата бошлашди. 55  Муқаддас руҳга тўлган Стефан осмонга қаради-да, Аллоҳдан порлоқ нур таралаётганини ва Худонинг ўнг томонида турган Исони кўрди. 56  Сўнг шундай деди: «Мен осмон очилганини ва Тангрининг ўнг томонида турган Инсон Ўғлини кўряпман». 57  Улар овози борича бақириб, қулоқларини бекитишди-да, ёппасига унга ташланишди. 58  Кейин уни шаҳардан ташқарига судраб чиқиб, тошбўрон қила бошлашди. Гувоҳлар бўлса устки кийимларини Шоул исмли бир ёш йигитнинг олдига қўйишди. 59  Улар тошбўрон қилишаётганда Стефан Исога хитоб қилиб: «Эй Ҳазратим Исо, ҳаётимни* қўлингга топширяпман»,— деб айтди. 60  Сўнг тиз чўкиб, баланд овозда шундай деди: «Ё Яҳова, уларни бу гуноҳи учун жазолама». Буларни айтгач, жон берди*.

Изоҳлар

Сўзма-сўз «оёқ изичалик».
Сўзма-сўз «жондан».
Ёки «ҳаётий кучимни». Юнонча пневма.
Сўзма-сўз «ўлим уйқусига кетди».