Мосламалар

Тилни танланг

Қўшимча менюга ўтиш

Мундарижага ўтиш

Асосий материалларга ўтиш

Яҳованинг Шоҳидлари

ўзбекча

Онлайн Муқаддас Китоб

МУҚАДДАС КИТОБ — ЯНГИ ДУНЁ ТАРЖИМАСИ

Ҳаворийлар 5:1-42

5  Яна Ҳанания исмли киши билан хотини Саффира бор эди. У ўз мулкини сотиб,  пулнинг муайян бир қисмини яширди-да, қолганини ҳаворийларга олиб келди. Хотини ҳам бундан хабардор эди.  Шунда Бутрус унга деди: «Ҳанания, Шайтонга алданиб, муқаддас руҳга ёлғон гапиришга қандай журъат этдинг? Нима учун ернинг пулидан бир қисмини яширдинг?  Ахир сотишдан олдин у сеники эди-ку. Уни сотганда, тушган пулни тақсимлаш ўз ихтиёрингда эмасмиди? Нега бундай ишни ният қилдинг? Сен одамларга эмас, Аллоҳга қарши ёлғон гапирдинг».  Бундай сўзлардан кейин Ҳанания ерга йиқилиб, жон берди. Ўшанда буни эшитганларнинг барини қўрқув босди.  Сўнг йигитлар ўрнидан туриб, уни кафанга ўрашди-да, олиб бориб кўмишди.  Тахминан уч соатдан кейин, Ҳананиянинг хотини кириб келди. У бўлиб ўтган ишлардан бехабар эди.  Шунда Бутрус ундан сўради: «Менга айт-чи, сизлар ерни фалон пулга сотдиларингми?» У эса: «Ҳа, шунчага сотдик»,— деб айтди.  Бутрус сўзида давом этиб: «Нима бало, сизлар Яҳованинг руҳини синашга келишиб олганмисизлар? Мана, эрингни кўмганлар эшик олдида туришибди. Улар сени ҳам чиқаришади»,— деди. 10  Шу ондаёқ аёл унинг оёғи остига йиқилиб ўлди. Йигитлар кириб, унинг ўлиб ётганини кўришди-да, жасадини олиб бориб, эрининг ёнига қўйишди. 11  Бу воқеани эшитган барча ва бутун жамоат даҳшатга тушди. 12  Бундан ташқари, халқ орасида ҳаворийларнинг қўллари билан аломату мўъжизалар содир этиларди. Уларнинг бари якдил бўлиб, Сулаймон равоқида тўпланиб туришарди. 13  Халқ уларни мақтаб гапирса-да, бошқа одамлар уларга қўшилишга журъат этмасди. 14  Ҳазратимизга ишонган эркагу аёлларнинг сони эса ортиб борарди. 15  Бутрус ўтиб кетаётганда, ҳеч бўлмаса унинг сояси тушсин, дея одамлар касалларни тўшагу замбилларда катта кўчаларга олиб чиқишарди. 16  Шунингдек, Қуддуснинг ён атрофидаги шаҳарлардан оломон оқиб келиб, ўзлари билан хасталару жинга чалинганларни олиб келишар ва барчаси шифо топарди. 17  Аммо олий руҳоний ва унинг саддуқийлар мазҳабидан бўлган шериклари ҳасадга тўлиб, 18  ҳаворийларни қўлга олишди-да, қамоққа ташлашди. 19  Бироқ кечаси Яҳованинг фариштаси қамоқхонанинг эшикларини очди-да, уларни чиқариб, шундай деди: 20  «Боринглар, маъбадда туриб, бу келажакдаги ҳаёт тўғрисида барини айтиб беринглар». 21  Буларни эшитгач, улар саҳарда маъбадга кириб, таълим бера бошлашди. Олий руҳоний ва унинг шериклари келишганда, Олий Кенгашни ва бутун Исроил ўғилларининг жамоат оқсоқолларини йиғишди. Ҳаворийларни келтириш учун қамоққа одам жўнатишди. 22  Лекин ўша одамлар қамоқхонага келиб, уларни топишолмади. Қайтиб келишгач, бу ҳақда қуйидагича хабар беришди: 23  «Қамоқхона яхшилаб қулфланганини ҳамда эшик олдида соқчилар турганини кўрдик, аммо эшикни очиб қарасак, ичида ҳеч ким йўқ экан». 24  Бу сўзларни эшитгач, маъбад соқчиларининг назоратчиси ва бош руҳонийлар, энди нима бўларкин, деб довдираб қолишди. 25  Шу пайт бир одам келиб, уларга: «Мана, сизлар қамаб қўйган кишилар маъбадда туриб, халққа таълим беришяпти»,— деб хабар етказди. 26  Шунда маъбад назоратчиси ва соқчилар бориб, уларни етаклаб келишди. Лекин халқ уларни тошбўрон қилишидан қўрқиб, куч ишлатишдан ўзларини тийишди. 27  Уларни олиб келишгач, Олий Кенгаш олдида турғизиб қўйишди. Олий руҳоний уларни сўроққа тутиб: 28  «Биз сизларга Исонинг номини тилга олиб, бошқа таълим берманглар, деб тақиқлаб қўймаганмидик? Хўш, бу нима қилганларинг? Мана, сизлар таълимотларинг билан бутун Қуддусни тўлдириб юбордингизлар. Нима, бу билан ўша одамнинг қонини бизнинг бўйнимизга қўймоқчимисизлар?» — деди. 29  Бутрус ва бошқа ҳаворийлар жавобан қуйидагиларни айтишди: «Биз одамлардан кўра Сарвари Оламга кўпроқ бўйсунишимиз керак. 30  Сизлар устунга осиб ўлдирган Исони, ота-боболаримизнинг Худоси тирилтирди. 31  Исроил халқи тавба қилиши ҳамда гуноҳлари кечирилиши учун Аллоҳ уни юксалтириб, Ўзининг ўнг тарафига ўтқизиб, Раҳбар ва Нажоткор қилиб қўйди. 32  Бунга ўзимиз гувоҳмиз. Шунингдек, Худога бўйсунганларга берилган муқаддас руҳ у ҳақда шоҳидлик қилишимизга ёрдам беряпти». 33  Буларни эшитгач, Кенгаш аъзоларининг жаҳли чиқиб, ҳаворийларни ўлдирмоқчи бўлишди. 34  Лекин бутун халқнинг ҳурматини қозонган, Таврот муаллими бўлмиш Гамалиэл исмли бир фарзий Олий Кенгашда ўрнидан туриб, уларни қисқа вақтга ташқарига чиқаришни буюрди. 35  Сўнг, Кенгаш аъзоларига қарата қуйидагиларни айтди: «Эй исроилликлар, бу кишилар билан ўзи нима қилмоқчи эканингизни бир ўйлаб кўринг. 36  Масалан, бундан олдин ўзини улуғ бир одам қилиб кўрсатган Февда пайдо бўлган эди. Унинг орқасидан тахминан 400 киши эргашиб юрганди. Бироқ кўп ўтмай уни ўлдиришди, издошлари эса тарқаб, йўқ бўлиб кетишди. 37  Ундан кейин аҳолини рўйхатга олиш вақтида жалилалик Яҳудо пайдо бўлиб, орқасидан одамларни эргаштирди. Аммо у ҳам ҳалок бўлди, издошлари эса даф бўлишди. 38  Сизларга маслаҳатим шу: бу инсонларга тега кўрманглар, уларни ўз ҳолига қўйинглар, чунки агар бу ташаббус ёки фаолият одамлардан чиққан бўлса, у ўз-ўзидан йўқ бўлиб кетади. 39  Борди-ю, Тангри Таолодан бўлса, уларни тўхтата олмайсизлар. Тағин Аллоҳга қарши чиққан бўлманглар». 40  Улар Гамалиэлга қулоқ солишди ва ҳаворийларни ичкарига чақириб, дўппослашди-да, Исонинг номидан бошқа таълим бермасликни буюриб, қўйиб юборишди. 41  Ҳаворийлар бўлса, Исонинг исми учун ҳақоратга сазовор бўлдик, деб Олий Кенгашдан суюниб чиқиб кетишди. 42  Улар ҳар куни маъбадда ва уйма-уй таълим бериб, Исо Масиҳ тўғрисидаги хушхабарни ёйишдан тинмасдилар.

Изоҳлар