Мосламалар

Тилни танланг

Қўшимча менюга ўтиш

Мундарижага ўтиш

Асосий материалларга ўтиш

Яҳованинг Шоҳидлари

ўзбекча

Онлайн Муқаддас Китоб

МУҚАДДАС КИТОБ — ЯНГИ ДУНЁ ТАРЖИМАСИ

Ҳаворийлар 27:1-44

27  Италияга сузиб боришимиз ҳақида қарор чиқарилгач, Павлусни ва бошқа маҳбусларни Августнинг ҳарбий бўлинмасидан бўлган Юлий исмли юзбошига топширишди.  Биз Осиё соҳилларига Адрамитдан сузиб келаётган кемага ўтириб жўнадик. Биз билан Салоника шаҳридан бўлган македониялик Аристарх ҳам бор эди.  Эртаси куни биз Сидўн шаҳрига келиб тўхтадик. Юлий Павлусга одамгарчилик кўрсатиб, дўстлари унга ғамхўрлик қилишсин, дея уларнинг олдига боришга рухсат этди.   Биз яна у ердан сузиб чиқиб, қаршимиздан шамол эсгани учун Кипр оролини паналаб ўтдик.  Киликия ва Памфилия рўпарасидаги денгиздан сузиб, Ликия вилоятидаги Мира шаҳрига етиб келдик.  Ўша ерда юзбоши Искандариядан келган ва Италияга кетадиган кемани топиб, бизни унга ўтқизди.  Бир неча кун қийналиб сузиб, зўрға Книдосга етиб келдик. Шамол бизга тўсқинлик қилгани учун биз Крит оролини паналаб, Салмон шаҳри ёнидан олға сузиб кетдик.  Крит соҳили бўйлаб машаққат билан сузиб, Ласея шаҳрига яқин бўлган Гўзал Бандаргоҳлар деган жойга етиб келдик.  Кўп вақт ўтди ва сузиш энди хавфли эди. Гуноҳларни ювиш учун тутиладиган рўза куни* ҳам тугагани боис, Павлус уларни огоҳлантириб, шундай деди: 10  «Жаноблар, менимча, бу сузиш нафақат юк ва кемага, балки жонларимизга ҳам зиён келтиради». 11  Лекин юзбоши Павлуснинг гапига эмас, кема эгаси ва унинг капитанига қулоқ солди. 12  Бандаргоҳ қишлашга мослаштирилмагани учун кўпчилик у ердан сузиб кетиб, Крит оролининг Финик бандаргоҳида қишлайлик, деб маслаҳат берди. У ердан шимоли-шарқ ва жануби-шарқ томон сузиб кетиш мумкин эди. 13  Шу пайт жанубдан шамол эсаётганди. Шунда улар мақсадимизга эришдик, деб ҳисоблаб, лангарни кўтариб, Крит соҳили бўйлаб сузиб кетишди. 14  Бироқ кўп вақт ўтмай, орол томондан кучли шимоли-шарқий шамол* кўтарилди. 15  Шамол шунчалик қаттиқ бўлдики, кема унга қарши тура олмаганидан биз таслим бўлдик ва шамол эсган томонга сузиб кетдик. 16  Унчалик катта бўлмаган Кавда оролини паналаб сузиб ўтишимизга қарамасдан, кема қуйруғидаги қайиқни зўрға кўтариб олдик. 17  Уни кўтариб олишгандан кейин кемани арқонлар билан боғлаб, маҳкамлай бошлашди. Сиртисдаги қумлоқ саёзликка ботиб қолишдан қўрқиб, улар кеманинг каноп ва сим арқонларини туширишди. Шундай қилиб, биз шамолга таслим бўлиб, сузиб борардик. 18  Бўрон кемани қаттиқ тебратгани учун, эртасига улар юкни денгизга ташлай бошлашди. 19  Учинчи куни эса ўз қўллари билан кема жиҳозларини ҳам отиб юборишди. 20  Анча кун мобайнида на қуёш, на юлдузлар кўринарди. Бўрон эса ҳеч тинмасди. Охир-оқибат қутулишга бўлган умидимиз пучга чиқди. 21  Кемадаги одамлар кўпдан бери ҳеч нарса ейишмагани учун, Павлус уларнинг орасида туриб: «Жаноблар, Крит оролидан денгизга чиқманглар, деган маслаҳатимга қулоқ солсангиз бўлмасмиди? Ўшанда бундай зиён кўрмас эдингизлар. 22  Лекин тушкунликка тушманглар, чунки кемадан ташқари, ҳеч бир жон ҳалок бўлмайди. 23  Зеро бу кеча мен топинадиган Аллоҳ Ўз фариштасини юборди. 24  У менга шундай деб айтди: “Қўрқма, Павлус. Сен подшоҳнинг олдида туришинг керак. Тангри сен билан бирга бўлганларнинг ҳаётини сақлаб қолади”. 25  Шунинг учун жаноблар, бардам бўлинглар. Сабаби мен, Худо айтган барча нарсалар рўёбга чиқишига ишонаман. 26  Фақат кемамиз қайсидир орол яқинида ҳалокатга учрайди». 27  Адрия денгизида* шамолга таслим бўлиб юришимизнинг ўн тўртинчи кечасида, қарийб туннинг ярмида денгизчилар қайсидир қуруқликка яқинлашишганини пайқадилар. 28  Улар чуқурликни ўлчашганида, тахминан ўттиз олти метр чиқди. Бироз сузгандан кейин яна ўлчаб, қарийб йигирма етти метр эканини аниқлашди. 29  Қояларга урилишдан қўрқиб, кеманинг орқа қисмидан тўртта лангарни ташладик-да, тонг отишини сабрсизлик билан кутдик. 30  Аммо денгизчилар қочиб кетиш ниятида кема тумшуғидан лангар ташламоқчи бўлиб, қайиқни денгизга тушира бошладилар. 31  Шунда Павлус юзбоши ва аскарларга: «Агар бу кишилар кемада қолишмаса, сизлар қутула олмайсизлар»,— деди. 32  Сўнг аскарлар қайиқнинг арқонларини кесиб, уни тушириб юборишди. 33  Кун чиқишидан олдин Павлус ҳаммани бирор нарса ейишга ундаб, шундай деди: «Хавотирланиб, ҳеч нарса емай ўтирганингизга, мана ўн тўрт кун бўлди. 34  Илтимос, омон қолишингиз учун бирон-бир нарса еб олинглар. Бошингиздан бир тола соч ҳам тушмайди». 35  Павлус гапини тугатиб, нонни олди ва шукрона дуосини айтиб, синдириб ея бошлади. 36  Шунда ҳамма дадил бўлиб, ейишга киришишди. 37  Кемада жами бўлиб, 276 нафар жон эдик. 38  Қоринларини тўйғазгач, буғдойни денгизга отиб кемани енгиллатишди. 39  Кун ёришгач, қирғоғи қумлоқ бир ерни кўришди-ю, лекин қайси жой эканини танишмади. Улар иложи борича кемани ўша ерга тўхтатишга қарор қилишди. 40  Охири лангарларни узиб ташлаб, уларни денгизда қолдиришди. Шу пайтнинг ўзида йўналтирувчи эшкакларнинг арқонларини ечиб, олдинги елканни шамол томон кўтариб, соҳил бўйига сузиб кетдилар. 41  Кема икки томонидан денгиз ювиб турадиган саёз жойга тумшуғи билан тиқилиб, қимирламай қолди. Шунда кеманинг қуйруғи тўлқинларнинг кучи билан парчалана бошлади. 42  Сўнг аскарлар, маҳбуслардан ҳеч бири қочиб кетмасин, дея уларни ўлдиришга қарор қилишди. 43  Бироқ юзбоши Павлусни қутқаришни истаб, уларни бундай қилишдан тўхтатди. Сузишни билганларга эса денгизга сакраб, қуруқликка биринчи бўлиб чиқишларини буюрди. 44  Қолганларга бўлса хоҳ тахталарга, хоҳ кеманинг бирон синиқ бўлагига илашиб, кетидан сузишларини айтди. Шундай қилиб, ҳамма қуруқликка эсон-омон етиб олди.

Изоҳлар

Ёки «кузги рўза».
Юнонча Эвракилон.
Адрия ҳозирги Адриатика ва Иони денгизларининг ҳамда Ўрта денгизнинг Сицилия билан Крит орасидаги қисмини ўз ичига олган.