Мосламалар

Тилни танланг

Қўшимча менюга ўтиш

Мундарижага ўтиш

Асосий материалларга ўтиш

Яҳованинг Шоҳидлари

ўзбекча

Онлайн Муқаддас Китоб

МУҚАДДАС КИТОБ — ЯНГИ ДУНЁ ТАРЖИМАСИ

Ҳаворийлар 25:1-27

25  Вилоят* устидан ҳокимлик қила бошлаганига уч кун бўлгандан сўнг, Фест Кесариядан Қуддусга борди.  Шунда бош руҳонийлар ва мансабдор кишилар унга Павлуснинг устидан арз қилиб, бир ўтинч билан мурожаат қилишди.  Улар Фестдан, Павлусни Қуддусга олиб келишга буйруқ беринг, дея илтимос қилдилар. Ўзлари бўлса уни йўлда ўлдириш учун пистирма қўйишган эди.  Аммо Фест Павлуснинг Кесарияда қамоқда бўлиши кераклигини ва яқинда ўзи ҳам Кесарияга қайтиб боришини айтди.  У: «Раҳбарларингиз мен билан бирга бориб, у кишининг қандайдир айби бўлса, айтишсин»,— деди.  Фест у ерда саккиз ёки ўн кун тургандан кейин, Кесарияга қайтиб келди. Эртаси куни ҳакамлик минбарига ўтириб, Павлусни олиб келишни буюрди.  Павлус ўртага чиққач, Қуддусдан келган яҳудийлар уни ўраб олиб, кўп оғир гуноҳларда айблашди, лекин ҳеч бирини исботлай олишмади.  Шунда Павлус ўзини ҳимоя қилиб: «Мен на яҳудийларнинг қонунига, на маъбадга ва на подшоҳга* қарши бирор гуноҳ қилганим йўқ»,— деб айтди.  Фест яҳудийларга ёқиш мақсадида Павлусга: «Қуддусга бориб, шу айблар бўйича ўша ерда ҳукм қилинишни хоҳлайсанми?» — деди. 10  Павлус шундай жавоб қайтарди: «Мен подшоҳнинг ҳакамлик минбари олдида турибман. Шундай экан, шу ерда ҳукм этилишим керак. Мен яҳудийларга ҳеч қандай ёмонлик қилмаганман. Буни ўзингиз ҳам яхши биласиз. 11  Агарда чиндан ҳам жиноятчи бўлиб, ўлим жазосига лойиқ бирор иш қилган бўлсам, гуноҳимдан ўтишингизни сўрамайман. Борди-ю, менга қўйилган айблар асоссиз бўлса, унда уларга ёқиш учун ҳеч ким мени уларнинг қўлига топшира олмайди. Мени Олий маҳкамада ҳукм этишларини талаб қиламан!» 12  Фест маслаҳатчилари билан кенгашиб, Павлусга: «Олий маҳкаманинг ҳукмини талаб қилдингми, ўша ерга борасан»,— деди. 13  Бир неча кундан сўнг, подшоҳ Агриппа* билан Верника Фестни табриклаш учун расмий ташриф буюришди. 14  Улар ўша жойда бир неча кун бўлишгандан кейин, Фест Павлуснинг иши ҳақида подшоҳга қуйидагиларни айтиб берди: «Бу ерда Феликс қамоқда қолдириб кетган бир киши бор. 15  Мен Қуддусда бўлганимда, яҳудийларнинг бош руҳонийлари билан оқсоқоллари унинг устидан арз қилиб, маҳкум этишни сўрашди. 16  Мен эса, айбланувчи кишини айбловчилари билан юзлаштирмасдан ва унга қўйилган айблардан ўзини ҳимоя қилиш имконини бермасдан маҳкум этиш, римликларнинг тартибига тўғри келмаслигини айтдим. 17  Шунинг учун улар бу ерга келишганда, мен ҳеч кечиктирмай, эртаси куниёқ ҳакамлик минбарига ўтирдим-да, ўша одамни олиб келишларини буюрдим. 18  Лекин айбловчилар сўзга чиқиб, унинг алоқаси бор дея тахмин қилинган ёвуз ишлардан бирортасида уни айбламадилар. 19  Улар шунчаки ўзларининг динлари ва Исо исмли бир киши тўғрисида тортишув олиб боришди. Павлус унинг тириклигини тасдиқларди. 20  Бу масалани қандай ҳал қилишни билмай, Павлусдан Қуддусга бориб, ўша ерда ҳукм қилинишни истар-истамаслигини сўрадим. 21  Бироқ Павлус, Август* қарор чиқаргунча, уни шу ерда қолдиришларини талаб қилди. Шу сабабли, уни Олий маҳкамага жўнатгунга қадар, қамоқда тутиб туришга буйруқ бердим». 22  Агриппа Фестга: «Бу одамни мен ҳам тинглаб кўрмоқчиман»,— деди. У: «Эртанинг ўзидаёқ уни тинглайсиз»,— деди. 23  Эртаси куни Агриппа билан Верника катта дабдаба билан келиб, мингбошилару шаҳарнинг атоқли кишилари билан бирга маҳкама залига кирдилар. Сўнгра Фестнинг буйруғи бўйича Павлусни олиб келишди. 24  Фест шундай сўз бошлади: «Шоҳ Агриппа ва биз билан бирга бу ерда ўтирганлар! Қаршингизда турган кишининг устидан менга Қуддусда ҳам, шу ерда ҳам кўпгина яҳудийлар арз қилиб, у ўлимга лойиқ дея қичқиришди. 25  Аммо мен унинг ўлимга лойиқ ҳеч нарса қилмаганини тушундим. Унинг ўзи Августнинг ҳукмини талаб қилгани учун, унинг ҳузурига юборишга қарор қилдим. 26  Лекин ҳазрати олийларига бу киши ҳақида ёзадиган бирор тайинли сўзим йўқ. Тергов олиб борилгандан кейин, бирор нарса ёза оламан, деган ниятда, уни барчангизнинг олдингизга, айниқса подшоҳ Агриппа, сизнинг ҳузурингизга олиб чиқдим. 27  Чунки менинг фикримча, қамалган кишининг айбини кўрсатмай туриб, Олий маҳкамага юбориш тўғри бўлмайди».

Изоҳлар

Яъни Яҳудия. Ҳокимнинг саройи Кесарияда жойлашган эди.
Сўзма-сўз «Қайсарга». Юнонча Кесарос, баъзи Рим императорларининг унвони.
Яъни Ҳирод Агриппа II.
Тўртинчи император бўлган Қайсар Нероннинг унвони. Ушбу унвонга биринчи бўлиб, Октавиан эга эди.