Мосламалар

Тилни танланг

Қўшимча менюга ўтиш

Мундарижага ўтиш

Асосий материалларга ўтиш

Яҳованинг Шоҳидлари

ўзбекча

Онлайн Муқаддас Китоб

МУҚАДДАС КИТОБ — ЯНГИ ДУНЁ ТАРЖИМАСИ

Ҳаворийлар 23:1-35

23  Павлус Олий Кенгаш аъзоларига тикилиб қараб, шундай деди: «Биродарлар, мен шу кунгача Аллоҳ олдида топ-тоза виждон билан яшаб келяпман».  Шунда олий руҳоний Ҳанания, Павлуснинг ёнида турган кишиларга унинг оғзига уришларини буюрди.  Павлус эса унга: «Эй оқланган девор, Худо сени уради! Сен мени Қонун бўйича ҳукм қила туриб, тағин Қонунга зид равишда мени уришларини буюрасанми?» — деб айтди.  Унинг ёнида турганлар: «Сен ҳали Тангрининг олий руҳонийсини ҳақорат қиляпсанми?» — дейишди.  Шунда Павлус деди: «Биродарлар, мен унинг олий руҳоний эканлигини билмабман. Ахир, Муқаддас Ёзувларда: “Халқинг бошқарувчисини ёмонлама”,— дейилган-ку».  Павлус, Олий Кенгаш аъзоларининг бир қисми саддуқий, яна бир қисми фарзийлар эканини пайқагач, баланд овозда қуйидагиларни айтди: «Биродарлар, мен фарзийман, фарзий ўғлиман. Ҳозир эса тирилишга бўлган умидим учун ҳукм қилиняпман».  Бу гапдан сўнг фарзийлар билан саддуқийлар орасида келишмовчилик юзага келиб, йиғилганлар икки қисмга бўлинди.  Боиси, саддуқийлар тирилиш, фаришталар ва руҳий мавжудотлар йўқ дейишади, фарзийлар эса буларнинг барига ишонишади.  Шундан кейин бақир-чақир бошланиб кетди. Фарзийлар орасидан чиққан баъзи уламолар ўринларидан туриб, қаттиқ баҳс-мунозара кўтаришди. Улар шундай дейишарди: «Бизнингча, бу одамнинг ҳеч қандай айби йўқ. Агар у билан бирон бир руҳ ёки фаришта гаплашган бўлса, унда...». 10  Жанжал кучайиб боргач, мингбоши Павлусни тилка-пора қилиб юборишларидан қўрқиб, аскарларга пастга тушишни ва уни ораларидан чиқариб, ҳарбий қисмга олиб кетишларини буюрди. 11  Ўша кечанинг ўзида Ҳазратимиз Павлусга зоҳир бўлиб: «Дадил бўл! Қуддусда мен ҳақимда қандай шаҳодат берган бўлсанг, Римда ҳам шундай қилишинг керак»,— деб айтди. 12  Кун ёришгач, яҳудийлар фитна уюштириб, Павлусни ўлдирмагунча еб-ичмасликка қасамёд қилишди. 13  Қасамёд қилганларнинг сони қирқ кишидан зиёд эди. 14  Улар бош руҳоний ва оқсоқолларнинг ёнига бориб, қуйидагича дейишди: «Биз, Павлусни ўлдирмагунча бирор нарса еб-ичсак лаънати бўлайлик, деб қасамёд қилдик. 15  Энди сизлар Олий Кенгаш аъзолари билан бирга мингбошининг олдига боринглар. Гўё Павлусга оид масалани ҳал қилмоқчи бўлгандек, уни ёнингизга олиб келиши кераклигини айтинглар. Павлус бу ерга яқинлашиб қолганда, биз уни ўлдиришга тайёр турамиз». 16  Бироқ Павлуснинг жияни, уни ўлдиришмоқчи эканини эшитиб, ҳарбий қисмга келди-да, Павлусни огоҳлантириб қўйди. 17  Сўнг, Павлус юзбошилардан бирини чақириб унга: «Бу йигитни мингбошининг олдига олиб боринг, чунки унга айтадиган гапи бор экан»,— деди. 18  Шунда бу одам уни ўзи билан олди-да, мингбошининг олдига келтириб: «Маҳбус Павлус мени чақириб, бу йигитни олдингизга келтиришни илтимос қилди. Унинг сизга айтадиган гапи бор экан»,— деб айтди. 19  Мингбоши уни қўлидан ушлаб, четга олиб чиқди-да: «Хўш, менга нима демоқчисан?» — деб сўради. 20  Йигит унга жавобан деди: «Яҳудийлар тил бириктириб, Павлуснинг ишини аниқроқ суриштирамиз деб, эртага уни Олий Кенгашга келтиришингизни сиздан илтимос қилишмоқчи. 21  Сиз эса уларга ишонманг, чунки қирқдан зиёд киши Павлусни пойлаб ўтиришибди. Улар уни ўлдирмагунча еб-ичмасликка қасамёд қилишган. Энди улар сизнинг рухсатингизни кутиб, тайёр туришибди». 22  Мингбоши: «Буларни менга айтганингни ҳеч ким билмасин»,— дея буйруқ бериб, йигитни қўйиб юборди. 23  Кейин юзбошилардан иккитасини чақириб, шундай деди: «Кечки соат тўққизда* Кесарияга жўнаш учун икки юзта аскар, етмишта отлиқ ва икки юзта найзабардор тайёрланглар. 24  Шунингдек, Павлусни ҳоким Феликснинг олдига соғ-саломат етказиш учун от-улов ҳозирланглар». 25  Сўнг у қуйидагича мактуб ёзди: 26  «Клавдий Лусийдан муҳтарам ҳоким Феликсга салом! 27  Бу кишини яҳудийлар тутиб, ўлдиришмоқчи эди. Мен эса унинг Рим фуқароси эканидан хабар топиб, аскарлар билан етиб келдим-да, уни қутқариб қолдим. 28  Унинг нимада айбланаётганини билиш учун, яҳудийларнинг Олий Кенгашига бошлаб келдим. 29  Уни ўзларининг қонунларига оид масалада айблашаётганини билиб олдим. Бироқ унда ўлимга ёки кишанга лойиқ ҳеч қандай айб топмадим. 30  Бу кишига қарши фитна уюштирилганидан хабар топиб, уни дарҳол сизнинг олдингизга юбордим. Айбловчиларига ҳам ўз арзлари билан сизга мурожаат қилишларини буюрдим». 31  Шундай қилиб, аскарлар мингбошининг буйруғига биноан кечаси Павлусни Антипатриснинг қошига олиб боришди. 32  Эртасига эса, уни отлиқлар билан бирга жўнатиб, ўзлари ҳарбий қисмга қайтишди. 33  Отлиқлар Кесарияга етиб келгач, мактубни ҳокимга беришди-да, Павлусни унинг измига топширишди. 34  Ҳоким мактубни ўқиди ва Павлуснинг қайси вилоятдан эканлигини сўради. Унинг Киликиядан эканлигини билгач: 35  «Ишингни айбловчиларинг келганида кўриб чиқаман»,— деб, уни Ҳирод саройидаги соқчиларнинг қўлига топширди.

Изоҳлар

Сўзма-сўз «туннинг учинчи соатида».