Мосламалар

Тилни танланг

Қўшимча менюга ўтиш

Мундарижага ўтиш

Асосий материалларга ўтиш

Яҳованинг Шоҳидлари

ўзбекча

Онлайн Муқаддас Китоб

МУҚАДДАС КИТОБ — ЯНГИ ДУНЁ ТАРЖИМАСИ

Ҳаворийлар 22:1-30

22  «Биродарлар ва оталар, энди ўзимни ҳимоялаш учун сизларга айтадиган сўзларимга қулоқ солинглар».  Халойиқ унинг иброний тилида гапираётганини эшитиб, жим бўлиб қолди. Шунда Павлус қуйидагиларни айтди:  «Мен, Киликия вилоятидаги Тарс шаҳрида таваллуд топган яҳудийман. Шахсан Гамалиэлнинг ўзидан таълим олиб, ота-боболаримизнинг Таврот қонунига аниқ риоя қилишни ўрганганман. Сизларга ўхшаб мен ҳам ғайрат билан Аллоҳга хизмат қилганман.  Бу йўлдан юрганларнинг барини, эркакми аёлми демай кишанлаб, қамоққа ташлаганман ва ҳатто уларнинг ҳаётига зомин бўлганман.  Ана, олий руҳоний ҳамда оқсоқоллар йиғини бунга гувоҳдир. Улардан мен Дамашқдаги биродарларга ёзилган хатларни олиб, у ерда бўлганларни жазолаш учун кишанлаб, Қуддусга олиб келганман.  Лекин йўлда, Дамашққа яқинлашиб қолганимда, тахминан туш пайтида қўққисдан осмондан нур ёғилиб, атрофимни ярқиратиб юборди.  Мен ерга йиқилдим ва бир овознинг: “Шоул, Шоул, нега мени қувғин қиляпсан?” — деганини эшитдим.  Кейин мен жавобан: “Ё Ҳазрат, сиз кимсиз?” — дедим. У менга: “Мен, сен қувғин қилаётган носиралик Исоман”,— деди.  Ўша пайтда мен билан бўлган одамлар нурни кўришган, аммо менга гапираётган овозни эшитишмаган эди. 10  Шунда мен: “Ҳазрат, мен нима қилишим керак?” — деб сўрадим. Ҳазрат менга: “Ўрнингдан туриб, Дамашққа бор. Ўша ерда нима қилишинг кераклиги сенга айтилади”,— деди. 11  Лекин ўша нур жуда порлоқ бўлгани учун мен ҳеч нарсани кўра олмай қолдим. Шу боис ёнимдагилар мени Дамашққа етаклаб келишди. 12  Кейин Таврот қонуни бўйича яшайдиган, худотарс ва яҳудийлар орасида яхши ном орттирган Ҳанания исмли бир киши 13  ёнимга келди-да: “Биродарим Шоул, кўзларингиз очилсин!” — деди. Шу ондаёқ кўзим очилиб, унга қарадим. 14  У менга шундай деб айтди: “Ота-боболаримизнинг Худоси, Унинг иродасини билиб, одил Кишини кўриб ва овозини шахсан эшитишингиз учун сизни танлади. 15  Сабаби, сиз уни кўриб, эшитганингиз ҳақида энди ҳамма одамларга эълон қилиб, унинг шоҳиди бўласиз. 16  Шундай экан, иккиланмай ўрнингиздан туринг-да, сувга чўминг ва Исонинг исмини айтиб чақиринг, шунда Аллоҳ гуноҳларингизни кечиради”. 17  Сўнгра мен Қуддусга қайтдим ва маъбадда ибодат қилаётганимда бир ваҳий кўрдим. 18  Ваҳийда Ҳазратим менга: “Тезда Қуддусдан чиқиб кет, чунки мен ҳақимдаги шаҳодатни бу ерда қабул қилишмайди”,— деганини эшитдим. 19  Кейин мен унга шундай жавоб бердим: “Ҳазратим, улар сизга ишонганларни ибодатхоналарда уриб, қамоққа ташлаганимни яхши билишади. 20  Шунингдек, шоҳидингиз Стефаннинг қони тўкилганида, мен ўша ерда эдим. Буни маъқуллаб, қотилларнинг кийимларини қўриқлаб турардим”. 21  Аммо у менга: “Бор, зеро мен сени узоқдаги халқларга жўнатаман”,— деди». 22  Яҳудийлар Павлуснинг ушбу сўзларидан кейин уни тингламай қўйишди. Улар: «Уни ўлдиринглар, унинг яшашга ҳақи йўқ!» — дея қичқиришарди. 23  Улар бундай бақириб, устки кийимларини ечиб ташлаб, ҳавога тупроқ сочишгани учун, 24  мингбоши Павлусни ҳарбий қисмга олиб кетиб, уни қамчилаб, сўроқ қилишни буюрди. Чунки у нима сабабдан Павлусга бундай бақиришганини билмоқчи эди. 25  Қамчилаш учун уни ётқизиб, боғлашаётганда Павлус юзбошидан: «Рим фуқаросини қамчилатишингиз қонунга мувофиқми? Бунинг устига мен ҳали ҳукм қилинмаган бўлсам?» — деб савол берди. 26  Юзбоши буларни эшитгач, мингбошининг ёнига бориб: «Бу нима қилганингиз? Ахир у Рим фуқароси экан-ку»,— деди. 27  Кейин мингбоши Павлуснинг олдига бориб ундан: «Менга айт-чи, сен Рим фуқаросимисан?» — деб сўради. У эса: «Ҳа»,— деб жавоб берди. 28  Мингбоши унга: «Мен бу фуқароликни катта пулга сотиб олганман»,— деди. Павлус: «Мен эса туғилганимдан бери Рим фуқаросиман»,— дея унга жавоб қайтарди. 29  Шунда Павлусни боғлаб, уни сўроққа тутмоқчи бўлган одамлар шартта ундан қўлини тортишди. Мингбоши эса унинг римлик эканини билиб олгач, уни боғлагани учун қўрқиб кетди. 30  Эртаси куни яҳудийлар Павлусни нимада айблашганини билмоқчи бўлиб, мингбоши уни озод қилди. Сўнгра у бош руҳонийлар ҳамда Олий Кенгаш аъзоларига йиғилишларини буюрди ва Павлусни олиб келгач, уларнинг қаршисига қўйди.

Изоҳлар