Мосламалар

Тилни танланг

Қўшимча менюга ўтиш

Мундарижага ўтиш

Асосий материалларга ўтиш

Яҳованинг Шоҳидлари

ўзбекча

Онлайн Муқаддас Китоб

МУҚАДДАС КИТОБ — ЯНГИ ДУНЁ ТАРЖИМАСИ

Ҳаворийлар 21:1-40

21  Ниҳоят улар билан хайрлашиб бўлганимиздан кейин, тўғри Кос оролига сузиб келдик. Эртасига Родос оролига, ундан сўнг Патара шаҳрига бордик.  У ердан Финикияга жўнаётган кемани топиб, унга ўтирдик-да, сузиб кетдик.  Кема Кипр оролига яқинлашиб қолганда, оролни чап томонда қолдириб, Сурияга қараб сузиб кетди. Тир шаҳрида кемадаги юкни тушириш керак бўлгани учун, ўша ерга келиб тўхтадик.  Биз шогирдларни излаб топиб, ўша шаҳарда етти кун қолдик. Улар муқаддас руҳ таъсирида Павлусга қайта-қайта Қуддусга бормасликни айтишди.  Кетадиган вақтимиз келганда, биз йўлга чиқдик. Уларнинг барчаси, аёллару болалар билан бизни шаҳардан ташқарига кузатгани чиқишди. Соҳил бўйида тиз чўкиб, ибодат қилдик.  Биз бир-биримиз билан хайрлашиб, кемага ўтирдик, улар бўлса уйларига қайтиб кетишди.  Тир шаҳридан чиқиб, Птолемей шаҳрига келдик. У ерда биродарлар билан кўришиб, уларникида бир кун турдик.  Эртаси куни йўлга чиқиб, Кесарияга келдик-да, хушхабар воизи Филипнинг уйига бориб, уникида қолдик. Филип Қуддусда ҳаворийлар томонидан танланган етти кишидан бири эди.  Унинг башорат қиладиган тўрт нафар бокира қизи бор эди. 10  У ерда бир неча кун бўлганимиздан кейин, Яҳудиядан Агав исмли пайғамбар келди. 11  У олдимизга кириб, Павлуснинг белбоғини олди-да, ўзининг оёқ-қўлларини боғлаб: «Муқаддас руҳ менга шундай демоқда: “Яҳудийлар Қуддусда бу белбоғнинг эгасини худди шундай боғлаб, ўзга халқларнинг қўлига топширишади”»,— деди. 12  Буни эшитиб, биз ва маҳаллий биродарлар Павлусдан Қуддусга бормасликни ўтиниб сўрадик. 13  Павлус бунга жавобан: «Бу нима қилганингиз? Ахир йиғлаб, юрагимни эзиб юбордингизлар-ку. Мен Ҳазратимиз Исонинг исми учун нафақат занжирбанд бўлишга, балки ўлишга ҳам тайёрман»,— деб айтди. 14  Уни кўндира олмагач, биз тинчланиб: «Майли, Яҳова хоҳлаганидай бўлсин»,— дедик. 15  Бундан сўнг, биз йўлга отланиб, Қуддусга жўнадик. 16  Шунингдек, Кесариядан баъзи шогирдлар бизга ҳамроҳ бўлишди. Улар бизни илк шогирдлардан бўлган кипрлик Минасоннинг уйига бошлаб боришлари керак эди. У бизни кутиб турган эди. 17  Қуддусга келганимизда, биродарлар бизни қувонч билан қабул қилишди. 18  Эртасига биз Павлус билан бирга Ёқубникига бордик. У ерда барча оқсоқоллар йиғилишган эди. 19  Улар билан салом-алик қилгандан сўнг, Павлус унинг хизмати орқали Аллоҳ бошқа халқлар орасида нималар қилганини батафсил айтиб берди. 20  Буларни эшитгач, улар Худони улуғлаб, Павлусга шундай дейишди: «Биродар, ўзингиз кўриб турганингиздай, минглаб яҳудийлар Исонинг шогирди бўлишди. Уларнинг бари Таврот қонунига астойдил амал қилишади. 21  Аммо сиз ҳақингизда уларнинг қулоғига турли миш-мишлар етиб келибди. Айтишларича, ўзга халқлар орасида яшайдиган яҳудийлар фарзандларини суннат қилмасин ва урф-одатларга риоя этмасин ва Таврот қонунидан воз кечишсин дея ўргатаётган экансиз. 22  Энди нима қилсак экан? Улар сиз келганингизни барибир эшитишади. 23  У ҳолда мана шундай қилинг: орамизда Тангри олдида онт ичган тўрт киши бор. 24  Уларни ёнингизга олиб, покланиш маросимини бажаринглар. Сочларини олдириш учун кетадиган харажатни ўз зиммангизга олинглар. Шунда ҳамма сиз ҳақингиздаги миш-мишлар ёлғон эканини ҳамда ўзингиз ҳам Таврот қонунига амал қилиб, тўғри йўл тутаётганингизни билишади. 25  Бошқа халқлардан Исонинг шогирди бўлганларга эса, биз ўз қароримизни билдириб, улар бутларга бағишланган нарсалардан, қондан, ҳаром ўлган ҳайвон гўштидан ва зинодан ўзларини сақлашлари кераклигини ёзиб юборганмиз». 26  Павлус эртаси куни ўша кишилар билан бирга покланиш маросимини бажарди. Кейин маъбадга кириб, покланиш кунлари қачон тугашини ҳамда ҳар бири учун қачон қурбонлик келтиришларини маълум қилди. 27  Етти кун тугай деб қолганда, осиёлик яҳудийлар Павлусни маъбадда кўриб қолишди. Улар оломонни қўзғатиб, Павлусни ушлаб олишди-да: 28  «Эй исроилликлар, ёрдам беринглар! Бу киши ҳамма жойда халқимизга, Таврот қонунига ва шу жойга қарши таълим бериб юрибди. Бунинг устига юнонларни ҳам маъбадга олиб кириб, муқаддас жойни ҳаром қилди»,— дея бақиришди. 29  Бундай дейишларига сабаб, улар аввалроқ Павлуснинг эфеслик Трофим билан шаҳарда юрганини кўриб, уни маъбадга олиб келибди, деб ўйлашган эди. 30  Бутун шаҳарда шовқин кўтарилиб, одамлар маъбадга югуриб келишди. Улар Павлусни тутиб, маъбаддан ташқарига судраб чиқишди ва шу заҳотиёқ эшиклар ёпилди. 31  Улар Павлусни ўлдиришга шайланиб туришганда, мингбошига бутун Қуддус саросимага тушгани тўғрисида хабар келди. 32  Мингбоши шу ондаёқ аскарлар ва юзбошиларни олиб, ўша жойга югуриб кетди. Оломон мингбоши билан аскарларни кўриб, Павлусни уришдан тўхтади. 33  Мингбоши яқинлашди-да, Павлусни тутиб, иккита занжир билан кишанлашни буюрди. Сўнг унинг ким эканини ва нима қилганини суриштира бошлади. 34  Бироқ оломон орасидан бири у деб, бошқаси бу деб бақирарди. Ғала-ғовур бўлганидан мингбоши ҳеч нарсани била олмагани учун, Павлусни ҳарбий қисмга олиб боришни буюрди. 35  Павлус зинапояга етганда, оломон уни сиқувга ола бошлади. Бунинг дастидан аскарлар Павлусни кўтариб кетишларига тўғри келди. 36  Чунки халойиқнинг кўпчилиги унинг орқасидан эргашиб бориб: «Ўлдир уни!» — дея қичқиришарди. 37  Уни ҳарбий қисмга олиб киришларидан олдин Павлус мингбошидан: «Сизга бир гап айтсам бўладими?» — деб сўради. Мингбоши унга шундай деди: «Сен юнон тилини биласанми? 38  Демак, сен бундан аввал қўзғолон кўтариб, тўрт минг қотилни саҳрога олиб чиққан ўша мисрлик эмас экансан-да». 39  Павлус бунга жавобан: «Мен яҳудийман. Киликиядаги машҳур Тарс шаҳрининг фуқаросиман. Илтимос, халққа гапиришимга рухсат беринг»,— деди. 40  Рухсат олгач, Павлус зинапоя устида туриб, халққа қўли билан имо қилди. Халқ тинчлангандан кейин, иброний тилида шундай дея мурожаат этди:

Изоҳлар