Асосий материалларга ўтиш

Қўшимча менюга ўтиш

Мундарижага ўтиш

Яҳованинг Шоҳидлари

ўзбекча

Онлайн Муқаддас Китоб | МУҚАДДАС КИТОБ — ЯНГИ ДУНЁ ТАРЖИМАСИ

Ҳаворийлар 14:1–28

14  Иконияда Барнабо билан Павлус яҳудийларнинг ибодатхонасига кириб ваъз айтишди. Натижада талайгина яҳудий ва юнонлар Исонинг издоши бўлишди.  Аммо ишонмаган яҳудийлар бўлса ўзга халқ вакилларига ёмон таъсир ўтказиб, уларни биродарларга қарши қўзғатишди.  Барнабо билан Павлус эса у ерда бир мунча вақт қолиб, Яҳованинг номидан жасорат билан ваъз қилишди. Аллоҳ бўлса, уларнинг қўли билан аломатлару мўъжизалар яратиш орқали, инояти тўғрисидаги хабар ҳақида шоҳидлик берди.  Шунда шаҳар аҳолиси иккига бўлинди: бир қисми яҳудийларнинг, бошқаси ҳаворийларнинг томонини эгаллади.  Ўзга халқ вакиллари яҳудийлар ва уларнинг бошлиқлари билан тил бириктиришди-да, Павлус ва Барнабога озор бериб, уларни тошбўрон қилмоқчи бўлишди.  Бундан хабар топгач, иккаласи ҳам Ликаония, Листра ҳамда Дербе шаҳарларига ва атрофдаги ўлкаларга қочиб кетишди.  У ерларда хушхабарни ваъз қилишди.  Листрада туғма бир шол киши бор бўлиб, умрида асло юрмаган эди.  Бу киши Павлусни тинглаб ўтирганди. Шунда Павлус унга тикилиб қаради-да, у шифо топиши учун имони борлигини кўриб, 10  баланд овозда унга: «Оёғингда тикка тур»,— деди. У киши ўрнидан дик этиб турди-да, юра бошлади. 11  Павлуснинг қилган ишини кўрган оломон ликаония тилида овозини баландлатиб: «Худолар инсон қиёфасига кириб, олдимизга тушибди»,— деди. 12  Улар Барнабони Зевс, Павлусни эса кўпроқ сўзлагани учун Гермес деб аташди. 13  Шаҳар ташқарисида жойлашган Зевс ибодатхонасининг коҳини оломон билан бирга қурбонликлар келтирмоқчи бўлиб, шаҳар дарвозаси олдига ҳўкизлару гулчамбарларни олиб келди. 14  Бироқ ҳаворийлар Барнабо ва Павлус бу ҳақда эшитишганда, устки кийимларини йиртиб, оломон орасига отилиб киришди-да, баланд овозда шундай дейишди: 15  «Нега бундай қиляпсизлар? Ахир биз ҳам сизларга ўхшаган бандалармиз. Бу хушхабарни эса, сизлар бефойда нарсалардан воз кечиб, еру осмонни, денгиз ва ундаги бор нарсаларни яратган барҳаёт Худога қайтишингиз учун эълон қиляпмиз. 16  Авваллари Тангри барча халқлар ўзлари истаганча яшашларига йўл қўйган эди. 17  Шундай бўлса-да, У эзгу ишлари билан Ўзи тўғрисида шоҳидлик бериб келган. Аллоҳ сизларга осмондан ёмғир ёғдириб, серҳосил мавсумларни тақдим этган. Шунингдек, озиқ-овқатни мўл-кўл бериб, қалбларингизни қувончга тўлдирган». 18  Ушбу сўзларни айтиб, улар зўрға оломонни қурбонлик келтирмасликка кўндиришди. 19  Аммо шу пайт Антиохия ва Икониядан яҳудийлар келиб, оломонни қайраб қўйишди. Шунда улар Павлусни тошбўрон қилиб, уни ўлди деб ўйлашди-да, шаҳар ташқарисига судраб чиқишди. 20  Лекин шогирдлар унинг атрофига тўпланганда, Павлус ўрнидан туриб, шаҳарга қайтиб кирди. Эртасига у Барнабо билан Дербе шаҳрига жўнади. 21  Ўша шаҳарда хушхабарни ваъз қилиб, анча шогирд тайёрлагандан сўнг, улар Листра, Икония ва Антиохияга қайтишди. 22  У ердаги шогирдларнинг кўнглини кўтариб, имонини мустаҳкам қилишга ундаётиб: «Худонинг Шоҳлигига кўп қайғулардан ўтиб киришимиз керак»,— дейишди. 23  Бундан ташқари, улар ҳар бир жамоатда оқсоқолларни тайинлашди ва ибодат қилиб, рўза тутгандан кейин уларни ўзлари ишонган Яҳованинг қўлига топширишди. 24  Сўнгра Писидиядан ўтиб, Памфилияга келишди. 25  Пергияда Тангрининг каломини ваъз қилгандан кейин Атталияга боришди. 26  У жойдан Антиохияга сузиб кетишди. Ўша шаҳарда илгари уларга Аллоҳнинг инояти бўйича Унинг иши топширилганди. Энди улар бу ишни бажариб бўлиб, қайтишаётган эди. 27  Антиохияга етиб келгач, улар бутун жамоатни йиғиб, Худо улар орқали кўп ишлар қилганини ва ўзга халқ вакилларига имон йўлини* очгани тўғрисида сўзлаб беришди. 28  Шундай қилиб, улар анча вақт шогирдлар билан бўлишди.

Изоҳлар

Сўзма-сўз «имон эшигини».