Мосламалар

Тилни танланг

Қўшимча менюга ўтиш

Мундарижага ўтиш

Асосий материалларга ўтиш

Яҳованинг Шоҳидлари

ўзбекча

Онлайн Муқаддас Китоб

МУҚАДДАС КИТОБ — ЯНГИ ДУНЁ ТАРЖИМАСИ

Ҳаворийлар 12:1-25

12  Ўша пайтда шоҳ Ҳирод* жамоатдаги айримларни қувғин қила бошлади.  У аскарларига Юҳаннонинг акаси Ёқубни қилич билан ўлдиришга буйруқ берди.  Бу, яҳудийларга ёққанини кўриб, Бутрусни ҳам ҳибсга олишни амр этди. (Ана шу воқеа хамиртурушсиз нон ёпиладиган байрам кунларида юз берди.)  Аскарлар Бутрусни ушлаб, қамоққа ташлашди. Ҳирод уни Фисиҳ байрамидан кейин халқ олдига олиб чиқмоқчи бўлиб, навбатма-навбат қўриқлаш учун тўрт гуруҳ аскарлар қўлига топширди. Ҳар бир гуруҳда тўрттадан аскар бор эди.  Шу тариқа Бутрусни қамоқда ушлашарди. Жамоат бўлса у учун Худога тинмай ибодат қилар эди.  Ҳирод уни халқ олдига олиб чиқадиган куннинг олдинги кечаси, Бутрус икки аскар ўртасида, иккита занжир билан кишанланган ҳолда ухлаётган эди. Эшикнинг ёнидаги аскарлар эса қамоқхонани қўриқлашарди.  Ногаҳон Яҳованинг фариштаси пайдо бўлди ва Бутрус ётган хонада нур порлади. Фаришта унинг биқинига туртиб уйғотди-да: «Тезда ўрнингдан тур!» — деди. Шу ондаёқ унинг қўлларидаги занжирлар тушиб кетди.  Фаришта унга: «Белингни боғлаб, чориғингни кий»,— деди. Бутрус унинг айтганини қилди. Кейин фаришта: «Устки кийимингни кий-да, орқамдан юр»,— деб айтди.  Бутрус чиқиб, унинг орқасидан эргашди. Лекин у, фаришта қилаётган иш ўнгида эмас, балки ваҳийда содир бўляпти, деб ўйлади. 10  Биринчи, кейин эса иккинчи қўриқчилар гуруҳидан ўтгач, иккови шаҳарга чиқадиган темир дарвозага етишганда, у ўз-ўзидан очилди. Улар ташқарига чиқиб, бир кўча бўйлаб кетишаётганда, фаришта бирдан кўздан ғойиб бўлди. 11  Шунда Бутрус ўзига келиб: «Яҳова фариштасини юбориб, мени Ҳироднинг қўлидан ва яҳудий халқи кутиб турган нарсадан қутқарганини энди тушундим»,— деди. 12  Бутрус бу ҳақда мулоҳаза юритгандан кейин, Марк деб аталган Юҳаннонинг онаси Марямникига йўл олди. У ерда бир қанча шогирдлар йиғилиб, ибодат қилишаётган эди. 13  Бутрус эшикни тақиллатганда, Рода исмли чўри қиз чиқди. 14  Қиз унинг овозини таниб, қувонганидан эшикни очмай, уйга югуриб кирди-да, ташқарида Бутрус турганини айтди. 15  Уйдагилар унга: «Сен ақлдан озибсан»,— дейишди. Аммо қиз айтганида туриб олгач, улар: «Ундай бўлса, у Бутруснинг фариштаси»,— деб айтишди. 16  Бутрус эса ҳалиям тақиллатиб турарди. Улар эшикни очганларида, уни кўриб ҳайрон қолишди. 17  Бутрус қўли билан имо қилиб, уларни тинчлантиргандан сўнг, уни Яҳова қамоқдан қандай чиқарганини батафсил айтиб берди. У: «Бу ҳақда Ёқубга ва бошқа биродарларга хабар беринглар»,— деди. Кейин ташқарига чиқиб, бошқа жойга жўнади. 18  Тонг отганда, аскарлар Бутрус қаерга ғойиб бўлганини тушунмай, ваҳимага тушишди. 19  Ҳирод уни роса қидириб тополмагач, аскарларни сўроққа тутиб, уларни жазолашга буйруқ берди. Сўнгра Ҳирод Яҳудиядан Кесарияга кетиб, ўша ерда бир мунча вақт қолди. 20  Унинг Тир ва Сидўн аҳолисига жаҳли чиққан эди. Шунда улар ўзаро келишиб, Ҳироднинг ҳузурига келишди-да, сарой нозири Бластадан уларни шоҳ билан яраштиришни сўрашди. Сабаби, уларнинг вилояти учун зарур бўлган озиқ-овқат шоҳнинг вилоятидан олинар эди. 21  Белгиланган куни Ҳирод шоҳона кийимини кийиб, ҳакамлик минбарига ўтирди-да, халққа қарата нутқ сўзлади. 22  Тўпланган халқ: «Бу одамнинг овози эмас, худонинг овози!» — дея қичқирарди. 23  Ҳирод Аллоҳни улуғламагани учун, шу ондаёқ Яҳованинг фариштаси уни урди. Натижада у касалликка чалиниб, қуртларга ем бўлиб, ўлди. 24  Яҳованинг каломи эса тобора ёйилиб, самара келтирарди. 25  Барнабо билан Шоул Қуддусда ёрдам кўрсатиш ишларини бажариб бўлишгач, Марк деб аталган Юҳаннони ўзлари билан олиб, қайтиб келишди.

Изоҳлар

Яъни Ҳирод Агриппа I.