Мосламалар

Тилни танланг

Қўшимча менюга ўтиш

Мундарижага ўтиш

Асосий материалларга ўтиш

Яҳованинг Шоҳидлари

ўзбекча

Онлайн Муқаддас Китоб

МУҚАДДАС КИТОБ — ЯНГИ ДУНЁ ТАРЖИМАСИ

Ҳаворийлар 10:1-48

10  Кесарияда Корнилий исмли бир киши яшарди. У италиялик кўнгилли аскарлардан иборат ҳарбий бўлинманинг юзбошиси эди.  Бу киши оиласи билан бирга Аллоҳга топинар, халққа кўп садақа берар ва тинмай Худога илтижо қиларди.  Бир маҳал, кундузи соат учларда* у ваҳий кўрди. Ваҳийда Тангрининг бир фариштаси унинг ёнига кириб келгани аниқ кўринди. Фаришта унга: «Корнилий!» — деди.  Корнилий фариштага тикилиб қаради-да, қўрққанидан ранглари оқариб: «Лаббай, Ҳазратим!» — деб жавоб берди. Фаришта унга шуларни айтди: «Қилган ибодату хайр-садақаларинг Аллоҳ ҳузурида ижобат бўлди.  Энди Яффага одам юбор-да, Бутрус деб аталмиш Симунни чақиртир.  Ҳозир у денгиз бўйида яшайдиган, чарм тайёрловчи Симунникида меҳмон бўлиб турибди».  Унга гапирган фаришта кетиши биланоқ, Корнилий хизматкорларидан иккитасини ҳамда қўли остида бўлган художўй бир аскарни чақирди-да,  бўлиб ўтганларни айтиб бериб, уларни Яффага жўнатди.  Эртасига, ўша одамлар шаҳарга яқинлашиб келаётганда, кундузи соат ўн иккиларда* Бутрус ибодат қилиш учун томга чиққан эди. 10  Унинг қорни жуда оч қолиб, бирор нарса егиси келди. Уйда овқат тайёрлашаётган пайтда, у бир ваҳий кўрди. 11  Ваҳийда осмон очилиб, егуликка тўла дастурхонга ўхшаш бир нарса тўрт учидан осилиб, ерга тушаётганини кўрди. 12  Ичида, ерда яшайдиган ҳар хил чорва, судралувчи жониворлару самовий қушлар бор эди. 13  Фаришта унга: «Бутрус, қани тур, буларни сўйиб еявер!» — деди. 14  Бутрус эса: «Асло, Ҳазратим, мен нопок ва ҳаром нарсани умуман оғзимга олмаганман»,— дея жавоб берди. 15  Фаришта унга иккинчи марта гапириб: «Бас энди! Худо ҳалол қилган нарсани ҳаром дема»,— деб айтди. 16  Фаришта унга учинчи марта гапиргандан сўнг, ўша дастурхонга ўхшаш нарса осмонга кўтарилиб кетди. 17  Бутрус кўрган нарсаларининг маъносига тушунмай, ҳайрон бўлиб ўтирганда, Корнилий юборган одамлар Симуннинг уйини суриштириб, дарвоза олдига келиб тўхташди. 18  Кейин баланд овозда: «Бутрус деб аталмиш Симун шу ердами?» — дея сўрашди. 19  Бутрус кўрган ваҳийси ҳақида ўйлаб ўтирганда, муқаддас руҳ унга шундай деди: «Қара, уч киши сени излаб келди. 20  Энди ўрнингдан туриб пастга туш-да, улар билан бирга бор. Ҳечам иккиланма, чунки уларни мен юбордим». 21  Шундай қилиб, Бутрус пастга тушди-да, ўша кишилардан: «Сизлар ахтариб келган киши мен бўламан. Хўш, нима мақсадда келган эдингизлар?» — деб сўради. 22  Улар Бутрусга жавобан шундай дейишди: «Бизни юзбоши Корнилий жўнатди. У киши одил, худотарс, яҳудий халқи орасида яхши ном орттирган. Аллоҳнинг муқаддас фариштаси унга, сизни ўз уйига чақиртириб, сўзларингизга қулоқ солишни буюрди». 23  Сўнг Бутрус ўша одамларни ичкарига таклиф этиб, меҳмон қилди. Эртасига у ўрнидан туриб, улар билан бирга йўлга чиқди. Яффалик биродарлардан айримлари ҳам уларга қўшилиб кетишди. 24  Кейинги кун улар Кесарияга кириб келишди. Корнилий эса қариндошу яқин дўстларини чақириб, уларни кутиб турганди. 25  Бутрус уйга кириши билан, Корнилий уни қарши олди ва тиз чўкиб унга таъзим қилди. 26  Аммо Бутрус: «Тур, ахир мен ҳам сенга ўхшаган одамман-ку»,— деб уни турғизиб қўйди. 27  Улар гаплашиб ичкарига киришганида, Бутрус уйда анча одам тўпланиб ўтирганини кўрди. 28  Уларга мурожаат қилиб, у шундай деди: «Ўзларингиз яхши биласизларки, яҳудий кишининг бошқа халқ вакили билан мулоқот қилиши қонунга зиддир. Лекин Тангри, ҳеч кимни нопок ва ҳаром деб ҳисобламаслик кераклигини менга кўрсатди. 29  Шу боис, мени чақиртиришганда сира эътироз билдирмай келдим. Энди айтинглар-чи, нимага мени чақиртирдингизлар?» 30  Бунга жавобан Корнилий шундай деди: «Тўрт кун олдин айнан шу вақтда, кундузи соат учларда уйимда ибодат қилаётгандим. Тўсатдан олдимда порлоқ кийим кийган бир киши пайдо бўлиб, 31  менга мана бу сўзларни айтди: “Корнилий, қилган ибодату хайр-садақаларинг Аллоҳ ҳузурида ижобат бўлди. 32  Энди Яффага одам юбор-да, Бутрус деб аталмиш Симунни чақиртир. Ҳозир у денгиз бўйида яшайдиган, чарм тайёрловчи Симунникида меҳмон бўлиб турибди”. 33  Шу сабабдан, дарҳол сизни чақиртириб келиш учун одам юбордим. Келганингиз яхши бўлди. Энди ҳаммамиз Тангри олдида туриб, Яҳова сизга буюрган барча гапларни тинглашга тайёрмиз». 34  Бутрус шундай деб сўз бошлади: «Энди тушундим, Худо юзхотирчилик қилмас экан. 35  Аммо Ундан қўрқиб, адолат билан йўл тутган ҳар бир кишини У миллатига қарамай қабул қиларкан. 36  У Исроил ўғилларига каломини юбориб, уларга Исо Масиҳ орқали тинчлик хушхабарини, яъни у ҳамманинг Ҳазрати экани ҳақидаги хабарни эълон қилди. 37  Яҳё пайғамбар сувга чўмишни ваъз қилиб юргандан кейин, Жалиладан бошлаб бутун Яҳудия ўлкаси бўйлаб нима ҳақда сўз тарқалганлигини ўзингиз ҳам биласизлар. 38  Аниқроғи, Аллоҳ носиралик Исони муқаддас руҳи ҳамда қудрати билан Масиҳ қилиб тайинлади ва у, Иблис азоб берган одамларни даволаб, бутун мамлакат бўйлаб барчага яхшилик қилиб юрарди, чунки Худо у билан эди. 39  Унинг Яҳудия ўлкаси ва Қуддусда қилган ҳамма ишларига бизлар гувоҳмиз. Бироқ, улар Исони устунга осиб ўлдиришди. 40  Уч кундан кейин Тангри ушбу Зотни тирилтириб, бошқаларга кўриниш имкониятини берди. 41  Лекин ҳаммага эмас, фақатгина Аллоҳ томонидан азалдан тайинланган шоҳидларга, яъни тирилганидан кейин у билан бирга еб-ичган бизларга кўринди. 42  Шунингдек, Тангри бу Зотни тиригу ўликларни ҳукм қилувчи этиб тайинлаган. Бу ҳақда одамларга ваъз қилиб, кенг шоҳидлик беришни бизга Исонинг ўзи буюрган. 43  Унга ишонган ҳар бир инсоннинг гуноҳлари унинг исми орқали кечирилиши тўғрисида барча пайғамбарлар шоҳидлик қилишган». 44  Бутрус гапираётган пайтда, унинг сўзларини тинглаб ўтирганларнинг барига муқаддас руҳ тушди. 45  У билан бирга келган суннатли биродарлар, ўзга халқ вакилларига ҳам муқаддас руҳ тушганини кўриб, қойил қолишди. 46  Чунки уларнинг бошқа тилларда гапириб, Худони улуғлашаётганини эшитишди. Шундан сўнг Бутрус: 47  «Биз каби муқаддас руҳга эга бўлган бу кишиларнинг сувга чўмишига ким тўсқинлик қила олади?» — деб сўради. 48  Кейин уларга Исо Масиҳ номи билан сувга чўмишни буюрди. Улар эса Бутрусдан бир неча кун меҳмон бўлишни илтимос қилишди.

Изоҳлар

Сўзма-сўз «куннинг тўққизинчи соатида».
Сўзма-сўз «куннинг олтинчи соатида».