Асосий материалларга ўтиш

Қўшимча менюга ўтиш

Мундарижага ўтиш

Яҳованинг Шоҳидлари

ўзбекча

Онлайн Муқаддас Китоб | МУҚАДДАС КИТОБ — ЯНГИ ДУНЁ ТАРЖИМАСИ 2013 йил нашрига қаранг

Юҳанно 9:1–41

9  Исо кетаётиб туғма кўр кишини кўриб қолди.  Шогирдлари ундан сўрашди: «Устоз, кимнинг гуноҳи туфайли бу одам кўр бўлиб туғилган: ўзинингми ёки ота-онасинингми?»  Исо жавоб бериб деди: «На унинг ўзи, на ота-онаси айбдор, балки Худонинг қудрати унда намоён бўлиши учун бундай бўлган.  Ҳануз кундуз экан, биз мени Юборганнинг ишини бажаришимиз лозим. Зеро тун келмоқда, ўшанда бирор киши ҳам ишлай олмайди.  Мен дунёда эканман, мен дунёнинг нуриман».  Буларни айтгач, Исо ерга тупурди-да, сўлагидан лой қилди. Сўнг, лойни кишининг кўзига суртиб,  шундай деди: «Бориб, Силоам ҳовузида кўзларингизни ювинг». (Силоам — «Юборилган» деганидир). У киши бориб ювинди ва кўзлари очилиб қайтди.  Ўша кишининг қўшнилари ва илгари унинг тиланчилик қилиб ўтирганини кўрган одамлар: «Бу ўша, садақа сўраб ўтирган одам эмасми?» — дейишарди.  Айримлар: «Бу ўша»,— дейишса, бошқалар: «Йўғ-е, унга ўхшайди холос»,— деб айтишарди. У киши эса: «Мен ўшаман»,— дерди. 10  Шунда улар сўрашди: «Қандай қилиб кўзларинг очилди?» 11  «Исо деган киши тупугини тупроқ билан аралаштириб, кўзларимга суртди ва менга: “Боринг, Силоам ҳовузида кўзларингизни ювинг”,— деди. Мен бориб ювиндим ва мана кўрадиган бўлдим»,— деб жавоб қайтарди. 12  Кейин ундан: «Ўша одам қаерда?» — деб сўрашди. У эса: «Билмайман»,— деб жавоб берди. 13  Сўнгра, кўр бўлган ўша кишини фарзийларнинг олдига келтиришди. 14  Исо тупугини тупроқ билан аралаштириб, кишининг кўзларига суртган кун Шаббат эди. 15  Энди фарзийлар ҳам унинг қандай қилиб кўра бошлаганини билиш учун, уни сўроққа тутишди. Киши эса: «У тупугини тупроқ билан аралаштириб, кўзларимга лой суртди. Мен бориб кўзларимни ювдим-да, кўра бошладим»,— деди. 16  Фарзийлардан баъзилари: «У Аллоҳдан келган инсон эмас, чунки у Шаббат кунига риоя қилмаяпти»,— дейишди. Яна бошқалари: «Гуноҳкор инсон бундай мўъжизаларни қандай ярата олади?» — дейишарди. Шу туфайли ораларида келишмовчилик юз берди. 17  Шунда улар кўзи ожиз бўлган кишидан яна сўрашди: «Кўзларингни очган ўша одам ҳақида сен нима дейсан?» У киши эса: «У пайғамбар»,— деди. 18  Бироқ яҳудий дин раҳбарлари кўзлари очилган бу кишининг ота-онасини чақиртирмагунча, у кўзи ожиз бўлиб, энди эса кўра бошлаганига ишонмаётган эдилар. 19  Улар унинг ота-онасидан сўрашди: «Туғма кўр ўғлингиз шуми? Унда қандай қилиб у кўряпти?» 20  Улар жавоб беришди: «Бу бизнинг ўғлимиз ва у туғма кўр эканини биламиз. 21  Аммо у қандай қилиб кўраётгани ва кўзларини ким очганини билмаймиз. Ўзидан сўранглар. У балоғатга етган, ўзи учун жавоб бера олади-ку». 22  Ота-онаси яҳудий дин раҳбарларидан қўрқишгани учун бундай дейишди. Чунки дин раҳбарлари Исони Масиҳ, деб тан олган ҳар кимсани ибодатхонадан* ҳайдашга тил бириктиришган эди. 23  Ана шу сабабдан ота-онаси: «Ўзидан сўранглар. У балоғатга етган»,— дейишди. 24  Сўнг улар яна бир бора кўр бўлган кишини чақириб, унга: «Ҳақиқатни гапириб Худони улуғла; биз у одамнинг гуноҳкор эканини биламиз»,— дейишди. 25  «Гуноҳкорми ёки йўқми, мен буни билмайман. Фақат шуни биламанки, мен кўр эдим, энди эса кўзларим кўряпти»,— деб жавоб берди у киши. 26  Улар эса: «У сенга нима қилди? Қандай қилиб кўзларингни очди?» — деб сўрашди. 27  У киши жавобан шундай деди: «Мен сизларга айтиб берган эдим-ку, сизлар эса тингламадингизлар. Нега яна бу ҳақда эшитмоқчисизлар? Ёки сизлар ҳам унинг шогирдлари бўлишни истаяпсизларми?» 28  Бу сўзлари учун уни жеркиб беришди: «Сен унинг шогирдисан, биз эса Мусонинг издошларимиз. 29  Худо Мусо билан гапирганини биламиз, у одамнинг қаерданлиги эса бизга номаълум». 30  Бунга жавобан у киши деди: «Ана шуниси ажабланарли-да, у менинг кўзларимни очди-ю, сизлар эса унинг қаерданлигини ҳам билмайсизлар. 31  Аллоҳ гуноҳкорларни тингламаслиги бизга аён, лекин Худодан қўрқиб, Унинг иродасини ижро этган ҳар кимсани У тинглайди. 32  Туғма кўр кишининг кўзларини биров очгани ҳақида ҳеч эшитмаганмиз. 33  Агар у Аллоҳдан келган киши бўлмаганида эди, ҳеч нарса қилолмасди». 34  Шунда улар: «Сен гуноҳ ичида туғилган бўла туриб, бизларга яна ақл ўргатасанми?!» — дейишди-да, уни ҳайдаб чиқаришди. 35  Ўша кишини ҳайдаб чиқаришганини Исо эшитди ва уни топиб, деди: «Сиз Инсон Ўғлига ишонасизми?» 36  У эса сўради: «Тақсир, у ким ўзи, мен унга ишонсам?» 37  Исо унга: «Сиз уни кўргансиз. Ҳозир ҳам у сиз билан гаплашиб турибди»,— деди. 38  Шунда у: «Ҳазрат, унга ишонаман»,— деди-да, Исога таъзим қилди. 39  Исо бўлса шундай деди: «Мен бу дунёга ҳукм қилиш учун келдим, токи кўзи ожизлар кўрсин, кўрадиганлар эса кўр бўлсин». 40  Унинг олдида турган фарзийлар бу сўзларни эшитиб, унга: «Нима, биз кўрмизми?» — дейишди. 41  Исо уларга деди: «Агар кўр бўлганингизда эди, гуноҳсиз бўлардингиз. Аммо сизлар: “Биз кўряпмиз”,— деганингиз учун гуноҳингиз бўйнингизда қолади».

Изоҳлар

Луғатга қ.