Асосий материалларга ўтиш

Қўшимча менюга ўтиш

Мундарижага ўтиш

Яҳованинг Шоҳидлари

ўзбекча

Онлайн Муқаддас Китоб | МУҚАДДАС КИТОБ — ЯНГИ ДУНЁ ТАРЖИМАСИ 2013 йил нашрига қаранг

Юҳанно 5:1–47

5  Бу ҳодисалардан сўнг яҳудийларнинг байрами бошланди ва Исо Қуддусга кетди.  Қуддусда эса Қўй дарвозаси ёнида, атрофи бешта устун билан ўралган ҳовуз бор эди. Ибронийчада у Байтзата, деб номланади.  У ерда кўп касаллар, кўрлар, чўлоқлар ва оёқ-қўллари қуриб қолганлар ётишарди.  * ——  Улар орасида ўттиз саккиз йилдан буён касал бўлиб ётган киши бор эди.  Исо бу одамнинг ётганини ва анча вақтдан бери дардга чалинганини кўриб, ундан: «Соғайишни истайсизми?» — деб сўради.  Бемор унга жавобан: «Тақсир, сув тўлқинланганда мени ҳовузга туширадиган ҳеч кимим йўқ. Ўзим етиб боргунимча, бошқаси мендан олдин тушиб олади»,— деди.  Исо унга: «Қани, ўрнингиздан туриб, тўшагингизни кўтаринг-да, юраверинг»,— деб айтди.  Ўша одам шу ондаёқ соғайди ва тўшагини кўтариб, юра бошлади. У кун Шаббат* эди. 10  Шу сабабли айрим яҳудийлар соғайган кишига: «Бугун Шаббат ва тўшак кўтариб юришинг тўғри эмас»,— дейишди. 11  Аммо у шундай деди: «Мени соғайтирган одам: “Тўшагингизни кўтаринг-да, юраверинг”,— деган». 12  Улар бу кишидан сўрашди: «Ким у, сенга: “Тўшагингизни кўтаринг-да, юраверинг”,— деган?» 13  Соғайган киши унинг кимлигини билмасди, боиси Исо ўша ердаги оломонга аралашиб, кўздан ғойиб бўлган эди. 14  Кейинроқ, Исо уни маъбадда учратиб, шундай деди: «Мана, энди соғайдингиз. Бундан баттарига йўлиқмаслик учун, бошқа гуноҳ қилманг». 15  Бу одам бориб, айрим яҳудийларга уни Исо соғайтирганини айтди. 16  Шунда улар Исони таъқиб қила бошлашди, чунки у бундай ишларни Шаббат куни қилаётган эди. 17  Исо эса уларга: «Отам ҳанузгача меҳнат қилиб келяпти, мен ҳам меҳнат қиляпман»,— деди. 18  Айрим яҳудийлар буни эшитиб, уни ўлдириш пайига тушишди. Ахир у нафақат Шаббат кунининг қоидасини бузди, балки Худони Отам деб атаб, ўзини Унга тенглаштирарди. 19  Шунда Исо уларга қарата қуйидагиларни айтди: «Ишонаверинг: Ўғил ўз ихтиёри билан ҳеч нарса қила олмайди, аксинча Отасидан кўрганларини қилади. Ота нимаики қилса, Ўғил ҳам шуни бажаради. 20  Зеро Ота Ўғлини севади ва қилаётган барча ишларини унга кўрсатмоқда ҳамда сизларни таажжубга солиш учун бундан ҳам ортиқроғини намойиш этади. 21  Ота ўликларни тирилтириб, ҳаёт бахш этаётгани каби, Ўғил ҳам истаган кишига ҳаёт бахш этади. 22  Ота ҳеч кимни ҳукм қилмайди, балки ҳукм қилиш ҳуқуқини бутунлай Ўғилга берган. 23  Токи барча Аллоҳни улуғлаганидай, Ўғилни ҳам шарафласин. Кимки Ўғилни ҳурмат қилмаса, уни юборган Отани ҳам ҳурмат қилмаган бўлади. 24  Ишонаверинг: сўзимни тинглаб, мени Юборганга ишонган киши, абадий ҳаётга эгадир. У ҳукм этилмайди, негаки у ўлимдан ҳаётга ўтган. 25  Ишонаверинг: ўлганлар Худо Ўғлининг овозини эшитадиган вақт келяпти ва у вақт келди ҳам. Унинг овозига қулоқ тутганлар тирилади. 26  Ота ҳаёт ато этиш қудратига эга бўлганидек, Ўғилга ҳам ҳаётбахш куч берган. 27  Шунингдек унга ҳукм этиш ҳуқуқини берган, зеро у Инсон Ўғлидир. 28  Бунга таажжубланманглар, чунки шундай вақт келяптики, мозорларда* бўлган ҳамма, унинг овозини эшитиб 29  чиқадилар: яхшилик қилганлар яшаш учун, ёмонлик қилганлар эса ҳукм этилиш учун тириладилар. 30  Мен ўзимча ҳеч нарса қила олмайман. Эшитганим бўйича ҳукм қиламан ва менинг ҳукмим одилдир, боиси мен ўз хоҳишимни эмас, мени Юборганнинг иродасини бажаришга интиламан. 31  Агар мен ўзим ҳақимда ўзим шоҳидлик бераётган бўлсам, унда менинг шаҳодатим ҳақиқий эмас. 32  Мен ҳақимда бошқа шоҳидлик берувчи бор ва мен Унинг шоҳидлиги чин эканини биламан. 33  Сизлар Яҳёнинг ёнига одамларни юбордингизлар ва у ҳақиқат тўғрисида шоҳидлик берди. 34  Мен инсоннинг шоҳидлигига муҳтож эмасман, лекин буни қутқарилишингиз учун айтяпман. 35  Бу одам порлаб, нур сочаётган чироқ эди, аммо сизлар оз вақт унинг нурида қувонишни истадингиз. 36  Бироқ мен Яҳёнинг шоҳидлигидан ҳам буюкроқ шоҳидликка эгаман. Чунки Отам менга бажаришни буюрган ва мен бажараётган айнан шу ишлар, мени Отам юборганидан шаҳодат бериб турибди. 37  Устига-устак, мени юборган Отамнинг Ўзи мен ҳақимда шоҳидлик берди. Сизлар эса Уни ҳеч қачон эшитмагансиз, қиёфасини ҳам кўрмагансиз. 38  Унинг сўзлари ҳам кўнгилларингиздан жой олмайди, негаки сизлар У юборган кишига ишонмаяпсизлар. 39  Сизлар Муқаддас Ёзувларни синчиклаб текширасизлар, чунки булар орқали абадий ҳаётга эришамиз, деб ўйлайсизлар. Айнан улар мен ҳақимда шоҳидлик беряпти-ку. 40  Лекин сизлар ҳаётга эга бўлиш учун олдимга келишни хоҳламаяпсизлар. 41  Мен инсонлардан шон-шараф орттиришни истамайман. 42  Фақат шуни биламанки, қалбларингизда Аллоҳга муҳаббат йўқ. 43  Мен Отамнинг номидан келдим, аммо сизлар мени қабул қилмаяпсизлар. Борди-ю, бошқа кимса ўз номидан келганида, уни қабул қилган бўлардингиз. 44  Бир-бирингиздан таҳсин оласиз-у, Худодан таҳсин олишга интилмас экансиз, унда қандай ишонишингиз мумкин? 45  Сизларни Отам олдида айблайман, деб ўйламанг. Сизларни айбловчи, ўзингиз умид боғлаган Мусодир. 46  Агар Мусога инонганингизда эди, менга ҳам ишонар эдингизлар. Зеро у мен ҳақимда ёзган. 47  Унинг ёзганларига ишонмас экансиз, менинг сўзларимга қандай ишонасизлар?»

Изоҳлар

Мт 17:21 изоҳига қ.
Луғатга қ.
Ёки «хотира мозорларида».