Асосий материалларга ўтиш

Қўшимча менюга ўтиш

Мундарижага ўтиш

Яҳованинг Шоҳидлари

ўзбекча

Онлайн Муқаддас Китоб | МУҚАДДАС КИТОБ — ЯНГИ ДУНЁ ТАРЖИМАСИ

Юҳанно 4:1–54

4  Исо Яҳёдан кўра кўпроқ шогирдларни сувга чўмдиряпти, деган гап фарзийларнинг қулоғига етиб борганидан Исо хабар топди.  Аслида Исо эмас, балки шогирдлари одамларни сувга чўмдиришаётган эди.  Шунда Исо Яҳудияни қолдириб, яна Жалилага қайтди.  Бунинг учун эса у Самария орқали ўтиши керак эди.  Хуллас, у Самариянинг Сиҳар деган шаҳрига келди. Бу шаҳар Ёқуб ўғли Юсуфга берган ерига яқин эди.  Ўша ерда Ёқубнинг қудуғи бор эди. Исо чарчаганидан қудуқ ёнига ўтирди. Соат ўн иккилар* эди.  Шу пайт самариялик бир аёл сув олгани келди. Исо аёлга: «Менга ичгани сув беринг»,— деди.  Исонинг шогирдлари эса шу пайтда шаҳарга озиқ-овқат сотиб олгани кетишганди.  Шунда самариялик аёл унга: «Қандай қилиб сиз яҳудий бўла туриб, мен, самариялик аёлдан сув сўраяпсиз?» — деди. (Сабаби, яҳудийлар самарияликлар билан ҳеч қандай алоқа қилишмасди.) 10  Исо унга жавобан айтди: «Агар сиз Аллоҳнинг инъоми нима эканини ва ким сиздан: “Менга ичгани сув беринг”,— деяётганини билганингизда эди, сиз унинг ўзидан сўраган бўлардингиз. У эса сизга ҳаётбахш сув берарди». 11  Аёл Исодан сўради: «Тақсир, сув олиш учун ҳатто идишингиз ҳам йўқ-ку, қудуқ эса чуқур. Ахир ҳаётбахш сувни қаердан оласиз? 12  Бу қудуқни бизга бобокалонимиз Ёқуб берган. Унинг ўзи, болалари ва чорвалари ҳам ундан ичишган. Наҳотки сиз ундан ҳам буюкроқ бўлсангиз?» 13  Исо унга қуйидагича жавоб берди: «Бу сувдан ичган киши яна чанқаб қолади. 14  Кимки мен берган сувни ичса, ҳеч қачон чанқамайди. Аксинча, мен берадиган сув унда булоққа ўхшаб жўшиб оқаверади ва абадий ҳаёт сари элтади». 15  Шунда у Исога: «Тақсир, бу сувдан менга ҳам беринг. Энди мен бошқа чанқамайин ва сув олиш учун бу ерга ҳадеб келавермайин»,— деди. 16  Исо эса унга: «Бориб эрингизни бу ерга чақириб келинг»,— деб айтди. 17  Аёл жавобан: «Менинг эрим йўқ»,— деди. «“Эрим йўқ”, деб тўғрисини айтдингиз. 18  Сизнинг бешта эрингиз бўлган, ҳозиргиси ҳам эрингиз эмас. Буни сиз тўғри айтдингиз»,— деди унга Исо. 19  Аёл унга: «Тақсир, тушунишимча сиз пайғамбарсиз. 20  Ота-боболаримиз бу тоғда Худога топинишган. Аммо сизлар эса Худога топинадиган жой Қуддусда, дейсизлар»,— деб айтди. 21  Исо унга деди: «Менга ишонинг: шундай пайт келадики, самовий Отага на бу тоғда ва на Қуддусда топинасизлар. 22  Сизлар нимага топинаётганингизни билмайсизлар, бизлар эса нимага топинаётганимизни биламиз, зеро нажот яҳудийлардандир. 23  Лекин шундай пайт келяптики, ҳақиқий топинувчилар Отага руҳ ва ҳақиқат билан топинишади ва бундай пайт келди ҳам. Айнан шундай топинувчиларни Ота Ўзига излайди. 24  Аллоҳ — руҳий Шахсдир ва Унга топинаётганлар руҳ ва ҳақиқат билан топинишлари керак». 25  Аёл унга деди: «Масиҳ деб аталган зот келишини биламан. У келганда бизга ҳамма нарсани очиқ айтиб беради». 26  Исо унга деди: «Сиз билан гаплашаётган, мен ўшаман». 27  Шу пайт шогирдлари келиб қолишди. Исонинг аёл билан гаплашаётганини кўриб ҳайрон бўлишди. Бироқ улардан ҳеч бири: «Ундан нима истайсиз?» ёки «Нега у билан гаплашиб турибсиз?» — дея сўрашмади. 28  Аёл эса кўзасини қолдириб шаҳарга қайтди ва одамларга бундай деди: 29  «Боринглар, мен қилган ишларни айтиб берган инсонни кўринглар. У Масиҳ эмасмикин?» 30  Халойиқ шаҳардан чиқиб, Исонинг олдига борди. 31  Бу орада шогирдлари Исодан: «Устоз, овқат еб олинг»,— деб илтимос қилишарди. 32  Аммо Исо уларга: «Менда сизлар билмайдиган егулик бор»,— деди. 33  Шогирдлар эса бир-бирига: «Наҳотки кимдир унга овқат олиб келган бўлса?» — дея гапиришарди. 34  Исо уларга деди: «Менинг овқатим, мени Юборганнинг иродасини бажариш ва Унинг ишини якунига етказишдир. 35  Ахир ўзларингиз: “Ўрим-йиғимга ҳали тўрт ой бор”,— деб айтмаяпсизларми? Мен эса сизларга бундай дейман: кўзларингизни экинзорларга тикиб қаранглар, ҳосил етилган. 36  Ўроқчи ҳам ўз меҳнат ҳақини оляпти ва мангу ҳаёт учун ҳосилни йиғяпти. Шу йўсин экувчи ҳам ўроқчи ҳам биргаликда қувонадилар. 37  “Бириси экади, бошқаси ўради”, деган гап шу вазиятга тўғри келади. 38  Мен сизларни ўзларингиз меҳнат қилмаган ҳосилни йиққани юбордим. Бошқалар тер тўкишган эди, сизлар эса уларнинг меҳнатидан фойдаландингизлар». 39  Ўша шаҳарда яшовчи кўп самарияликлар Исога ишонишди. Боиси улар ҳалиги аёлнинг: «У, мен қилган ишларни айтиб берди»,— деган шаҳодатини эшитишди. 40  Шу сабабли самарияликлар Исонинг ёнига келиб, уларникида қолишини илтимос қилишди. Исо икки кун у ерда турди. 41  Натижада унинг гапини эшитиб, яна кўпроқ одамлар унга ишонишди. 42  Улар ўша аёлга: «Энди нафақат сенинг сўзларинг бўйича ишоняпмиз. Чунки ўзимиз эшитиб билдикки, чиндан ҳам бу инсон дунёнинг қутқарувчиси экан»,— дейишарди. 43  Икки кундан сўнг Исо у ердан Жалилага йўл олди. 44  Исо, пайғамбар ўз юртида обрўсиз қолади, деб айтганига қарамай, 45  жалилаликлар уни қабул қилишди. Чунки улар ҳам Қуддусдаги байрамга боришгани учун Исонинг у ерда қилган ишларини кўришганди. 46  Сўнг у яна Жалиланинг Канах шаҳрига, сувни шаробга айлантирган ерга келди. У ерда бир сарой маъмури бор эди. Кафарнаҳумда унинг ўғли касал бўлиб ётган эди. 47  Исо Яҳудиядан Жалилага келганидан хабар топиб, бу киши унинг олдига бориб, ўғлига шифо беришини илтимос қилди. Чунки ўғли ўлим тўшагида ётган эди. 48  Исо унга шундай деди: «Сиз инсонлар аломатлару мўъжизаларни кўрмагунингизча, асло ишонмайсизлар». 49  Сарой маъмури Исога: «Ҳазрат, болагинам ўлмасидан олдин мен билан юрақолинг!» — деди. 50  Исо у кишига айтди: «Сиз бораверинг, ўғлингиз соғайди». У киши Исонинг сўзига ишониб, кетди. 51  У ҳали йўлда кетаётган чоғда, ўғли соғайганини айтиш учун қуллари унга пешвоз чиқишди. 52  Шунда соат нечада соғайганини қулларидан суриштира бошлади. Улар жавоб бериб: «Кеча кундузи соат бирларда* иситмаси тушди»,— деб айтишди. 53  У киши, Исонинг: «Ўғлингиз соғайди»,— деган сўзларини шу вақтга тўғри келганини тушунди. Шунда у ва бутун хонадони Исога ишонишди. 54  Бу, Исонинг Яҳудиядан Жалилага келганда кўрсатган иккинчи мўъжизаси эди.

Изоҳлар

Сўзма-сўз «чамаси олтинчи соат».
Сўзма-сўз «чамаси еттинчи соатда».