Мосламалар

Тилни танланг

Қўшимча менюга ўтиш

Мундарижага ўтиш

Асосий материалларга ўтиш

Яҳованинг Шоҳидлари

ўзбекча

Онлайн Муқаддас Китоб

МУҚАДДАС КИТОБ — ЯНГИ ДУНЁ ТАРЖИМАСИ

Юҳанно 2:1-25

2  Учинчи куни Жалиланинг Канах шаҳрида никоҳ тўйи бўлаётган эди. Исонинг онаси ҳам ўша ерда эди.  Шунингдек Исо ва унинг шогирдлари бу тўйга таклиф этилган эдилар.  Шароб тугаганида, Исонинг онаси унга: «Уларда шароб қолмабди экан»,— деди.  Исо унга жавобан: «Нима қилишимни хоҳлайсиз? Менинг вақт-соатим ҳали келгани йўқ»,— деди.  Шунда онаси у ерда хизмат қилаётганларга: «У сизларга нима деса, шуни бажаринглар»,— деб айтди.  Ўша ерда яҳудийларнинг покланиш қоидасига мувофиқ, сув учун тошдан ясалган олтита идиш турган эди. Уларнинг ҳар бирига икки ёки уч ўлчов* суюқлик сиғарди.  Исо уларга: «Идишларга сув қуйинглар»,— деган эди, улар идишларни лиммо-лим тўлдиришди.  Кейин уларга бундай деди: «Энди оз-моз сузиб, тўйбошига олиб боринглар». Хизматчилар шундай қилишди.  Тўйбоши шаробга айлантирилган сувни татиб кўрди. У шароб қаердан олинганини билмасди, буни фақат сув тўлдирган хизматчилар биларди. Шунда тўйбоши куёвни чақириб, 10  шундай деди: «Ҳар ким аввал яхши шаробни қўяди, меҳмонлар маст бўлгандан сўнг, ёмонроғини беради. Сен эса яхши шаробни шу пайтгача сақлаб қўйибсан-а?!» 11  Бу Исонинг илк мўъжизаси бўлиб, уни Жалиланинг Канах шаҳрида содир этди. Шу тариқа у ўз улуғворлигини намоён этди ва шогирдлари унга ишонч ҳосил қилишди. 12  Бундан сўнг Исо, онаси, укалари ва шогирдлари билан Кафарнаҳумга йўл олишди, лекин у ерда кўп қолишмади. 13  Яҳудийларнинг Фисиҳ байрами яқинлашаётгани учун Исо Қуддусга жўнади. 14  Маъбадга кирганда ҳўкиз, қўй ва каптарларни сотаётган ҳамда пул алмаштириб ўтирган одамларни кўрди. 15  Исо арқонлардан қамчи ясаб, қўйлари ва ҳўкизлари билан бирга уларнинг ҳаммасини маъбаддан ҳайдади. У пул алмаштираётганларнинг тангаларини сочиб, пештахталарини ағдариб юборди. 16  Каптарларни сотаётганларга эса бундай деди: «Буларни йўқотинглар бу ердан! Отамнинг уйини чайқов бозорига айлантирганларинг етар!» 17  Шунда шогирдлари, «Сенинг уйингга бўлган рашким, менинг ичимни кемиряпти», деб ёзилган сўзларни эслашди. 18  Яҳудийлар бўлса ундан сўрадилар: «Бундай йўл тутишга ҳаққинг борлигини қандай аломат билан исботлайсан?» 19  Исо уларга жавобан: «Бу маъбадни бузинглар ва мен уч кун ичида уни тиклайман»,— деди. 20  Бунга яҳудийлар: «Бу маъбадни қирқ олти йил давомида қуришган-у, сен эса уни уч кунда тикламоқчимисан?» — деб айтишди. 21  Аммо маъбад ҳақида гапираётиб, у ўз танасини назарда тутган эди. 22  Исо тирилганда, шогирдлари у айнан шу ҳақда гапирганини эслашди ва Муқаддас Ёзувларга ҳамда Исонинг сўзларига ишонишди. 23  Исо Қуддусда Фисиҳ байрамида бўлганида, кўп одамлар унинг мўъжизаларини кўриб, исмига ишонишди. 24  Исо эса уларни яхши билгани учун, уларга тўлиқ ишонмасди. 25  Шунингдек, унга бирор одам ҳақида гувоҳлик беришнинг ҳожати йўқ эди, боиси у ҳар бир кишининг қалбини кўра оларди.

Изоҳлар

Эҳтимол «бат» (22 литрга тенг суюқлик ўлчови). Илованинг 13- мавзусига қ.