Мосламалар

Тилни танланг

Қўшимча менюга ўтиш

Мундарижага ўтиш

Асосий материалларга ўтиш

Яҳованинг Шоҳидлари

ўзбекча

Онлайн Муқаддас Китоб

МУҚАДДАС КИТОБ — ЯНГИ ДУНЁ ТАРЖИМАСИ

Юҳанно 13:1-38

13  Бу дунёдан Отаси ёнига ўтиш пайти келганини Исо Фисиҳ байрамидан олдин биларди. Дунёда бўлган издошларини у севарди ва уларни охиригача севди.  Кечки овқат пайти эди. Иблис, Симун ўғли Яҳудо Ишқариётнинг дилига, Исога хиёнат қилиш ниятини аллақачон солиб қўйган эди.  Исо эса Отаси ҳамма нарсани унинг қўлига топширганини, Аллоҳдан келганини ва Аллоҳнинг ёнига боришини биларди.  Овқат пайтида у ўрнидан туриб, устки кийимини ечди-да, сочиқни олиб, белини боғлади.  Шундан сўнг Исо тоғорага сув қуйиб, шогирдларининг оёқларини юва бошлади. Кейин белига боғланган сочиқ билан уларнинг оёқларини артди.  Симун Бутруснинг навбати етганда, у Исога: «Ҳазрат, наҳот оёқларимни сиз ювсангиз?!» — деди.  Исо унга жавобан айтди: «Ҳозир нима қилаётганимни сен тушунмаяпсан, фақат кейин тушунасан».  Бутрус бўлса: «Асло менинг оёқларимни ювмайсиз!» — деб эътироз билдирди. Исо унга: «Агар ювмасам, мен билан улушинг бўлмайди»,— деб айтди.  Шунда Симун Бутрус унга қарата: «Ҳазрат, унда нафақат оёқларимни, қўлларимни ҳам, бошимни ҳам ювиб қўйинг»,— деди. 10  «Чўмилган кишининг оёқларини ювиш етарли, чунки унинг бутун бадани покдир. Сизлар поксиз, аммо ҳаммангиз эмас»,— деди унга Исо. 11  Исо ким унга хиёнат қилишини биларди, шунинг учун: «Ҳаммангиз ҳам пок эмассиз»,— деди.  12  Уларнинг оёқларини ювгач, Исо устки кийимини кийиб, яна хонтахта олдида ёнбошлади-да, улардан сўради: «Мен нима қилганимни англадингизми? 13  Сизлар мени “Устоз”, “Ҳазрат” деб атайсизлар ва бу тўғри, мен ўшаман. 14  Демак, агар мен Ҳазрат ва Устоз бўла туриб оёқларингизни ювган бўлсам, унда сизлар ҳам бир-бирингизнинг оёқларингизни ювишга бурчлисиз. 15  Мен сизларга нима қилган бўлсам, сизлар ҳам шундай қилинглар дея, ўрнак кўрсатдим. 16  Ишонаверинг: қул ўз хўжайинидан буюк эмас, элчи ҳам уни юборгандан буюк эмас. 17  Булардан хабардор экансиз, уларга риоя қилсангиз, бахтиёр бўласиз. 18  Буларни барчангиз ҳақида айтаётганим йўқ. Мен ўзим танлаган кишиларни танийман. Аммо шу йўсин Муқаддас Ёзувлардаги: “Менинг нонимни еган, менга товонини кўтарди”,— деб айтилгани бажо бўлиши керак. 19  Ушбу воқеалар юз беришидан аввал буларни сизларга айтяпман, токи бу ҳодисалар рўй берганда, мен ўша эканлигимга ишонинглар. 20  Ишонаверинг: мен юборган ҳар кимсани қабул қилган киши, мени қабул қилган бўлади. Мени қабул қилган эса, мени Юборганни қабул этган бўлади». 21  Бу сўзларидан сўнг Исо чуқур хўрсинди-да, шундай деди: «Аммо-лекин айтиб қўяй, сизлардан бирингиз менга хиёнат қилади». 22  Шогирдлари бўлса, у ким ҳақида гапираётганини тушунмай, бир-бирларига қарай бошлашди. 23  Исо севган шогирдларидан бири унинг ёнида* ёнбошлаган эди. 24  Симун Бутрус унга бош ирғаб сўради: «Айт-чи, у ўзи ким тўғрисида гапиряпти?» 25  У бўлса Исонинг кўксига яқинроқ энгашиб: «Ҳазрат, у ким?» — дея савол берди. 26  Исо жавобан айтди: «Бурда нонни косага ботириб кимга берсам, у ўшадир». У бурда нонни косага ботириб, Симун ўғли Яҳудо Ишқариётга узатди. 27  Яҳудо бурдани олган заҳотиёқ Шайтон унинг ичига кирди. Исо Яҳудога: «Қиладиганингни тезроқ қил»,— деди. 28  Аммо хонтахта атрофида ёнбошлаганлардан ҳеч бири, Исо қай мақсадда бу сўзларни айтганини билмасди. 29  Яҳудонинг қўлида пул қутиси бўлгани учун, айримлар Исо унга: «Байрам учун зарурий нарсаларни сотиб ол», ёки «камбағалларга бирор нима бер»,— деб айтяпти, деган хаёлга боришди. 30  Бурдани олгач, у тезда ташқарига чиқди. Қоронғи тушган эди. 31  У чиқиб кетгач, Исо бундай деди: «Энди Инсон Ўғли улуғланяпти ва Худо ҳам у орқали улуғланмоқда. 32  Худонинг Ўзи уни улуғлайди. Ҳа, уни тез орада улуғлайди. 33  Севикли болаларим, мен яна бир оз сизлар билан бўламан. Мени излайсизлар, аммо яҳудийларга айтганимдек, сизларга ҳам айтяпман: “Мен бораётган жойга сизлар боролмайсизлар”. 34  Мен сизларга янги амр беряпман: бир-бирингизни севинглар. Мен сизларни севганимдек, сизлар ҳам бир-бирингизни севинглар. 35  Агар орангизда меҳр-муҳаббат бўлса, сизлар менинг шогирдларим эканингизни барча билиб олади». 36  Шунда Симун Бутрус ундан сўради: «Ҳазрат, қаерга кетяпсиз?» Исо унга: «Мен бораётган жойга сен ҳозир боролмайсан, кейинроқ борасан»,— деб жавоб берди. 37  Бутрус бўлса унга: «Ҳазрат, нега ҳозир орқангиздан боролмас эканман? Мен сиз учун жонимни ҳам беришга тайёрман»,— деди. 38  Исо унга жавобан айтди: «Жонингни беришга тайёрмисан? Ишонавер: хўроз қичқирмасидан аввал, сен мендан уч марта тонасан».

Изоҳлар

Ёки «бағри томон».