Мосламалар

Тилни танланг

Қўшимча менюга ўтиш

Мундарижага ўтиш

Асосий материалларга ўтиш

Яҳованинг Шоҳидлари

ўзбекча

Онлайн Муқаддас Китоб

МУҚАДДАС КИТОБ — ЯНГИ ДУНЁ ТАРЖИМАСИ

Юҳанно 12:1-50

12  Фисиҳ байрамидан олти кун аввал Исо Байтанияга келди. У тирилтирган Лазар ҳам ўша ерда эди.  Шу жойда Исо учун кечки овқат ҳозирлашди. Марта хизмат қилиб юрганди, Лазар эса Исо билан бирга хонтахта атрофида ёнбошлаб ўтирганлар орасида эди.  Марям бўлса хушбўй, қимматбаҳо сунбул мойидан тахминан уч юз грамм келтириб, Исонинг оёқларига суртди-да, сочлари билан артди. Уй хушбўй мой ҳидига тўлиб кетди.  Аммо Исонинг шогирдларидан бири, унга хиёнат қиладиган Яҳудо Ишқариёт бундай деди:  «Бу хушбўй мойни уч юз динорга* сотиб, пулини қашшоқларга тарқатсак бўлмасмиди?»  Бу сўзларни у камбағалларнинг ғамини чеккани учун эмас, балки ўғри бўлгани учун айтди. Боиси, пул қутиси унинг ихтиёрида бўлиб, у ерга солинган пулларни шилиб юрарди.  Шунда Исо жавобан деди: «Аёлни тинч қўй. Мени дафн этиш кунига тайёрлаш одатини бажо келтиришига халал берма.  Қашшоқлар доим ёнингизда бўлади, мен эса доим ҳам сизлар билан бўлмайман».  Исонинг қаердалигини билиб, кўп яҳудийлар ўша ерга келишди. Улар нафақат Исони, балки у тирилтирган Лазарни ҳам кўришни истардилар. 10  Шунда бош руҳонийлар Лазарни ҳам ўлдиришга тил бириктирдилар. 11  Чунки Лазар туфайли у ерга келган талай яҳудийлар Исога ишонишган эди. 12  Эртаси куни байрамга борган кўпчилик одамлар Исо Қуддусга келаётганини эшитиб, 13  пальма дарахти новдаларини олишди-да, унга пешвоз чиқишди. Улар: «Ёлворамиз, уни қутқар! Яҳованинг номидан келаётган Исроил шоҳи муборак бўлсин!» — дея хитоб қилишарди. 14  Исо бўлса бир хўтикни топиб, унга минди. Бу ҳақда Муқаддас Ёзувларда: 15  «Қўрқма, Сион қизи*! Мана, подшоҳинг хўтикка миниб келяпти»,— деб айтилган эди. 16  Аввалига Исонинг шогирдлари бунга эътибор беришмади. Исо юксалтирилгандан сўнггина, бу сўзлар у ҳақда эканини ва унда бажо бўлганини эсладилар. 17  Лазарни қабрдан чақириб, уни тирилтирганда Исонинг ёнида бўлган одамлар, кўрганлари ҳақида шоҳидлик беришдан тинмасдилар. 18  Халқ Исо содир этган ушбу мўъжиза тўғрисида эшитгани учун уни қаршилагани чиқарди. 19  Фарзийлар эса ўзаро: «Кўрмаяпсизларми, қўлимиздан ҳеч нарса келмаяти. Мана, бутун дунё унинг орқасидан боряпти»,— дейишарди. 20  Аллоҳга топиниш учун байрамга келганлар орасида юнонлар ҳам бор эди. 21  Улар Жалиланинг Байтсайда шаҳридан бўлган Филипнинг ёнига бориб: «Тақсир, биз Исони кўрмоқчимиз»,— деб айтишди. 22  Филип бориб бу ҳақда Идрисга айтди ва иккови бориб, бу тўғрисида Исога етказишди. 23  Исо шогирдларига шундай деди: «Инсон Ўғли улуғланадиган вақт келди. 24  Сизларга чинини айтяпманки, буғдой дони ерга тушиб ўлмаса, бир донлигича қолади. Агар ўлса, мўл ҳосил келтиради. 25  Ўз жонини севган, уни ҳалок қилади. Кимки бу дунёда ўз жонидан нафратланса, уни абадий ҳаёт учун сақлаб қолади. 26  Менга хизмат қилишни истаган киши орқамдан эргашсин. Мен қаерда бўлсам, хизматчим ҳам ўша ерда бўлади. Кимки менга хизмат қилса, Отам уни иззат қилади. 27  Юрагим сиқиляпти. Нима десам экан? Отажон, мени шу фурсатдан қутқар. Лекин мен айнан шу фурсат учун келганман. 28  Ота, исмингни улуғла». Шунда осмондан овоз келди: «Улуғладим ва яна улуғлайман». 29  Ўша ерда туриб, бу овозни эшитганлардан айримлари: «Момақалдироқ бўлди»,— дейишса, бошқалари: «У билан фаришта гаплашди»,— деб айтишарди. 30  Исо эса бундай деди: «Бу овоз мен учун эмас, сизлар учун янгради. 31  Бу дунёни ҳукм қилиш вақти келди. Энди бу дунёнинг ҳокими ташқарига чиқариб ҳайдалади. 32  Мен бўлсам юқорига кўтарилганимда, ҳар турли инсонларни ўзимга жалб этаман». 33  Исо буни, қай тарзда ўлишини кўрсатиш мақсадида айтган эди. 34  Шунда одамлар: «Биз Муқаддас Ёзувлардан, Масиҳ абадий қолиши ҳақида эшитганмиз. Қанақасига сиз: “Инсон Ўғли юқорига кўтарилиши керак”,— деб айтяпсиз? Инсон Ўғли ўзи ким?» — дейишди. 35  Исо жавоб бериб, деди: «Яна бир оз вақт нур сизлар билан бўлади. Нур борида нурда юриб қолинглар. Тағин зулмат сизларни қамраб олмасин. Зулматда юрган киши қаерга бораётганини билмайди. 36  Бошқаларга нур таратиш учун, нур борлигида, шу нурга ишонинг». Бу сўзларни айтгач, Исо узоқлашиб, улардан яширинди. 37  Исо уларнинг кўз олдида шунча мўъжизалар кўрсатган бўлса-да, улар барибир унга ишонишмасди. 38  Шу йўсин Ишаё пайғамбарнинг қуйидаги сўзлари амалга ошди: «Ё Яҳова, биз эшитган нарсаларга инонган киши борми? Яҳованинг қудрати* кимга равшан бўлди?» 39  Улар нега ишонмагани ҳақида Ишаё яна шундай деган: 40  «Кўзлари кўрмасин, қалблари фаҳмламасин дея, кўзларини кўр, қалбларини тош қилди. Токи шифо беришим учун олдимга қайтиб келишмасин». 41  Ишаё Масиҳнинг улуғворлигини кўргани учун буларни айтди. 42  Шунга қарамай, ҳатто бошлиқларнинг кўплари унга ишонадиган бўлишди. Аммо ибодатхонадан ҳайдалишдан қўрқиб, фарзийлар олдида буни очиқ тан олмас эдилар. 43  Чунки улар, Тангрининг назарида ҳурмат қозонишдан кўра, одамларнинг назарида ҳурмат қозонишни кўпроқ севардилар. 44  Исо баланд овозда шундай деди: «Менга ишонган киши, нафақат менга, балки мени Юборганга ҳам ишонади. 45  Ҳамда мени кўраётган одам, мени Юборганни ҳам кўрган бўлади. 46  Мен дунёга нур бўлиб келдим, токи менга ишонган ҳар ким, қоронғиликда қолмасин. 47  Сўзларимни эшитиб, аммо унга амал қилмаётган кишини мен ҳукм қилмайман, боиси мен дунёни ҳукм қилгани эмас, қутқаргани келганман. 48  Мени менсимай, сўзларимни қабул қилмаган одам учун ҳакам бор. Менинг айтган каломим, уни охирги кунда ҳукм қилади. 49  Зеро мен ўз ихтиёрим билан гапирганим йўқ. Аксинча, мени юборган Отамнинг Ўзи айнан нимани айтишни менга амр этган. 50  Унинг амри мангу ҳаётга элтиши менга маълум. Сабаби, Отам менга қандай айтган бўлса, шундай гапиряпман».

Изоҳлар

Луғатга қ.
Бу ибора, Сион тоғида жойлашган Қуддус шаҳрини ёки унинг аҳолисини англатиши мумкин.
Сўзма-сўз «қўли».