Асосий материалларга ўтиш

Қўшимча менюга ўтиш

Мундарижага ўтиш

Яҳованинг Шоҳидлари

ўзбекча

Онлайн Муқаддас Китоб | МУҚАДДАС КИТОБ — ЯНГИ ДУНЁ ТАРЖИМАСИ 2013 йил нашрига қаранг

Юҳанно 11:1–57

11  Марям ва унинг опаси Марта яшайдиган Байтания қишлоғида, Лазар исмли киши касал бўлиб қолганди.  Ҳазратга хушбўй мой суртиб, сўнг эса сочлари билан унинг оёқларини артган аёл, ўша Марям эди. Касал бўлган Лазар эса унинг акаси эди.  Шунда унинг сингиллари Исога: «Ҳазрат, яқин дўстингиз касал бўлиб қолди»,— деган хабар жўнатишди.  Исо буни эшитиб, шундай деди: «Ушбу касалликнинг охири ўлим билан эмас, аксинча, Аллоҳнинг шарафланиши билан тугайди, токи Худонинг Ўғли ҳам бу орқали улуғлансин».  Исо Мартани, унинг синглисини ҳамда Лазарни яхши кўрар эди.  Лазарнинг касал эканини эшитган бўлса ҳам, Исо ўша жойда яна икки кун қолди.  Сўнг у шогирдларига: «Юринглар, яна Яҳудияга борамиз»,— деди.  Улар Исога: «Устоз, ўзи яқинда яҳудийлар сизни тошбўрон қилмоқчи эдилар-ку, сиз яна у ерга бормоқчимисиз?!» — деб сўрашди.  Исо уларга жавоб бериб: «Кун ўн икки соатдан иборат эмасми? Кундузи юрган одам ҳеч нарсага қоқилмайди, чунки дунёнинг нурини кўради. 10  Кечаси юрган киши эса бирор нарсага қоқилади, негаки унда нур йўқдир»,— деди. 11  Буларни айтгач, у яна деди: «Дўстимиз Лазар ухлаб қолди. Аммо мен уни уйғотгани кетяпман». 12  Шунда шогирдлар: «Ҳазрат, агар у ухлаб қолган бўлса, соғайиб кетади»,— дейишди. 13  Исо унинг ўлими ҳақида гапирганди, шогирдлар бўлса оддий уйқу ҳақида айтяпти, деб ўйлашди. 14  Кейин Исо уларга очиғини айтди: «Лазар вафот этди. 15  Мен ўша ерда йўқ эдим ва сизлар учун хурсандман, чунки шу орқали имонингиз янада кучли бўлади. Қани кетдик, унинг олдига борайлик». 16  Шунда Эгиз лақабли Тўма бошқа шогирдларга: «Қани юринглар, биз ҳам у билан ўламиз!» — деди. 17  Исо у ерга келиб, Лазарни қабрга қўйганларига тўрт кун бўлганини билди. 18  Байтания Қуддусга яқинроқ бўлиб, қарийб уч километр нарида жойлашганди. 19  Шу сабабли кўпгина яҳудийлар, акаси ўлгани учун Марта билан Марямга тасалли бергани келишганди. 20  Марта Исонинг келаётганини эшитиб, унга пешвоз чиқди. Марям эса уйда қолди. 21  Марта Исога деди: «Ҳазрат, агар сиз бу ерда бўлганингизда эди, акам ўлмасди. 22  Шундай бўлса-да, Аллоҳдан нимаики сўрасангиз, Аллоҳ сизга беришини биламан». 23  Исо жавобан: «Акангиз тирилади»,— деди. 24  Марта эса: «Биламан, охирги кунда, ўлганлар ҳаётга қайтган пайтда тирилади»,— деб айтди. 25  Исо унга деди: «Мен тирилиш ва ҳаётдирман. Менга ишонган киши ўлса ҳам, яна ҳаётга қайтади. 26  Яшаётган ва менга ишонган ҳар қандай киши ҳеч қачон ўлмайди. Сиз бунга ишонасизми?» 27  «Ишонаман, Ҳазрат,— деди Марта,— сиз дунёга келиши керак бўлган Худонинг Ўғли — Масиҳсиз». 28  Ушбу сўзларни айтгач, у синглиси Марямни чақиргани борди. Ҳеч кимга билдирмасдан унга: «Устоз шу ерда, сени чақиряпти»,— деб айтди. 29  Буни эшитган Марям дарров ўрнидан турди-да, унинг олдига югуриб кетди. 30  Исо ҳали қишлоққа кирмаганди. Ҳали ҳам Марта уни қаршилаган жойда турган эди. 31  Тасалли бериш ниятида келган ҳамда уйда Марям билан бирга бўлган яҳудийлар, унинг тезда ўрнидан туриб кетганини кўриб, орқасидан эргашишди. У қабр бошига йиғлагани кетяпти, деб ўйлашди. 32  Марям Исо турган ерга етиб келиб уни кўрди-ю, оёқларига ўзини ташлаб, унга деди: «Ҳазрат, шу ерда бўлганингизда эди, акам ўлмасди». 33  Марям ва у билан келган яҳудийларнинг йиғлаётганини кўргач, Исо руҳан эзилиб, чуқур хўрсинди. 34  Сўнг улардан сўради: «Уни қаерга қўйдингизлар?» Улар: «Ҳазрат, юринг кўрсатамиз»,— деб жавоб беришди. 35  Исонинг кўзидан ёш оқди. 36  Шунда яҳудийлар: «Қаранглар, уни қанчалик яхши кўрар экан-а!» — дейишди. 37  Аммо улардан айримлари: «Кўрнинг кўзларини очган бу киши, наҳотки унинг ўлмаслиги учун чора кўролмаган бўлса?» — деб айтишарди. 38  Исо яна чуқур хўрсинди-да, қабр бошига келди. Қабр бир ғор бўлиб, унинг оғзига тош қўйилган эди. 39  Исо: «Тошни юмалатинглар!» — деди. Марҳумнинг синглиси Марта унга: «Ҳазрат, у ҳидланиб қолган бўлса керак, ахир қабрга қўйганимизга тўрт кун бўлди-ку»,— деб айтди. 40  Исо унга деди: «Агар ишонсангиз, Худонинг улуғворлигини кўрасиз, демаганмидим?» 41  Тошни олиб қўйишгач, Исо кўзларини осмонга тикиб, шундай деди: «Ота, мени эшитганинг учун Сендан минннатдорман. 42  Мени доимо эшитишингга аминман-у, лекин атрофимдаги одамлар мени Сен юборганингга ишонишлари учун буни айтдим». 43  Бу сўзларни айтгач, Исо баланд овозда: «Лазар, ташқарига чиқ!» — деди. 44  Шунда оёқ-қўллари кафан билан ўралган, жағи эса рўмол билан боғланган жасад чиқиб келди. Исо уларга: «Юра олиши учун кафанини ечинглар»,— деб айтди. 45  Марямнинг олдига келган кўп яҳудийлар буни кўриб, Исога ишонишди. 46  Улардан баъзилари Исонинг қилган ишини фарзийларга етказишди. 47  Бундан кейин бош руҳонийлар ва фарзийлар Олий Кенгашни* йиғиб, шундай дея бошлашди: «Нима қилсак экан? Ахир бу одам кўп мўъжизалар яратяпти-ку! 48  Агарда буни шундайлигича қолдирсак, ҳамма унга ишонади. Шунда римликлар келиб, жойимизни* ҳам, халқимизни ҳам босиб олади». 49  Улардан бири, ўша йили олий руҳоний бўлган Каяфа сўз очиб деди: «Сизлар ҳеч нарсани англамаяпсизлар. 50  Бутун миллат ҳалок бўлганидан кўра, битта киши халқ учун ўлиши сиз учун яхшироқ эканини ўйламадингизми?!» 51  Бу сўзларни эса у ўзидан айтгани йўқ. У ўша йили олий руҳоний бўлгани сабабли, Исонинг халқ учун ўлиши кераклигини башорат қилди. 52  Исо аслида халқ учунгина эмас, балки Худонинг тарқоқ фарзандларини бирга йиғиш учун ҳам ўлиши керак эди. 53  Ўша кундан бошлаб, улар Исони ўлдиришга келишиб олишди. 54  Шу боис Исо яҳудийлар орасида очиқчасига юрмайдиган бўлди. У саҳро яқинидаги Эфрайим номли шаҳарга кетди ва ўша ерда шогирдлари билан қолди. 55  Бу орада яҳудийларнинг Фисиҳ байрами яқинлашган эди. Мамлакатнинг турли ерларидан одамлар, қоидага кўра, байрамдан олдин покланиш учун Қуддусга келишарди. 56  Улар Исони излай бошлашди ва маъбадда туриб бир-бирларига: «Нима деб ўйлайсизлар, у байрамга келармикин?» — дейишарди. 57  Бош руҳонийлару фарзийлар уни тутиб олиш учун: «Кимда-ким унинг қаердалигини билиб қолса, бизга хабар берсин»,— деб буюришди.

Изоҳлар

Юнонча «Синедрион». Луғатга қ.
Яъни маъбадни.