Асосий материалларга ўтиш

Қўшимча менюга ўтиш

Мундарижага ўтиш

Яҳованинг Шоҳидлари

ўзбекча

Онлайн Муқаддас Китоб | МУҚАДДАС КИТОБ — ЯНГИ ДУНЁ ТАРЖИМАСИ 2013 йил нашрига қаранг

Юҳанно 1:1–51

1  Азалда Калом бор эди, Калом Аллоҳ билан эди ва Калом бир худо* эди.  У азалданоқ Худо билан бўлган.  Ҳамма нарса у орқали вужудга келган ва усиз ҳеч нарса бор бўлмаган.   Ҳаёт у орқали вужудга келган. Ҳаёт одамлар учун нур бўлган.  Нур зулматда порлаб туради, лекин зулмат уни қоплай олмайди.  Тангри томонидан юборилган бир инсон келди, унинг исми Яҳё эди.  У шоҳид сифатида — нур ҳақида шоҳидлик қилиш учун келди, токи у орқали турли одамлар ишонч ҳосил қилишсин.  У нур эмас эди, аммо нур ҳақида шоҳидлик бериши керак эди.  Турли инсонларга порлаётган чинакам нур ҳали дунёга келиши даркор эди. 10  У дунёда эди ва дунё у орқали пайдо бўлди, лекин дунё уни танимади. 11  У ўз халқи олдига келди, фақат халқи уни қабул қилмади. 12  Уни қабул қилганларга эса, унинг номига ишонганлари учун Тангрининг фарзанди бўлиш ҳуқуқи берилди. 13  Улар на қондан, на тана истагидан ва на инсон хоҳишидан туғилишган; улар Худонинг фарзандларидир. 14  Калом инсон бўлиб орамизда яшади ва биз унинг улуғворлигини — ягона ўғилнинг отадан олган улуғворлигини кўрдик. У иноят ва ҳақиқатга тўла эди. 15  (Яҳё у ҳақда шоҳидлик бериб, шундай дея хитоб қилди: «Ортимдан келаётган, мендан олдинга ўтди, чунки у мендан аввал бор эди».) 16  У иноятга тўла бўлгани учун, ҳаммамиз унинг иноятини доимо ўзимизда ҳис этардик. 17  Зеро Таврот қонуни Мусо орқали берилган эди, иноят ва ҳақиқат эса Исо Масиҳ орқали келди. 18  Одамлардан ҳеч ким ҳеч қачон Худони кўрган эмас, Отанинг бағридаги илоҳий зот бўлмиш ягона ўғил У ҳақда бизга айтиб берди. 19  Яҳудийлар Қуддусдан руҳонийлар ва левиларни юбориб, Яҳёдан: «Сен кимсан?» — деб сўрашганида, у жавоб беришдан бош тортмай: 20  «Мен Масиҳ эмасман»,— деб очиқ тан олди. 21  Шунда улар: «Унда кимсан? Илёсми?» — деб сўрашганида, у: «Йўқ»,— деди. «Балки Пайғамбардирсан?» — дея сўрашди. У яна: «Йўқ!» — деб жавоб берди. 22  Улар: «Ўзи кимсан? Бизни юборганларга нима деб жавоб беришимизни айт. Ўзинг ҳақингда нима дея оласан?» — дейишди. 23  Яҳё бундай жавоб берди: «Мен Ишаё пайғамбар айтганидай, “Яҳовага йўл ҳозирланглар”, дея саҳрода қичқираётганнинг садосиман». 24  Уларни эса фарзийлар* юборишганди. 25  Улар Яҳёдан яна сўрашди: «Сен на Масиҳ, на Илёс ва на Пайғамбар бўлсанг, унда нега халқни сувга чўмдириб юрибсан?» 26  Яҳё уларга жавобан шундай деди: «Мен одамларни сувга чўмдиряпман, аммо ораларингда сизлар билмайдиган бир кимса бор. 27  У ортимдан келяпти, лекин мен унинг чориғи ипларини ечишга ҳам муносиб эмасман». 28  Бу воқеалар Байтания ерида, Яҳё сувга чўмдирган Иорданнинг нариги қирғоғида содир бўлди. 29  Эртаси куни Яҳё, олдига келаётган Исони кўриб, деди: «Мана, дунёнинг гуноҳини бартараф этадиган Худонинг Қўзиси! 30  “Ортимдан келаётган, мендан олдинга ўтди, чунки у мендан аввал бор эди”,— деганим ана шудир. 31  Уни ўзим ҳам билмас эдим, лекин Исроил уни танисин, дея сувга чўмдиргани келдим». 32  Яҳё яна шундай шоҳидлик берди: «Муқаддас руҳ каптар сифатида осмондан тушиб, унинг устида қолганини кўрдим. 33  Уни ўзим ҳам билмас эдим, аммо одамларни сувга чўмдириш учун мени Юборган шундай деди: “Кимнинг устига руҳ тушиб, унда қолганини кўрсанг, ана ўша муқаддас руҳ ила Чўмдирувчидир”. 34  Мен уни кўрдим-у, мана бу — Худонинг Ўғлидир, деб шоҳидлик бердим». 35  Эртасига Яҳё яна иккита шогирди билан турганида, 36  Исонинг келаётганини кўриб шундай деди: «Мана, Худонинг Қўзиси!» 37  Иккала шогирд эса унинг гапини эшитиб, Исонинг орқасидан эргашишди. 38  Исо ўгирилди-ю, унинг орқасидан эргашиб келаётганларини кўриб: «Cизларга нима керак?» — деб сўради. Улар эса: «Раввий, («Устоз» маъносидадир) сиз қаерда турасиз?» — дея сўрашди. 39  Исо уларга жавобан: «Кетдик, кўрасизлар»,— деди. Улар бориб, қаерда турганини кўришди ва ўша куни у билан қолишди. Бу кундузи соат тўртларда* юз берди. 40  Яҳёнинг гапларини эшитиб Исонинг орқасидан эргашганлардан бири, Симун Бутруснинг укаси* Идрис эди. 41  Аввалига у акаси Симунни топиб, унга деди: «Биз Масиҳни («мойланган» дегани) топдик». 42  Уни Исонинг ҳузурига олиб келди. Исо унга қараб: «Сен Юҳаннонинг ўғли Симунсан. Энди сен Кифа* (юнонча Бутрус) деб ном оласан»,— деди. 43  Эртаси куни Исо Жалилага бормоқчи бўлди. У Филипни топиб унга: «Менинг издошим бўл»,— деди. 44  Идрис ва Бутрус каби Филип ҳам Байтсайда шаҳридан эди. 45  Филип Натанаилни топиб унга: «Мусо Тавротда баён этган ва пайғамбарлар ёзган Юсуф ўғли носиралик Исони топдик»,— деди. 46  Бироқ Натанаил унга: «Носирадан ўзи бирон яхшилик чиққанми?» — деб айтди. «Ўзинг бориб, кўргин»,— деди унга Филип. 47  Исо олдига келаётган Натанаилни кўрди-ю, у ҳақда: «Ана, ҳақиқий исроиллик, унда ҳечам айёрлик йўқ»,— деди. 48  Натанаил ундан сўради: «Мени қаердан биласиз?» Исо унга шундай деб жавоб берди: «Филип ҳали сени чақирмасидан олдин, анжир дарахти тагида ўтирганингни кўрган эдим». 49  Шунда Натанаил унга: «Устоз, сиз Худонинг Ўғли, Исроилнинг Подшоҳисиз»,— деб айтди. 50  Исо унга жавобан: «“Сени анжир дарахти тагида кўрдим”,— деганим учун ишоняпсанми? Сен бундан ҳам буюк ишларни кўрасан»,— деди. 51  Сўнг унга яна: «Ишонаверинг: осмон очилганини ва Аллоҳнинг фаришталари Инсон Ўғлининг* ёнига тушиб-чиқаётганини кўрасизлар»,— деди.

Изоҳлар

Ёки «илоҳий зот».
Луғатга қ.
Сўзма-сўз «чамаси ўнинчи соатда». Исо Масиҳ яшаган даврда кун қуёш чиқишидан бошлаб ҳисобланарди.
Юнончада Идрис Бутруснинг укаси ёки акаси экани аниқ кўрсатилмаган.
«Кифа» ёки «Бутрус» «қоятош», деган маънога эга.
Луғатга қ.