Мосламалар

Тилни танланг

Қўшимча менюга ўтиш

Мундарижага ўтиш

Асосий материалларга ўтиш

Яҳованинг Шоҳидлари

ўзбекча

Онлайн Муқаддас Китоб

МУҚАДДАС КИТОБ — ЯНГИ ДУНЁ ТАРЖИМАСИ

Римликларга 6:1-23

6  Хўш, бунга нима деймиз? Иноят мўл-кўл бўлиши учун гуноҳ қилаверишимиз керакми?  Ҳеч қачон! Биз гуноҳ учун ўлганмиз, энди яна гуноҳ қилиб яшаймизми?  Ахир барчамиз сувга чўмиб, Исо Масиҳ билан бирликда бўлиш учун унинг ўлимига шерик бўлганимизни* билмайсизларми?  Унинг ўлимига шерик бўлиш учун сувга чўмганимизда, биз у билан бирга дафн қилинганмиз. Масиҳ Отасининг улуғвор қудрати билан тирилганидек, биз ҳам янги ҳаёт кечиришимиз даркор.  Агар биз у каби ўлган бўлсак, демак у сингари тирилишимиз ҳам шубҳасиздир ва шу йўсин биз у билан бирликдамиз.  Бизга маълумки, гуноҳкор танамиз устимиздан ҳокимлик қилмаслиги ва бизлар бундан буён ҳам гуноҳнинг қуллари бўлмаслигимиз учун, эски ўзлигимиз у билан бирга азоб устунига михланган.  Чунки ўлган одам гуноҳдан озоддир.  Бундан ташқари, агар биз Масиҳ билан бирга ўлган бўлсак, у билан яшашимизга ҳам ишонамиз.  Масиҳ тирилиб, бошқа ўлмаслигини ҳамда ўлим унга ҳоким бўла олмаслигини биламиз. 10  Бошдан кечирган ўлим билан, у гуноҳни узил-кесил бартараф этди. Ҳозир эса у Худо учун яшамоқда. 11  Шундай қилиб, сизлар ҳам ўзингизни гуноҳ учун ўлик, аммо Исо Масиҳ воситасида Аллоҳ учун тирик деб ҳисобланглар. 12  Шу йўсин, тана истакларига тобе бўлмаслик учун, гуноҳ фоний таналарингизни бошқаришига йўл қўйманглар. 13  Тана аъзоларингизни ноҳақлик қуроли қилиб гуноҳга топширманглар, аксинча, тирилганлар сифатида ўзингизни ҳамда тана аъзоларингизни одиллик қуроли қилиб Худога топширинглар. 14  Гуноҳ сизларни бошқармасин, сабаби сизлар Таврот қонунининг ҳукми остида эмас, аксинча, иноятнинг ҳукми остидасизлар. 15  Хўш, бундан қандай хулоса? Биз Таврот қонунининг ҳукми остида эмас, аксинча иноятнинг ҳукми остида бўлганимиз учун гуноҳ қилаверамизми? Зинҳор! 16  Кимга қул сифатида итоат этсангиз, ўшанинг қули эканингизни билмайсизларми? Сизлар ё натижаси ўлим бўлмиш гуноҳнинг, ё натижаси одиллик бўлмиш итоаткорликнинг қули бўласизлар. 17  Лекин Аллоҳга шукроналар бўлсин, чунки сизлар гуноҳнинг қули эдингизлар, аммо Худо сизларга ишониб топширган таълимотга сидқидилдан риоя қилдингизлар. 18  Ҳа, сизлар гуноҳдан озод бўлиб, одиллик қулларига айландингизлар. 19  Номукаммал эканингиз* сабабли, одамларга таниш бўлган сўзлар билан гапиряпман: қонунсиз ишларни қилиш учун тана аъзоларингиз ифлослик ва қонунсизликнинг қули бўлганидек, энди эса муқаддас ишларни бажариш учун тана аъзоларингиз одилликнинг қули бўлсин. 20  Бир вақтлар гуноҳнинг қули бўлиб юрганингизда, одиллик устингиздан ҳукмронлик қилмасди. 21  Ўша пайтда қандай самара кўргансиз? У кездаги ишлардан ҳозир уялмоқдасизлар. Чунки уларнинг оқибати — ўлимдир. 22  Эндиликда эса гуноҳдан озод этилиб, Аллоҳнинг қулларига айланганингиз боис, самарангиз — муқаддас турмуш тарзи, унинг натижаси эса абадий ҳаётдир. 23  Зеро гуноҳнинг эвази — ўлим, Худонинг инъоми эса Ҳазратимиз Исо Масиҳ воситасида абадий ҳаётдир.

Изоҳлар

Сўзма-сўз «ўлимига чўмдирилганимизни».
Ёки «таналарингиз заиф бўлгани».