Мосламалар

Тилни танланг

Қўшимча менюга ўтиш

Мундарижага ўтиш

Асосий материалларга ўтиш

Яҳованинг Шоҳидлари

ўзбекча

Онлайн Муқаддас Китоб

МУҚАДДАС КИТОБ — ЯНГИ ДУНЁ ТАРЖИМАСИ

Римликларга 2:1-29

2  Шу сабабли эй инсон, сен ким бўлишингдан қатъи назар, агар бошқани ҳукм қилсанг кечирилишингга асос бўлмайди. Чунки сен бошқани ҳукм этиш билан ўзингни ҳукм қиласан. Ахир бошқани ҳукм эта туриб, ўзинг ҳам шу ишларни қиляпсан-ку.  Бизга маълумки, Худонинг ҳукми ҳақиқатга уйғун бўлиб, бу ишларни қилувчиларга қарши қаратилган.  Эй одам, бу ишларни ўзинг қила туриб, шундай ишлар билан шуғулланувчиларни ҳукм этсанг, Худонинг ҳукмидан қочиб қутуламан, деб ўйлайсанми?  Ёки Аллоҳнинг меҳрибонлиги сени тавба қилишга олиб келишини билмай, Унинг чексиз меҳрибонлиги, сабри ва узоқ сабрлилигига бепарвомисан?  Аммо сен ўз қайсарлигинг ва тавба қилмайдиган қалбинг дастидан ўзингга Худонинг қаҳрини тўплаяпсан. Аллоҳ Ўзининг адолатли ҳукм кунида ушбу қаҳрни сочади.  Ўшанда У ҳар бир одамни қилмишига яраша тақдирлайди:  яхши иш қилишда тинмай, шараф, улуғворлик ва чиримайдиган тана пайидан бўлганларга абадий ҳаётни ато этади.  Бироқ, баҳслашишни ёқтирадиган, ҳақиқатга бўйсунмай адолатсизликка итоат қиладиганларга эса қаҳр-ғазабини сочади.  Ёмонлик қилаётган ҳар бир кишининг*, аввало яҳудийнинг, кейин эса юноннинг бошига қайғу ва азоб-уқубат тушади. 10  Лекин яхшилик қилаётган ҳар бир кишига, аввало яҳудийга, кейин эса юнонга шараф, улуғворлик ва тинчлик бўлади. 11  Чунки Тангри юзхотирчиликдан холидир. 12  Шундай қилиб, Таврот қонунини билмай гуноҳ қилганлар, қонунни билмай ҳалок бўладилар. Аммо қонунни била туриб гуноҳ қилганлар қонун бўйича ҳукм қилинадилар. 13  Зеро, Аллоҳнинг олдида қонунни тингловчилар эмас, қонунни бажарувчилар одил деб эълон этилишади. 14  Таврот қонуни бўлмаган халқлар табиатан қонуний йўл тутишса, гарчи улар қонунни билишмаса-да, қалбларида қонун борлигини ўзлари учун исботлашади. 15  Шу орада бу кишиларнинг виждони ўзлари билан биргаликда гувоҳлик беряпти ва улар ўз фикрларида ўзларини гоҳ қоралайдилар, гоҳ оқлайдилар. Бу билан улар, Аллоҳ қонуннинг моҳиятини уларнинг қалбига ёзганини кўрсатмоқдалар. 16  Мен эълон қилаётган хушхабарга биноан, Худо Исо Масиҳ орқали инсонларни яширин ишлари учун ҳукм қилган пайтда, мен айтиб ўтган нарсалар ошкор бўлади. 17  Мана, сен яҳудий деб аталиб, қонунга таянасан ва Худо билан бўлган муносабатларинг билан фахрланасан. 18  Таврот қонуни асосида ўргатилганинг учун Тангрининг иродасини биласан ва муҳим аҳамиятга эга бўлган нарсаларни маъқуллайсан. 19  Шунингдек, ўзингни кўрларни етакловчи, зулматдагилар учун нур, 20  ақлсизларни тўғриловчи, гўдакларнинг устози ҳамда Таврот қонунидаги билим ва ҳақиқатнинг негизини тушунадиган, деб ҳисоблар экансан, 21  унда нега бошқаларга таълим бериб, ўзинг таълим олмайсан? «Ўғрилик қилма»,— деб ваъз қиляпсан-у, нимага ўзинг ўғрилик қиляпсан? 22  «Зино қилма»,— деб туриб, нега ўзинг зино қиляпсан? Бутлардан жирканаётганингни айтиб, нима учун бутхоналарни талаяпсан? 23  Таврот қонуни билан фахрланяпсан-у, нега унда қонунни бузиб, Аллоҳни бадном қиляпсан? 24  Муқаддас Ёзувларда айтилганидай: «Сизларнинг дастингиздан бошқа халқлар орасида Худонинг исми куфр қилинмоқда». 25  Сен Таврот қонунига риоя қилсанггина суннат фойда келтиради. Агар қонунни бузсанг, сенинг суннатинг суннатсизликка айланади. 26  Шу сабабли, агар суннатсиз киши Таврот қонунининг адолатли талабларига амал қилса, бу унга суннат қилинган каби ҳисобга ўтмайдими? 27  Шунда, болалигиданоқ суннат қилинмаган киши Таврот қонунини бажо келтириш билан сени — қонунлар китобига эга ҳамда суннат қилинган бўлишингга қарамай, қонунни бузаётган яҳудийни — ҳукм қилади. 28  Ахир асл яҳудий бўлиш ташқи кўринишни ўз ичига олмайди-ку. Худди шундай, танадаги суннат ҳам чинакам суннат эмас. 29  Аммо қалби яҳудий бўлган асл яҳудийдир ҳамда қонунлар китоби орқали эмас, балки муқаддас руҳ орқали қалбга қилинган суннат ҳақиқийдир. Бундай кишига одамлардан эмас, Аллоҳдан мақтовлар бўлсин.

Изоҳлар

Сўзма-сўз «ҳар бир кишининг жони».