Асосий материалларга ўтиш

Қўшимча менюга ўтиш

Мундарижага ўтиш

Яҳованинг Шоҳидлари

ўзбекча

Онлайн Муқаддас Китоб | МУҚАДДАС КИТОБ — ЯНГИ ДУНЁ ТАРЖИМАСИ 2013 йил нашрига қаранг

Матто 8:1–34

8  Исо тоғдан тушгач, орқасидан тумонат халойиқ эргашди.  Шу пайт унинг олдига бир мохов киши яқинлашди-да, тиз чўкиб: «Ҳазратим, сиз мени пок қила оласиз, фақат истасангиз бас»,— деди.  Шунда Исо қўлини унга теккизиб: «Албатта истайман. Пок бўлинг»,— деди. Мохов киши шу заҳотиёқ дардидан фориғ бўлди.  Сўнг Исо унга: «Бу ҳақда ҳеч кимга айтманг. Аммо бориб, Мусо пайғамбар буюргани бўйича қурбонлик келтиринг ҳамда ўзингизни руҳонийга кўрсатиб, соғайганингизни тасдиқлатинг»,— деди.  Исо Кафарнаҳум шаҳрига кирганида, бир юзбоши унинг олдига келди ва ёлвориб:  «Тақсир, хизматкорим уйда шол бўлиб, жуда қийналиб ётибди»,— деди.  Исо унга: «Мен бориб, уни соғайтираман»,— деб айтди.  Юзбоши унга жавобан шундай деди: «Тақсир, уйимга киришингизга мен нолойиқман. Бир оғиз сўз айтсангиз бас, хизматкорим соғайиб кетади.  Чунки мен ҳам ҳокимиятга тобе инсонман ва менинг ҳам қўл остимда аскарларим бор. Улардан бирига: “Кет!” — десам, кетади. Бошқасига: “Кел!” — десам, келади ва бирон хизматкоримга: “Шуни қил!” — десам, қилади». 10  Бу сўзларни эшитгач, Исо ҳайратда қолиб, орқасидан эргашиб келаётганларга шундай деди: «Ишонаверинг: бунчалик кучли имонни Исроилдаги ҳеч кимсада кўрмадим. 11  Лекин сизларга айтиб қўяй, шарқу ғарбдан кўплар келиб, Осмон Шоҳлигида Иброҳим, Исҳоқ ва Ёқуб билан бирга дастурхон атрофида ёнбошлашади. 12  Шоҳлик ўғиллари эса ташқарига, қоронғиликка отиладилар. У ерда йиғлаб, тишларини ғижирлатишади». 13  Бундан кейин Исо юзбошига: «Бораверинг. Сиз ишонгандай бўлсин»,— деди. Юзбошининг хизматкори шу ондаёқ соғайиб кетди. 14  Исо Бутруснинг уйига келганида, унинг қайнанаси иситмалаб ётганини кўрди. 15  Исо унинг қўлига тегиши биланоқ, иситмаси тушди ва аёл ўрнидан туриб, унга хизмат қила бошлади. 16  Кеч киргач, Исонинг олдига жинга чалинган кўп кишиларни олиб келишди. У жинларни бир сўз билан қувиб чиқариб, касалларни ҳам даволади. 17  Шу тариқа Ишаё пайғамбар орқали: «У бизнинг касалликларимизни кўтарди ва дардларимизни олиб кетди»,— деб айтилган сўзлар бажо бўлди. 18  Исо атрофидаги халойиқни кўриб, нариги томонга сузиб ўтишни буюрди. 19  Шу пайт бир уламо унинг ёнига келиб: «Устоз, сиз қаерга борсангиз, мен ҳам ўша ерга бораман»,— деди. 20  Бироқ Исо унга: «Тулкиларнинг уяси, қушларнинг ини бор, Инсон Ўғлининг* эса турар жойи ҳам йўқ»,— деб айтди. 21  Бундан сўнг шогирдларидан бири унга: «Ҳазратим, аввалига бориб отамни кўмиб келишимга ижозат беринг»,— деди. 22  Исо бўлса унга: «Менинг орқамдан юр. Ўликлар ўз ўликларини кўмсин»,— деб айтди. 23  Исо қайиққа ўтирганида, шогирдлари ҳам орқасидан қайиққа тушишди. 24  Тўсатдан денгиз қаттиқ мавж ура бошлаб, қайиқ тўлқинлар оғушида қолди. Исо ухлаётган эди. 25  Шогирдлар ёнига келиб, уни уйғотишди-да: «Ҳазрат, бизни қутқаринг, ҳалок бўляпмиз!» — дейишди. 26  Исо эса уларга: «Эҳ, имони сустлар, намунча қўрқмасангизлар?!» — деди-да, ўрнидан туриб, шамол билан денгизга дўқ урди. Шу заҳоти чуқур сукунат чўкди. 27  Шогирдлари: «Бу қандай одамки, ҳатто шамол ва денгиз унга бўйсуняпти-я?!» — дейишди. 28  Исо денгизнинг нариги томонидаги гадараликлар ўлкасига келганида, қабрлар орасидан жинга чалинган икки киши чиқиб, унга рўбарў бўлди. Улар шу қадар ваҳший эдики, ҳеч ким бу йўлдан ўта олмасди. 29  Бу иккови: «Эй, Худонинг Ўғли, бизда нима ишинг бор? Бизни муддатидан аввал қийнагани келдингми?» — дея ҳайқира бошладилар. 30  Улардан узоқроқда катта чўчқа подаси ўтлаб юрган эди. 31  Шунда жинлар Исога: «Агар бизни қувиб чиқармоқчи бўлсанг, унда чўчқа подасига юбор»,— деб ёлворишди. 32  Исо уларга: «Боринглар!» — деган эди ҳам, улар бу одамлардан чиқиб, чўчқа подасига кириб олдилар. Ўшанда чўчқаларнинг бари жарликдан денгизга сакраб, чўкиб ўлишди. 33  Чўчқабоқарлар эса қочиб шаҳарга боришди-да, ҳамма нарсани, шунингдек жинга чалинган кишилар билан нима юз берганини ҳам айтиб беришди. 34  Бутун шаҳар аҳолиси эса Исонинг қаршисига чиқди. Уни кўргач, юртларини тарк этишни ўтиниб сўрашди.

Изоҳлар

Луғатга қ.